Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Йигирма иккинчи ҳадис - Жаннат йўли

 

عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَجُلا سَأَلَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: أَرَأَيْتَ إِذَا صَلَّيْتُ الصَّلَوَاتِ الْمَكْتُوبَاتِ، وَصُمْتُ رَمَضَانَ، وَأَحْلَلْتُ الْحَلالَ، وَحَرَّمْتُ الْحَرَامَ، وَلَمْ أَزِدْ عَلَى ذَلِكَ شَيْئًا، أَ أَدْخُلُ الْجَنَّةَ؟ قَالَ: "نَعَمْ". (رواه مسلم).

Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Айтинг-чи, мен фарз намозларини ўқисам, Рамазон рўзасини тутсам, ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб билсам ва бошқа ҳеч бир амални зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?
- Ҳа! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Журжоний ёзадилар: “Мазкур ҳадис дини Исломда улкан ўрин тутади. У диннинг барча қисмини ўзида жамлаган. Чунки амаллар қалбий ва баданий бўлади. Ҳар иккисининг ичида ҳам рухсат берилгани ва ман этилгани мавжуд. Модомики, банда ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилар экан, демак у барча вазифаларни адо этади ва шу тариқа жаннатга киради”.
Ҳадисдаги савол сўраган саҳобийнинг исмлари Нўъмон ибн Қавқал Хузоийдир. У киши Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашганлар ҳамда Уҳудда шаҳид бўлганлар. Уҳуд куни Нўъмон разияллоҳу анҳу:
- Эй иззат эгаси бўлган Раббим! - деган эдилар. - Мен Сенинг номингга қасам ичиб айтаманки, қуёш ботгунга қадар мана шу оқсоқ оёғим билан жаннат майсаларини босиб юраман.
Нўъмон разияллоҳу анҳу шаҳид бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нўъмон Аллоҳ азза ва жалла ҳақида яхши гумонда бўлди. У Аллоҳни ўзининг хайрли ўйида топди. Мен Нўъмоннинг чўлоқ бўлмаган ҳолда жаннат майсаларини босиб юрганини кўрдим”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун оламларга раҳмат қилиб юборилганлар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам башариятни оқибати дўзах бўлган залолат зулматидан қутқариб, жаннатга боришнинг очиқ ва енгил йўлига бошламоқ учун бутун оламларга раҳмат этиб юборилганлар. Аллоҳ таоло жаннат йўлини маълум ҳад-ҳудудлар билан белгилаб қўйди ва айни чегараларга риоя этган ҳолда юришни буюрди. Ана шу тартибга бўйсунган бандалар ўз мақсадларига етишадилар. Қарши чиққанлар эса жаҳаннам қаърига қулайдилар. Албатта Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралар инсон тоқатидан ташқарида эмас. У Зот ҳамиша бандаларига енгиллик беришни истайди. Уларга оғирликни раво кўрмайди. Мазкур ҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини ўрганган кишилар кўз ўнгида очиқ-ойдин намоён бўлади.

2. Жаннат талабида ҳаракат қилмоқ
Жобир разияллоҳу анҳу жаннатга муҳаббатли бир мўмин ҳақида ҳикоя қилдилар. Улуғ саҳоба ўзининг суюкли Пайғамбарини кенглиги осмонлар ва ер қадар бўлган, тақводор зотлар учун ҳозирлаб қўйилган жаннат талабида саволга тутди. Жаннат боғларига бошловчи йўлни кўрсатишларини ўтинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг талабини бажо келтирдилар.
Саҳобаи киромлар турли муносабатларда ушбу саволни ҳар хил услублар билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бот-бот сўрашган:
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Мени жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида сўзлаб беринг!
- Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қил, намозни тўкис адо эт, закот бер ва қариндош-уруғларинг билан алоқани узма! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мени жаннатга яқинлаштириб, дўзахдан узоқлаштирадиган амал ҳақида хабар беринг, мен ўша амални қиламан”. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят этган “Саҳиҳайн”даги ҳадис ҳам юқоридаги мазмунни такрорлаган. Фақат унда “Яқинларинг билан алоқа қил” лафзи ўрнига “Рамазон рўзасини тут!” дейилган.
Ибн Мунтафиқ разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда турганларида ёнларига бордим ва:
- Ё Расулуллоҳ! Сиздан икки нарса ҳақида сўрайман: Мени дўзахдан нима асрайди ва нима жаннатга киргизади? - деб савол бердим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
- Саволинг қисқа бўлса-да, сўраган нарсанг жуда улкан ва унга олиб борувчи йўл жуда узоқ! Энди, яхшилаб қулоқ сол: Аллоҳга ҳеч нарсани шерик этмасдан, холис ибодат қил, фарз намозларни комил адо эт, фарз бўлган закотни адо эт ва Рамазон рўзасини тут. Одамларнинг сенга қандай муомала қилишларини истасанг, ўзинг ҳам уларга шундай муомалада бўл. Сенга нисбатан қилишларини истамаган муомаладан бошқаларни ҳам халос эт. (Аҳмад ривоятлари).

3. Фарзларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмоқ нажот гаровидир
Нўъмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
- Агар мен фарз намозини ҳеч қолдирмасдан ўқиб борсам...
“Албатта намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди”. (Нисо сураси, 103-оят).
- Рамазон ойида барча қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда рўза тутсам...
“...Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва Фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”. (Бақара сураси, 185-оят).
- Сўнгра ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилиб ва ҳаромдан четланиб фақат ҳалол ишларгагина қўл урсам-у... бошқа мустаҳаб-нафл амалларни бажара олмасам, айрим макруҳ ишлардан ўзимни тўхтата олмасам... Жаннатга кираманми?... Бор-йўғи шугина амалим менинг Аллоҳ ҳузурида нажот топишимга ва энг катта орзу-умидим бўлган жаннатга киришимга кифоя қиладими? Ҳеч қандай азоб ёхуд жазога дучор бўлмасдан, Аллоҳга яқин солиҳ бандалар ва пешқадамлар қаторида тураманми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган жавоб содиқ саҳобийнинг қалбини қувончга тўлдирди. Нўъмон разияллоҳу анҳу дилларига ором бағишлайдиган, кўнгилларини тўқ қиладиган жавобни эшитдилар: “Ҳа!”
Яъни юқорида санаб ўтган амалларинг сенинг жаннатийлар қаторидан жой олишингга кифоя қилади. Қандай қилиб ҳам “Йўқ!” жавоби эшитилсин?! Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорлари номидан қуйидаги сўзларни айтганлар-ку: “Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилувчилар Мен фарз этган амалларни адо этишдек нарса билан яқинлик ҳосил этмайдилар”. (Ҳадиси қудсий. Бухорий ривоятлари).
Эй, ўз лафзида содиқ бўлган мўмин! Аллоҳ таолонинг ушбу хушхабари билан шодланинг: “(Мўминлар) Аллоҳнинг ҳудудларини муҳофаза қилувчилардир. Бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!” (Тавба сураси, 112-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш вақт намозни ўқийдиган, Рамазон рўзасини тутадиган, закот чиқарадиган ва етти гуноҳи кабирадан сақланадиган ҳар бир банда учун жаннат эшиклари очилади. У хоҳлаган эшикдан жаннатга киради”. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил-жаннатга киргизурмиз!” (Нисо сураси, 31-оят. Мазкур ҳадисни Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар).
Бу ҳақда яна бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин.
Етти гуноҳи кабира қуйидагилардир:
1. Зинокорлик;
2. Ароқхўрлик;
3. Сеҳр қилиш;
4. Покизалик билан танилган инсонни зинокорликда айблаш;
5. Бир жонни қасдан ўлдириш;
6. Судхўрлик;
7. Ислом душманлари қаршисида жанг майдонини ташлаб қочмоқ.
Ҳадиси шарифларда бошқа гуноҳи кабиралар ҳам зикр этилган. Валлоҳу аълам.

4. Ислом енгиллик динидир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ердаги жавоблари, шунингдек, бошқа ҳадислар ҳам, Исломда ҳараж-танглик йўқ эканлигига очиқ далилдир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари машаққатни юкламайди. “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара сураси, 185-оят). “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмайди”. (Бақара сураси, 286-оят). “(Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик пайдо қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
Шариатдаги барча буйруқлар инсон тоқати доирасида бўлиб, улар енгиллик асосига барпо қилинган. Чунки Ислом аҳкомлари Меҳрибон, Билгувчи ва Хакийм Зот бўлган Аллоҳ таоло томонидан жорий этилгандир. Шу боис, оқил инсонлар дунёю Охират саодатига эришмоқ йўлида шариат буйруқларига тўла-тўкис қулоқ тутадилар.

5. Мўминнинг ростгўйлиги ва самимийлиги
Нўъмон разияллоҳу анҳу тили ҳам, қалби ҳам очиқ бўлган содиқ мусулмоннинг ажойиб намунасидирлар. Улар ўзларини тақводор қилиб кўрсатишга уринмадилар, қилмайдиган ёхуд қила олмайдиган ишлари ҳақида лоф урмадилар. Нўъмон - нажот ва боқий муваффақият талабида юрган инсон. У зот мақсадларига олиб борувчи омилларни бажаришга ҳозиру нозирдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга “Ҳа” деб жавоб берганларидан сўнг улуғ саҳобийнинг ростгўйлиги ва очиқлиги янада равшанроқ намоён бўлди.
- Аллоҳга қасамки, - дедилар Нўъмон разияллоҳу анҳу, - мана шу амалларга зиёда ҳеч нарса қўшмайман!
Аллоҳ таоло розилигига У Зот фарз этган қулай амалларни бажариш билан эришилади. Бинобарин, шариат аҳкомлари содиқ мўминларга қулайдир. Аллоҳ таоло шариатни улар учун ўнғай қилиб қўйган. Парвардигор қалбларига муҳр босиб қўйган бадбахт кимсалар учун эса Ислом фақат оғир машаққатлардан иборат бўлиб туюлади. “Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар! Албатта намоз ўқиш оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишлари ва шубҳасиз Унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга оғир эмасдир”. (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
Қалблари иймон нури билан мунаввар бўлган, мунофиқлигу мақтанчоқликдан мутлақо пок ва шариат аҳкомларининг қадр-қимматини яхши биладиган чин мўминлар томонидан юқоридаги очиқ эътироф кўп бора такрорланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳамиша уларга бир хил жавоб берганлар.
Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир аъробий - Зимом ибн Саълаба разияллоҳу анҳу келиб, у зотдан намозлар хусусида сўради.
- Беш вақт намоз! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Булардан бошқа фарз намозлари ҳам борми? - сўради саҳройи араб.
- Йўқ. Магар хоҳишинг бўлса, нафл намозлар ўқишинг мумкин.
Саҳобий бошқа фарзлар ҳақида сўраб-суриштирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга фарзларни баён қилиб бердилар.
- Менинг зиммамда бундан ташқари вожиботлар ҳам борми?
- Йўқ! Магар хоҳишинг бўлса, нафл ибодатларни адо этишинг мумкин!
- Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга фарз этган нарсалардан ортиқча ҳеч нарсани ихтиёр этмайман ҳам, улардан ҳеч нарсани олиб ташламайман ҳам! - деди-да, Зимом ибн Саълаба разияллоҳу анҳу кетди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийнинг орқасидан:
- Агар у сўзида содиқ бўлса, нажот топди! - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
“Саҳиҳи Муслим”да охирги сўз қуйидагича ворид бўлган: “Агар у ўзига буюрилган нарсаларни маҳкам тутса, жаннатга киради”.
“Саҳиҳайн”даги бир ривоятда эса бундай дейилган: “Кимда-ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқни истаса, унга қарасин!”

6. Закот ва ҳаж - Исломнинг икки фарзи
Закот Ислом арконларидан саналиб, динда унинг ўрни ва аҳамияти жуда улкандир. “Уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг”. (Тавба сураси, 103-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб бундай дедилар:
- Айтгинки, Аллоҳ уларга закотни фарз этди. У бойлардан олиниб, фақир-бечораларга қайтарилади! (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Байтуллоҳга ҳаж қилиш ҳам худди шу мақомда туради. “Йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш вазифаси бордир”. (Оли Имрон сураси, 97-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эй инсонлар! Аллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз этди. Ҳаж қилинглар! (Муслим ривоятлари).
Ушбу икки рукнни адо этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон уларга қаттиқ эътибор бермоғи лозим. Чунки мазкур фарзлар мукаллаф банданинг дўзахдан омонлик топиб, жаннатга киришида асосий шартлардан ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Мунтафиқнинг саволига жавоб бериб шундай дедилар (Ибн Мунтафиқ “Мени жаннатга нима олиб киради?” деб сўраган эдилар):
- Аллоҳдан қўрқ, Унга ҳеч нарсани шерик қилма, намозни тўкис адо эт, закот бер, Байтуллоҳни ҳаж қил ва Рамазон рўзасини тут! (Аҳмад ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нўъмон разияллоҳу анҳуга закот ва ҳаж хусусида ҳеч нарса демадилар. Буни қуйидаги шарҳларнинг бири билан изоҳлаш мумкин:
а) У пайтда закот ва ҳаж фарз қилингани йўқ эди.
б) Нўъмон камбағал одам бўлганлари боис, закот ва ҳажга қодир эмасдилар. Бинобарин, уларга мукаллаф ҳам эмасдилар.
в) Саҳобийнинг “ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билсам”, деган сўзларининг умумий маъноси закот ва ҳажни ҳам қамраб олади. Чунки юқоридаги сўзни айтган киши барча фарз амалларни адо этиб, жами мункар ишларни тарк қилмоғи лозим эди. Закот ва ҳажни адо этмоқ ҳалол-фарз, уларни тарк қилмоқ эса ҳаром-мункар ишдир.

7. Намоз ва рўзанинг аҳамияти
·        Намоз
Сўровчи саволини айнан намоздан бошлади. Бу нарса саҳобийларнинг намоз масаласини нечоғлик муҳим санашганини кўрсатади. Қандай қилиб унинг аҳамияти бўлмасин, ахир намоз диннинг асоси ва мусулмонликнинг аломати-ку?! Мўминлар бир кеча-кундузда беш вақт намозни барча одобу суннатлари билан тўлиқ адо этадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бу ишнинг боши Исломдир. Исломни қабул қилган киши саломат қолади. Унинг асоси эса намоздир. Чўққиси - Аллоҳ йўлидаги жиҳод!” (Табароний ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган жонлиғимизни еса, у Аллоҳ ҳамда Пайғамбар ҳимоясидаги мусулмондир”. (Бухорий ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар масжидларга қатнашни канда қилмайдиган кишини кўрсангиз, унинг иймонли эканига гувоҳлик берингиз!” (Термизий ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Намози йўқ кимсанинг дини йўқ! Дини Исломда намознинг тутган ўрни бамисоли танадаги бошнинг ўрни кабидир”. (Табароний ривоятлари).
·        Бенамоз кимсанинг ҳукми
Ҳадиси шарифларда намозни тарк қилмоқ куфр ёхуд куфрга олиб борувчи восита сифатида баҳоланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши билан куфр ўртасида намозни тарк этмоқ туради”. (Муслим ривоятлари); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биз билан улар ўртасидаги аҳд намоздир. Кимда-ким уни тарк қилса, куфр келтирган бўлади”. (Аҳмад ва “Сунан” соҳиблари ривояти).
Абдуллоҳ ибн Шақиқ Уқайлий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари амаллар ичида фақат намозни тарк этишни куфр деб билардилар”. (Термизий ва Ҳоким ривоятлари).
Юқорида келтирилган шаръий далилларга асосланиб, намозни тарк қилган кимсанинг ҳукмини билишимиз мумкин. Банданинг нима учун ва қайси эътиқод билан намоз ўқимаслигига қараб мазкур ҳукмлар турлича бўлади.
а) Намознинг фарзлигини ва асосий ибодатлардан бири эканини инкор этиб, намозни тарк этган кимса билиттифоқ кофир ва муртад ҳисобланади. У мусулмонлик даъвосини қилиб, Исломнинг бошқа амалларини адо этса ҳам, модомики юқоридаги эътиқодидан воз кечмаса, мўмин бўлмайди. Уни тавбага чақирилади, агар шунда ҳам бу гумроҳликдан қайтмаса, ўлимга ҳукм қилинади. Бундай равишда қатл қилинган кишига муртад муомаласи қўлланади: унинг жасади ювилмайди, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва унга нисбатан мерос олиш-бериш ҳукми юргазилмайди.
б) Бироқ намознинг фарзлигини тан олсаю дангасаликдан ёки енгил-елпи қараш сабабли намоз ўқимаса, мусулмонлар ижмосига биноан бундай банда фосиқ саналади. Мазҳаб имомлари бундай ярамас одатли кимсаларга қандай муомала қилиш хусусида турлича фатво берганлар.
Абу Ҳанифа ва у кишининг асҳоблари ижтиҳоди: “Дангасалик қилиб намоз ўқимайдиган кимса ҳибсга олиниб, дарра ва бошқа йўллар билан таъзир берилади. Агар намоз ўқишни бошламаса, умрбод ҳибсда сақланади. Чунки у одамларга ёмон ўрнак кўрсатиши ва Ислом ҳукмларига нисбатан бепарволикни вужудга келтириши мумкин”.
Имом Молик, Шофеий ва Аҳмадлар эса: “Ялқовлик сабабли намоз ўқимайдиган кимса тавбага чақирилади. Агар тавба қилиб, намозга тушмаса, ўлдирилади!” деб фатво беришган.
Имом Молик ва Шофеий фикрига кўра ҳалиги кимса кофир сифатида эмас, шаръий ҳад (шаръий жазо) юзасидан қатл қилинади. Сўнг жасади ювилиб, жаноза ўқилади ва мусулмонлар қабристонига кўмилади.
Имом Аҳмад эса бу масалада қуйидагича йўл тутганлар: “Ялқовлик сабабли намоз ўқимайдиган кимса (агар тавба қилмаса), кофир сифатида ўлдирилади ва унинг жасадига муртадга қилингандек муомала қилинади”. Имом Аҳмад ижтиҳоди Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал (разияллоҳу анҳум) каби саҳобалар ва аксарият тобеинлар сўзига мувофиқ тушади.

·        Рўза
Рўза Исломда намоздан кейин иккинчи мартабада туради. Бироқ фарзлик борасида ҳар иккиси бир хилдир. Рўзанинг Ислом рукнларидан бири эканлиги уммат ижмоси билан ҳам таъкидланган. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Нўъмон разияллоҳу анҳу намоздан кейин рўзани тилга олишларининг боиси ҳам мана шунда.
Намоз ҳар куни беш маҳал ўқилса, рўза ҳар йили тўлиқ бир ой тутилади. Рўзадор Аллоҳ учун очлик ва ташналикка бардош беради, ўзини тута билишни ўрганади, шаҳватлар чангалидан халос бўла бошлайди, камбағал-бечоралар аҳволини тушуниб, уларга ёрдам бериш сингари фазилатли хулқларга одатланади. Натижада жамиятда адолат ва ўзаро ҳамжиҳатлик туйғулари ривож топади. Шу боис, рўза Аллоҳ таолонинг қуйидаги эътиборига муносиб топилди. Аллоҳ таоло айтади: “Одам боласининг барча амали ўзи учундир. Фақат рўзагина бундан мустасно. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Рўза қалқондир!” (Ҳадиси қудсий, Муслим ривоятлари).
Ҳа, рўза маъсиятлар ҳамда дўзах оташидан тўсувчи қалқон, гуноҳлар каффорати ва жаннатийлар сафидан жой олиш учун воситадир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки иймон билан ва савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг барча ўтган гуноҳлари кечирилади”. (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, дедим:
- Менга шундай бир амални буюрингки, у мени жаннатга олиб кирсин.
- Рўза тут. Зеро унинг тенги йўқдир, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Сўнг иккинчи маротаба келдим.
- Рўза тутгин, - деб жавоб бердилар яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва бошқалар ривояти).

·        Рўза тутмаган кимсанинг ҳукми
Рўзанинг фарзлигини инкор этиб, Рамазон рўзасини тутмаган кимса билиттифоқ кофир-муртад ҳисобланади. Унга муртад каби муомала қилинади. Чунки Рамазон рўзасининг фарзлиги қатъий далиллар билан собит бўлган.
Аммо ҳеч қандай узр-сабабсиз, бепарволик қилиб Рамазон рўзасини тутмаган кимса мусулмонлар ижмосига биноан фосиқ саналади. Унинг Исломи шубҳали бўлиб, диндан чиқиб қолиши гумон қилинади. Бундай бепарволик бандани куфрга олиб боради. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ислом ришталари ва дин устунлари учтадир. Ислом асослари улар устида барқарор бўлади. Кимда-ким шулардан бирини тарк этса, кофир бўлиб, қони ҳалол бўлади: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деб гувоҳлик бермоқ, фарз намози ва Рамазон рўзаси. (Абу Яъло ва Дайламий ривоятлари. Заҳабий саҳиҳ деганлар).
Ҳеч қандай узрсиз рўза тутмаган кимса ҳибсга олинади ва кундузи емоқ-ичмоқдан маҳрум қилинади. Яъни рўза тугагунга қадар ана шу тарзда рўзанинг ташқи кўриниши ҳосил қилинади.

8. Ибодат мартабалари. Мўмин ҳамиша комил даражага интилади
Иймон камолот асосидир! Банданинг жаннатга кириш-кирмаслиги унинг иймонига боғлиқ. Аллоҳга, Пайғамбарларга, илоҳий китобларга, фаришталарга, Охират кунига ва қазои қадарга иймон келтириб, ширкдан пок бўлган мўмин шубҳасиз жаннатга киради. Агар у фарзларни бажармасдан ва мункар ишлардан тийилмасдан ҳаёт кечирган бўлса, қилмишига яраша жазо олиб, сўнгра жаннатга киради. Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб, сўнг ана шу калима устида вафот этган ҳар бир банда жаннатга киради”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Ёлғиз ва шериксиздир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг қули ва элчисидир. Ийсо Аллоҳнинг қули, Пайғамбари, Марямга туширган калимаси ва руҳидир. Жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳақ!” деб гувоҳлик берган бандани қандай амали борлигига қарамасдан Аллоҳ жаннатга киритади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

·        Фарзларни бажариб, ҳаром ишлардан йироқ юрмоқ бандани дўзахдан сақлайди.
Аллоҳ таоло ибодатидаги асллик фарзларга риоя этиб, ҳаром ишларни тарк қилишдир. Ушбу қоидага тўла-тўкис амал қилган инсон ҳақиқий бахт ва муваффақият мазасини тотади. Амр ибн Мурра разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, деди:
- Ё Расулуллоҳ! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сизнинг Пайғамбар эканлигингизга гувоҳлик бераман, беш вақт намоз ўқийман, молимнинг закотини бераман ва Рамазон рўзасини тутаман!
- Кимда-ким юқоридаги нарсаларга амал қилса, модомики ота-онасига оқ бўлмас экан, Набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан Қиёмат кунида мана бундай бирга бўлади! - деб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки бармоқларини кўрсатдилар. (Аҳмад ривоятлари).
Ота-онага Аллоҳ ва Расули буюрганидек муомала қилмаслик уларга оқ бўлиш дейилади.

·        Нафл ибодатлар инсонни Аллоҳ таолога янада яқинроқ қилади
Шариатнинг фарз буйруқларига бўйсуниб, ҳаром ишлардан ўзини покиза сақловчи мусулмон нафл ибодатларни тарк этгани ёхуд макруҳ амалга қўл ургани учун жазога тортилмайди.
Бироқ нафл ибодатларни ташлаб қўйиш оммавий тус олса, шариат буни кечирмайди. Масалан, бутун маҳалла ёки қишлоқ аҳли суннат амалларини адо этмай қўйса, фақиҳлар фатвосига биноан уларга қарши уруш очилади. Яъни улар суннатни оммавий тарзда тарк этганлари учун жавобгар бўладилар. Чунки бу ҳолат суннатга амал қилмайдиган маҳалла аҳлининг нафл ибодатлардан мутлақо юз ўгирганларига, уларнинг суннатга хоҳиш-рағбатлари йўқ эканига далолат қилади.
Энди якка бир шахснинг суннатларга риоя қилмаслиги масаласига ўтсак. Кимда-ким суннат амалларни арзимас санаб ёки фазилати ва шаръийлигига эътиқод қилмагани сабабли тарк этадиган бўлса, жазога мустаҳиқ бўлади. Кишининг ушбу ҳолати куфр ва диндан чиқиш саналади. У тавба қилдирилади ва суннат амалларга риоя этишга мажбур қилинади.
Нафл ибодатларнинг шаръийлигига шубҳа билдирмаса-да, ялқовлиги боис мудом уларга амал қилмайдиган киши эса, фосиқликнинг бир турига қўл урган ҳисобланади. Динга ва унинг вазифаларига бепарво қараган бундай кимсаларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Боз устига, улар жуда улкан ажру савоблардан бебаҳра қолишади. Унутманг, нафл ибодатлар фарзларда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар ўрнини тўлдиради.
Аллоҳ таоло ҳузурида юксак даражаларга эришиш умидида юрган жаннат талабгори нафл ибодатларни ташлаб қўймайди. Ҳаром ва макруҳ амалларга яқин йўламайди. У ўзидан талаб этилган фарз, вожиб ва суннат ўртасини ажратмаганидек, ман этилган ҳаром билан макруҳни ҳам ажратмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ўзларига нима буюрилган бўлса, тўлиқ бўйсунганлар, шариат қайтарган амаллардан юз ўгирганлар. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини дастуруламал қилиб олган эдилар: “Пайғамбар сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар!” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Яъни ажр-савоб топиш ва раҳмату розиликка эришиш учун маъсиятлардан пок сақланиб, шариат ҳукмига бўйсунинг! Тобеинлар, улардан кейинги салафи солиҳлар ва улуғ уламолар худди шундай ҳаёт кечирганлар.
Шариат аҳкомларини вожиб, мандуб, мубоҳ ва макруҳ деган қисмларга ажратиш фақиҳларнинг изланишлари натижасида юзага келган. Чунки одамлар қайси амал дуруст ёки қай бири ботил ё фосид эканлигини ажратиб олишлари лозим эди. Акс ҳолда улар қайси амални қайтадан қилиш ёки қилмаслик каби фиқҳий ҳукмлардан бехабар қолишарди.
Саҳобий “Юқорида айтганларимга ҳеч нарса қўшмайман!” деганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътироз билдирмадилар. Унга нафл ибодатларнинг фазилатини уқтириб ўтирмадилар. Биз биламизки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги саҳобийга енгил ва ўнғай бўлиши учун ҳеч нарса қўшмадилар. Бу билан раҳбарлар ва ҳақ даъватчиларига ҳам ўгит бердилар. Токи улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, кечиримлилик ва бағрикенглик каби улуғ хулқларга интилсинлар, омма учун ҳамиша динни қулай кўрсатиб, уларни ҳам ҳаракатга чорласинлар! Ислом енгилликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги сукутлари айни ҳақиқатга ҳаётий исбот ва тасдиқ мақомида туради.
Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиб, ҳаром-ҳаришдан ўзини покиза сақлаган мўминнинг қалби мунаввар бўлади ва Аллоҳ таоло ибодатидан ажиб роҳат туяди. Ана шу ором, хотиржамлик ва қалб сокинлиги бандани ибодатга янада муҳаббатли қилиб қўяди. У энди фақат фарзлар билан кифояланмайди. Нафл амалларни ҳам алоҳида меҳр билан адо этиб, макруҳ ишлардан тийилади. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, қуйидаги ҳадиси қудсийни эшитган мусулмон қандай қилиб нафл ибодатларга бепарво бўлиши мумкин: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам нафл ибодатлари билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилаверганидан Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Сўраса, бераман. Агар паноҳ тиласа, паноҳимга оламан. Дуо қилса, дуосини ижобат этаман!” (Бухорий ривоятлари).
Яъни Аллоҳ таоло суйган бандасига ҳамиша мададкор бўлади. Уни бало-офатлардан асрайди. Ҳар ҳаракати ва ишида унга ўзи кўмак беради.
Камолот пиллапояларидан ана шу тарзда дадил одимлаётган тақволи банда кундузлари қўрқмас мужоҳидга, тунлари эса Аллоҳ қўрқувидан сел-сел кўз ёши тўкадиган ҳақиқий обидга айланади.
“Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунлари кўп ибодат қиладилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар”. (Сажда сураси, 16-оят).
 
9. Бир нарсани ҳалол ёки ҳаром қилиш ҳақ-ҳуқуқи Аллоҳдан ўзга ҳеч кимда йўқ!
Мусулмон киши ўзининг яхши ёки ёмон амал қилишидан қатъиназар (зотан дунёда бегуноҳ кимса топилмайди), Аллоҳ ҳалол этган нарсани ҳалол, ҳаром қилганини ҳаром деб билмоғи шарт. Бу иймоннинг асоси саналади. Шариат ҳалол қилган нарсани ҳаром ёки ҳаром қилганни ҳалол этишга журъат этган кимса Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққига аралашмоқчи бўлган ҳисобланади. Чунки бир нарсани ҳалол ёки ҳаром деб белгилаш ожиз бандаларнинг иши эмас. Кимда-ким Аллоҳ ва Расули жорий этган қонунга хилоф юришни ўзига ҳалол деб билса ва ўзича шариатга зид қонунлар чиқарса, дини Исломдан ажралади. Ундан Аллоҳ ҳам, Расули ҳам покдир! “Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва Аллоҳ белгилаган чегарадан тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас!” (Моида сураси, 87-оят).
Ривоят қилишларича, ушбу оят зоҳидлик йўлини тутиб, айрим ҳалол нарсаларни ўзларига ҳаром қилмоқчи бўлган бир неча саҳобий хусусида нозил этилган экан. Ҳалол неъматлардан бутунлай юз ўгирмоқчи бўлган саҳобаларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича жавоб берганлар: “Мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза тутаман, тутмасдан ҳам юраман ҳамда аёлларга уйланаман. Кимда-ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бу ҳадисда нафл намоз ва нафл рўза ҳақида сўз юритилган.

10. Қасамни бузиш ва унга вафо қилиш
Бирон-бир хайрли ишни қилишга қасам ичган инсон қасамига вафо қилгани афзал. “Қасамларингизни бузишдан сақланингиз!” (Моида сураси, 89-оят).
Бирон вожибни тарк этишга ёки бирон гуноҳ-маъсиятни қилишга қасам ичган киши қасамини бузиши шарт.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким бир маъсиятни қилишга қасам ичган бўлса, унинг қасами йўқ!” (Абу Довуд ривоятлари). Яъни, бундай нотўғри қасамга амал қилинмайди.
Бир хайрли ишни қилмасликка қасам ичиб қўйган киши гарчи ўша хайрли иш вожиб-фарз бўлмаса ҳам, қасамини бузгани афзал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қасам ичган киши ичган қасамидан хайрлироқ нарсани кўриб қолса, ўша хайрли нарсани қилсин. Қасамига эса каффоратини берсин”. (Муслим ривоятлари).

11. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди:
Мусулмон фарзанди ўзи билмайдиган фиқҳий фатволарни аҳли илмлардан сўраб ўргансин. Ўшанда у қилаётган амалининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб хотиржам бўлади.

Устозлар сўровчиларга нисбатан бағрикенглик билан муомала қилмоқлари лозим. Улар кишиларга яхши хабарлардан сўзлаб, мулойимлик билан шариат аҳкомларига тарғиб қилсинлар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио