Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ҚАДРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ ҲАҚИДА

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга, албатта, раҳматим, ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф-табиат) ила туғилади. Бас ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвонинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам ва Мусо алайҳиссаломлар Роббилари ҳузурида тортишиб қолдилар. Бас тортишувда Одам Мусодан ғолиб келди. Мусо:
«Аллоҳ сени Ўз қўли билан яратган, ичингга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарни сенга сажда қилдирган, сени жаннатига жойлаган, сўнг ўз хатойинг ила одамларни ерга тушурган. Одам сенмисан?» деди.
Шунда Одам:
«Аллоҳ сени Ўз пайғамбарлиги ва каломи ила танлаб олган, ичида ҳар бир нарсанинг баёни бор лавҳларни берган ва муножот учун Ўзига яқинлаштирган Мусо сенмисан? Аллоҳ Тавротни менинг халқ қилинишимдан қанча олдин ёзган деб билдинг?» деди.
«Қирқ йил» деди Мусо.
«Унда, Одам Роббисига исён қилди ва адашди, деганини кўрдингми?» деди Одам.
«Ҳа», деди Мусо.
«Сен менга Аллоҳ таоло мени яратишидан қирқ йил олдин ёзиб қўйган амални қилганимни маломат қиласанми?» деди Одам.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Бас, Одам тортишувда Мусодан ғолиб келди», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У киши айтадиларки:
«Бизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар:
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға(чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима; ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳи маъбуд йўқ зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қиладида, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Имом Молик ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Қурайш мушриклари қадар ҳақида тортишиб келганларида, «Улар юзтубан дўзахга судраладиган кунларида, «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар билан яратдик» ояти нозил бўлди».
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилган.


Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан эллик йил олдин ёзди» дедилар».
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдиларки:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аҳли жаннат ва Аҳли дўзахлар билинганми?» дейилди.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», дедилар.
«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса иймоннинг аслидир; «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз. Жиҳод Аллоҳ мени юбрганидан бошлаб, то бу умматнинг охири Дажжол билан уруш қилгунча бардавомдир. Уни жабр қилувчининг жабри, одилнинг адолати ботил қила олмас. Ва қадарларга иймон келтириш», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғлига:
«Эй ўғлим! Сен то, ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса Қаламдир. У зот унга:
«Ёз», деди.
«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди, деганларини эшитганман.
Эй ўғлим! Албатта, мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса мендан эмас», деганларини эшитганман», деган».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди; Албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, мен Аллоҳнинг Расулиману, У зот мени ҳақ ила юборганига шаҳодат беради. Ўлимга иймон келтиради. Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтиради. Қадарга иймон келтиради», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, Аллоҳ бандага бирор ерда ўлмоқни қазо қилган бўлса, унинг учун ўша ерда бир ҳожатни қилиб қўяди», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қадария ушбу умматнинг мажусийларидир. Агар улар бемор бўлсалар, кўргани борманглар, ўлсалар, ҳозир бўлманглар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, улардан нарса сўраманглар», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Ибн Умарга:
«Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди; Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Ва гапирувчи уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда у:
«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўй, Ибн Умар, албатта, улардан безордир. Улар ҳам ундан безордирлар. Абдуллоҳ Ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа айланиб қолиш ёки осмондан бўладиган тошбўронга учраш, аҳли қадардадир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
 «Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиа ва Қадария», дедилар».
Термизий ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио