Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Йигирма биринчи ҳадис - Ҳақ устида собитқадамлик ва иймон

 

عَنْ أَبِي عَمْرٍو، وَ قِيلَ: أَبِي عَمْرَةَ سُفْيَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْ لِي فِي الإِسْلامِ قَوْلاً، لا أَسْأَلُ عَنْهُ أَحَدًا غَيْرَكَ. قَالَ: "قُلْ آمَنْتُ بِاللهِ ثُمَّ اسْتَقِمْ". (رواه مسلم).

 

Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга Исломда шундай бир сўз айтингки, у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳга иймон келтирдим, деб айтгин-да, сўнгра тўғри йўлда юр! (Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мазкур ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган жавомеул калим (қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалаш) мўъжизасининг ажойиб намунасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийнинг саволига икки оғиз сўз билан жавоб бердилар ва мана шу икки калимада Ислом асосларини баён этдилар: Иймон ва ҳақ устида собитқадам туриш. Маълумки, Ислом тавҳид ва итоатдан иборат. Тавҳид Аллоҳга иймон келтириш билан юзага келса, итоат тўғри йўлда юриш билан бўлади. Зеро, у шариат буйруқларига тўла бўйсуниб, қайтарилган амаллардан йироқ юрмоқдир. Иймон, Эҳсон ва Ислом каби қалб ҳамда бадан амали ушбу доира ичига киради. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!” (Фуссилат сураси, 6-оят).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Тўғри йўлда юриш нима дегани?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга иймон келтирдим, дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!” - дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Раббим - Аллоҳ!” дегин-да, сўнгра тўғри йўлда юр!” дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари қуйидаги оятлардан олингандир: “Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб сўнгра тўғри йўлда юрган зотларнинг олдиларига (ўлим пайти) фаришталар тушиб, дерлар: “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” (Фуссилат сураси, 30-оят).
“Албатта “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деган, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотлар учун хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар”. (Аҳқоф сураси, 13-оят).
Абу Бакр разияллоҳу анҳу “Сўнгра тўғри йўлда устивор бўлганлар...” оятини қуйидагича шарҳлаганлар: “Улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмадилар. Аллоҳдан ўзга биронта илоҳга юзланмадилар. Аллоҳ таоло - Парвардигоримиз, деб собит турдилар”.
Умар разияллоҳу анҳу юқоридаги оятни минбарда туриб тиловат қилдилар-да, бундай дедилар: “Улар Аллоҳ таолонинг тоатида собит турдилар. Тулкига ўхшаб йўлда эгри-бугри юрмадилар”.
Юқоридаги сўзларда комил тавҳид устида устивор туриш таъкидланаяпти. Қушайрий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик ишларни камолга етказувчи бир даражадир. У мавжуд бўлиши билан яхшиликлар юзага келади ва тартибга тушади. Ҳақ йўлда собит бўлмаган киши охир-оқибат муваффақиятсизликка учрайди”.
Тўғри йўлда устивор туришга фақат улуғ инсонларгина қодир бўладилар. Чунки у одат ва кўникмалардан ажралиб, Парвардигор қаршисида содиқ бўлиб турмоқдир.
Воситий айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик шундай бир сифатки, у билан хайрли ишлар камолига етади”.
Ибн Ражаб айтадилар: “Ҳақ йўлда собитлик бу тўғри йўл-ҳақ дин устида ўнгу сўлга бурилмасдан, оғишмасдан собит қадам ташламоқдир. У барча зоҳирий ва ботиний тоат-ибодатларни ҳам, жамики қайтариқларни ҳам ўз ичига олади. Демак, Пайғамбаримизнинг ушбу васиятлари барча хайрли хислатларни ўзида мужассам этган”.

2. Инсон тўғри йўлда юриш борасида ҳам ноқис
Ҳақ йўлда собитлик ҳолату маърифат камолида улуғ даража, сўзу амалда қалбнинг поклиги ҳамда эътиқоднинг бидъат ва залолатлардан тозалиги дея таърифланган экан, инсон тўғри йўлда тўла-тўкис бўла олмайди, барибир унинг камчиликка йўл қўйиши турган гап. “Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри тоат-ибодатда бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз”. (Фуссилат сураси, 6-оят).
Яъни нуқсон-камчиликларни йўқотиш учун мағфират тилаб, тўғриликка қайтингиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни тўғриликка, ҳақ устида собит туришга буюрдилар:
“Тўғриликда собит бўлаверингиз. Аммо ҳаргиз тўла-тўкис тўғриликда бўлолмайсизлар”. (Муслим ва Аҳмад ривоятлари).
“Тўғри йўлга юринглар ва тўғриликка яқинлашаверинглар!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Юқоридаги ҳадислар инсоннинг тўғрилик борасида нуқсонли эканига очиқ далилдир. Ҳақ йўлда собит бўлиш сўз, амал ва мақсадларнинг барчасида нишонга аниқ отилган ўқдек тўғри бўлишни талаб қилади.

3. Қалбнинг тўғрилиги
Тўғри йўлда устивор туриш негизида тавҳид асосидаги қалб тўғрилиги ётади. Қачонки қалб Аллоҳни таниб, Ундан қўрқиб, Уни улуғлаб, севиб, истаб, Унга илтижо қилиб, таваккул этиб, фақат Ундан умидвор бўлиб ва ўзгалардан юз ўгириб, тўғрилик касб қилар экан, тананинг бошқа аъзолари ҳам Аллоҳнинг тоат-ибодатида устивор бўлади. Чунки қалб тана аъзолари қаршисида шоҳ саналса, аъзолар унинг оддий аскарларидир. Агар шоҳ ислоҳга юз тутса, қўшин ҳам, раият ҳам салоҳиятли бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Огоҳ бўлингизким, танада бир парча гўшт бор. Агар шу парча гўшт яхшиланса, бутун тана яхшиланади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Билингларки, у қалбдир!” (Бухорий ривоятлари).

4. Тилнинг тўғрилиги
Инсон аъзолари орасида қалбдан кейин тилнинг тўғрилиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Киши учун энг хавфли нарса хусусида савол беришганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб кўрсатганлар.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банданинг иймони то унинг қалби тўғриланмагунга қадар тўғриланмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди”. (Аҳмад ривоятлари).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласи уйғонганида, унинг аъзолари тилни ўраб олиб шундай дейдилар: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Чунки биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз!” (Термизий ривоятлари).

5. Тўғрилик фойдаси
Тўғрилик ўз соҳибига тоат-ибодат билан ҳавою хоҳишлар ўртасида бўладиган жангу жадалда мустаҳкамлик бахш этади, уни мардлик ва муваффақият сари етаклайди. Шу боис, ҳақ йўлдан асло оғишмай ҳаёт кечирган солиҳ бандалар шу дунёдаёқ фаришталардан жаннат хушхабарини эшитишга ҳақли бўладилар. Аллоҳнинг малоикалари уларнинг хавф-хатар ва ташвишларини аритиб юборадилар.
“Албатта: “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотларнинг олдиларига фаришталар тушиб дерлар: “Қўрқманглар ва маҳзун бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун жаннатда кўнгилларингиз тусаган нарсалар бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайё”. (Фуссилат сураси, 30, 31-оятлар).

6. Тўғрилик аҳамияти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор томонидан айнан шу нарсага буюрилдилар: “Ўзингизга буюрилганидек тўғри йўлда бўлингиз”. (Ҳуд сураси, 112-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръоннинг жамики оятлари ичида мана шу оятдан қаттиқроқ ва оғирроқ оят нозил қилинмаган”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Соч-соқолингизга нега бунча эрта оқ оралади?” деб сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Мени Ҳуд сураси ва унинг шериклари қаритди, - дедилар.
Ҳасан разияллоҳу анҳу айтадиларки: “Мазкур оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиддий машғул бўлиб қолдилар ва кулиб юрганлари кўринмади”. Қушайрий ривоят қиладилар: Бир киши тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, у зотдан: “Ё Расулуллоҳ! “Мени Ҳуд ва унинг биродарлари қаритди”, дегансиз. Айнан қайси оят сизни қаритди?” - деб сўради.
- “Ўзингизга буюрилганидек тўғри йўлда бўлингиз!” ояти, - деб жавоб берибдилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

7. Тавҳид ва Ёлғиз Аллоҳ ибодатига ихлос қўйиш билан ҳақ йўлда устивор бўлишга бир-биримизни чақирайлик

8. Саҳобаи киромлар ҳамиша динларини яхшироқ ўрганиш ва иймонларини саломат сақлашга ташна бўлишган


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио