Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

СУВЛАРНИНГ ҲУКМИ ҲАҚИДА

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз (кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар тегиб кетган сув ҳақида сўралди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди», дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув келтиришни сўрадилар. Унча катта бўлмаган кенг оғизли қадаҳда сув келтирилди. Унда озгина сув бор эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини унинг ичига солдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтдиларки «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг панжалари орасидан сув отилиб чиқишига қараб турар эдим. (Ўша сувдан) таҳорат қилганларни чамалаб кўрсам, етмиш билан саксоннинг орасида эдилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилишган.

Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар».
Бир ривоятда: «Сўнгра ундан таҳорат қилади» ва яна бошқа бир ривоятда: «Оқмас сувга сийишдан қайтардилар», дейилган экан.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга «фарақ» деб аталадиган мис идишдан ғусл қилар эдим», деганлар.
Яна бир ривоятда: «Икковимиз ҳам жунуб эдик», дейилган.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида эркак ва аёллар - ҳамма бир идишдан таҳорат қилар эди. Унга қўлимизни солиб олар эдик», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларидан бирлари бир катта тоғорада ғусл қилди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандан таҳорат ёки ғусл қилиш учун келдилар. У:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен жунуб эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сув жунуб бўлмайди», дедилар».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз жунуб ҳолида оқмас сувда ғусл қилмасин», дедилар. Биров:
«Эй, Абу Ҳурайра, қандоқ қилади?» деди. У:
«Ундан қўли билан олади», деди».
Муслим ривоят қилган.

Кабша бинти Каъаб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши айтадиларки:
«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг таҳоратига сув қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:
«Эй, биродаримнинг қизи, ажабланаяпсанми?» деди. Мен:
«Ҳа», дедим. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир, деганлар», деди».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши айтадиларки:
«Бемор бўлиб, ҳушсиз ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Бас, таҳорат қилдилар ҳамда таҳорат сувларидан менга септилар ва мен ҳушимга келдим. Сўнгра:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мерос кимга тегади? Менинг меросим «калола»га қолмоқда», дедим. Шунда мерос ояти нозил бўлди».
Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио