Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ҚОН, СИЙДИК, МАЗИЙ ВА БОШҚАЛАРНИ ПОКЛАШ ҲАҚИДА

Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадиларки:
«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Биздан бирларимизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандоқ қилиш керак?»деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ишқайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадиларки:
«Бир аъробий туриб бориб, масжидга сийди. Бас, одамлар уни зажр қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Уни ўз ҳолига қўйинглар ва сийдиги устига бир челак сув қуйинглар. Албатта, сиз енгиллаштирувчи этиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи этиб эмас», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва:
«Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Икковлари катта нарсада азобланмаяптилар. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди. Бошқаси бўлса, чақимчилик қилиб юрар эди» , дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига айирдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Одамлар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шоядки, булар қуригунча икковларидан (азоб) енгиллатилса», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар. Бола у зотнинг кийимларига сийиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига септилар, ювмадилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир эмизикли гўдак келтирилди. У Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига сийиб қўйди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сув чақириб, унинг устидан қуйдилар», дедилар».
Муслим ривоят қилган.

Лубоба бинти ал-Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадиларки:
«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди. Мен:
«Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиз боланинг сийдигидан ювилади холос, ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилса бўлди», дедилар.
Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилган.

Абу Самҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиз боланинг сийдигидан ювилади. Ўғил боланинг сийдигидан (сув) сепилади», дедилар».
Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилишган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қиз боланинг сийдигини ювилади. Таом емайдиган ўғил боланинг сийдигига (сув) сепилади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Кўп мазийлик одам эдим. Қизларининг истиҳоласи учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашга уялар эдим. Бас, ал-Миқдод ибн ал-Асвадга буюрдим. У Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Закарини ювади ва таҳорат қилади», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадиларки:
«Мазийдан қийинчиликка учрар эдим. Унинг сабабидан кўп ғусл қилар эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У нарсадан таҳорат қилсанг сен учун етарли», дедилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ундан кийимимга теккани қандоқ бўлади?» дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кафтингга сув олиб туриб, кийимингнинг у теккан жойига сепсанг, кифоя қилади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадиларки:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қиладиган жойга келдилар ва менга учта тош олиб келишимни амр қилдилар. Бас, мен иккита тош топдим ва учинчисини ахтариб топа олмадим. Сўнгра бир тезак олиб, уни у зотга келтирдим. Бас, У зот икки тошни олдилар ва тезакни отиб юбордилар ва: «бу-чиқинди», дедилар».
Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши:
«Мен жунублик асарини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан ювиб қўяр эдим. У зот намозга кийимларидаги сувнинг хўли билан чиқар эдилар», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади, у киши:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан манийни яхшилаб уқалаб ташлар эдим. У зот ўша кийимда намоз ўқир эдилар», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёғга тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ва атрофидаги(ёғ)ни олиб ташланг-да, ёғингизни еяверинг», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Вақтики, сичқон ёғга тушса, агар у қотган бўлса, у(сичқон)ни ва атрофидаги(ёғ)ни олиб ташланг. Агар у суюқ бўлса, бас унга яқинлашманг», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг, ҳаммасини суюқликка ботирсин, сўнгра ташлаб юборсин. Чунки, унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Абу Довуд ҳам ривоят қилиб:
«ва албатта, у (пашша) дард бор қаноти ила сақланади», жумласини зиёда келтирган.

«Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Умму Саламага савол ила келиб:
«Мен этагимни узун қилиб, нопок жойларда юрадиган аёлман», деди. Умму Салама:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у (этак)ни кейин келган (ер) поклайди», деганлар», деди».
Абу Довуд, Молик ва Термизий ривоят қилишган.

Бани Абдул Ашҳаллик бир аёл:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бизнинг масжидга борадиган йўлимиз сассиқ. Бас, ёмғирда қолсак қандоқ қиламиз?» деди. У зот:
«Ўшандан кейин ундан покроқ йўл йўқми?» дедилар. Мен:
«Бор», дедим. У Зот:
«Ана ўша, буниси билан суришиб кетади», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, бирортангиз кавуши ила нопок нарсани босса, тупроқ унинг покловчисидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Қачонки, икки махсиси ила нопок нарсани босса, уларнинг покловчиси тупроқдир», дейилган.
Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, бирортангиз масжидга келса, назар солсин, агар кавушларида нопок ёки ифлос нарса кўрса, уни (ерга) артиб ташласин ва кавушлари ила намоз ўқийверсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио