Жавомеъул калим

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Яширин ва очиқ гуноҳ

"Яширин қилинган гуноҳ (хато) ишларнинг зарари эгасигагина бўлади, аммо шу гуноҳлар очиқ қилиниб, қудратлари бор одамлар қайтаришмаса, у вақтда бу гуноҳларнинг зарари эгасигагина эмас, балки бошқаларга ҳам умумий бўлади, (яъни, тарқалиб кўпайиб кетади)".

Шарҳи: Гуноҳ иш ёйилган пайтида ҳар бир қодир киши ундан қайтаришга тиришиши лозимдир. Агар бирон гуноҳдан қайтаришга қодир одамлар қудратлари даражасида у гуноҳ ишларнинг олдини олишга, уларни камайтиришга ҳаракат қилишмаса, тошбағир бўлиб тураве-ришса, бу гуноҳларга рози бўлган ва унга иштирок этган ҳисобланишади.
Шу жиҳатдан гуноҳни қилаётган ҳам, уни бу ишдан қайтармай турган киши ҳам гуноҳкордир.
"Солиҳ пайғамбарнинг туясини бир ёки икки киши ўлдиргани ҳолда Аллоҳ таоло нима учун бутун қавмни ҳалок этди?" деб сўраганларга Ҳасан Басрий: "Чунки бошқалар шунга рози бўлиб турганлар", деб жавоб берганлари ривоят қилинган.
Имом Термизий Абу Бакр Сиддиқдан (р.а.):
"Халқлар кўриб туриб золимга ихтиёрни берсалар, унинг қўлларини қисқартириш чорасини кўрмасалар, Аллоҳнинг азоби уларнинг ҳаммаларига бўлиши мумкин" ("Жомеъ", I жузъ, 39-бет), мазмунида ҳадис ривоят қила-ди. Қуръони каримдаги:
«Эй мўминлар, ўзингизни билингиз (яъни, гуноҳлардан сақланингиз)!  Модомики  Ҳақ  йўлни   тутган  экансизлар, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида сураси, 105-оят), дейилган фармон зулмга, бузуқликка қарши курашгандан кейингина юзага келади. Яхши ишга буюриш ва ёмон ишдан қайтариш қодир кишиларга лозимдир.
«Сизлардан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга (Аллоҳ ва Пайғамбари буюрган яхши амалларга) буюрадиган ва мункардан (исён-гуноҳдан) қайтарадиган бир уммат (барпо) бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ол-и Имрон сураси, 104-оят).
Фарз ўринларда яхшиликка буюриш ва ёмонликлардан қайтариш фарздир. Мустаҳаб ўринларда эса, мустаҳабдир.
Амри маъруф ва наҳйи мункар учун қуйидаги нарсалар шарт:
1. Илмли бўлиш. Илмсиз киши ўзи пуюраётган нарсанинг шариат нуқтаи назаридаги ҳукмини билмайди, натижада катта хатога йўл қўйиши, ўртада жанжал ва нотўғри тушунчаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
2. Тақводор бўлиш. Фосиқ ва эътиборсиз кишиларнинг эл ўртасида ҳурматлари бўлмагани сабабидан уларнинг сўзлари ҳам кўп самара бермайди.
3. Гўзал хулқли бўлиш. Хулқи гўзал бўлмаган, хусусан асабий одамлар амри маъруф ва наҳйи мункарга шариат томонидан қўйилган тартибларни бузиб, одамларни йўлдан адаштиришлари мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло Фиръавн ҳузурига бораётган Мусо ва Ҳорун пайғамбарларга (а.с.) қарата айтган:
«Бас, (эй Мусо ва Ҳорун,) сизлар унга (Фиръавнга) юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса!» (Тоҳа сураси, 44-оят) деган ушбу сўзида яхшилик билан боришнинг улуғ бир рукнини таълим берган.
4. Шахсий ўчини олиш ниятида амри маъруф ва наҳйи мункар исмидан фойдаланмаслик лозим. Акс ҳолда, унинг иши амри маъруф ва наҳйи мункар эмас, балки бу буйруқ ва қайтаришларни суиистеъмол қилишдир. Шунга кўра, шахсий манфаатини кўзлаб бировни амри маъруф ва наҳйи мункар билан буюриш Исломда жиноятдир.
Бу хусусда машҳур ҳикоя бор.
Бир жойда халқ бир дарахтга ибодат қилар эдилар. Обидлардан бири ғайратга келиб болта олди-да, ўша дарахтни кесиш учун йўлга чиқди. Йўлда обидга иблис йўлиқди ва бу ишдан тўсмоқчи бўлди. Обид билан иблис оғзаки тортиша-тортиша, охири муштлашиб кетишди. Обид иблисни кўтариб ерга урди-да, кўкрагига миниб олди ва белидан болтасини олиб, бошини узишга ҳозирланди. Ўзининг енгилганини сезган иблис турли баҳоналар келтириб Обидга ялина бошлади: "Мени бу гал озод қил, дарахтни ҳам кесма, ҳар куни сенга бир олтин бериб туришга ваъда бераман. Кечга томон намоз ўқиб бўлганингдан кейин жойнамозингнинг бир четини озгина кўтарсанг, бир олтин топасан. Бу ҳол ўлгунингча давом этади", деди. Бу сўз обидга маъқул келиб. иблисни қўйиб юборди. Кечга юмон намозини ўқиб бўлганидан сўнг, жойнамозининг бир четини кўтарса, ҳақиқатда олтин турибди. Қанча кун шу ҳол давом этди, сўнг эса олтин бўлмай қолди. Олтиндан умид узган обид яна дарахтни кесишга қасд қилиб йўлга чиқди. Бу гал ҳам иблис учраб аввал баҳслашишди, кейин эса муштлаша бошлашди. Бу сафар иблисга Обиднинг кучи етмади. Иблис уни кўтариб ерга урди ва кўкрагига миниб ўтирди. Обид бу ишга таажжубланиб: "Аввалги сафарда сен менга бас кела олмаган эдинг, бу дафъа мен сенга бас кела олмадим, бунда қандай ҳикмат бор экан?" деб сўради. Бунга жавобан иблис: "Бунинг сабаби маълум, сен аввалги сафар Аллоҳнинг розилиги учун ва дин йўлида ғайрат этиб йўлга чиққан эдинг. Шунинг учун у вақтда сенга бас келиб бўлмас эди. Бу сафар олтинни деб, шахсий фойдангни кўзлаб чиқдинг. Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган йўлда юрдинг, шунинг учун Аллоҳ таоло сенга ёрдам қилмади!" деди.
Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш тартиблари, қоидалари ахлоқ китобларида етарли даражада келтирилган. Биз ҳам уч юзинчи ҳадиси шариф шарҳида бир оз сўзласак керак.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио