Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ўн саккизинчи ҳадис - Аллоҳ таолодан қўрқиш ва ҳусни хулқ

 

عَنْ أَبِي ذَرٍٍّ جُنْدُبِ بْنِ جُنَادَةَ وَأَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا،  عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "اتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ، وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا، وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ". (رواه الترمذي وقال: حديث حسن. وفي بعض النسخ: حسن صحيح).

Абу Зар - Жундуб ибн Жунода разияллоҳу анҳу ва Абу Абдурраҳмон Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан тақво қил! Ёмонлик ортидан бир яхшилик қилгинки, уни ўчириб юборади. Одамлар билан чиройли хулқ ила муомалада бўлгин”. (Термизий ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадис тарихи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар Ғифорий ва Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳумога насиҳат қилиб, юқоридаги сўзларни айтганлар. Мазкур воқеа бир қанча йўллар ва турлича муносабатлар билан зикр этилган.
1. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб шундай деганлар:
- Эй Муоз! Аллоҳдан қўрққин! Одамларга гўзал хулқ билан муомалада бўлгин. Агар бирон ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан бирон яхшилик қилгин.
- Ё Расулуллоҳ! - деб сўрадим мен, - “Ла илаҳа иллаллоҳ” (дейиш) ҳам ҳасанотларданми?
- У энг улуғ ҳасанотлардан! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Абдулбар ривоятлари).
2. Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
- Ё Расулуллоҳ! Менга шундай бир амални ўргатингки, у мени жаннатга яқинлаштириб, жаҳаннамдан узоқлаштирсин.
- Агар бир ёмон иш қилиб қўйсанг, ортидан яхши амал қилиб қўйгин. Зеро, яхши амал ўн баробар мисли билан ёзилади.
- Ё Расулуллоҳ! “Ла илаҳа иллаллоҳ” ҳам ҳасанотларданми?
- У энг яхши ҳасанотлардандир! (Аҳмад ривоятлари).

2. Инсон ер юзида мукаррам халифадир
Аллоҳ таоло инсонни яратди ва унга беҳисоб неъматлари билан фазлу карам кўрсатди. Одамлар орасидан Пайғамбарлар чиқариб, уларга самодан ваҳий туширди. Аллоҳ Расуллари инсонларга қуйидагиларни уқтирдилар:
·        Ҳеч қачон Аллоҳ таолога ширк келтирмасдан, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилингиз!
·        Аллоҳ буюрган ишларни амалга оширингиз! У Зот қайтарган нарсаларга яқин йўламангиз!
·        Ҳамиша яхши амаллар қилишга интилингиз! Мункар ишлардан тийилингиз!
·        Ҳар бирингиз инсоният бахт-саодати йўлида ҳаракат қилингиз!
·        Ўзаро аҳил-иноқ яшангиз! Бир-бирларингизга беминнат ёрдам қўлини чўзингиз!
·        Покиза табиат, ширин калом ва гўзал хулқ ила зийнатланингиз!
Ана шунда шахс ҳам, жамият ҳам бахтли ҳаёт кечиради. Дунёю Охират яхшилигига эришади ва Одам алайҳиссаломнинг муқарраб (Аллоҳга яқин) фаришталардан хосланган хусусияти - инсоннинг ердаги халифалиги қарор топади. “Эсланг, Биз фаришталарга: Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар”. (Бақара сураси, 34-оят).

3. Боқий насиҳат
Икки улуғ саҳобийнинг бизга қилган туҳфаси нечоғлик гўзал ва қимматли! Улар ҳабиблари ва мураббийлари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хос насиҳат эшитдилар. Дунёю Охират саодатига бошловчи ушбу хайрли насиҳат кейинчалик бутун Ислом уммати учун мангу мавъиза ва йўлланма бўлиб қолди. Мазкур насиҳат Ҳақ таоло ҳуқуқларини ўз ичига олиб, бандалар ҳақларини ҳам ҳимоя этиб туради.

4. Тақво нажот йўлидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан тақво қилишга чақирадилар. Чунки у яхшиликни ўзида жамловчи, ёмонликдан қайтарувчи хислатдир. Мўминлар айнан тақво сабабли Аллоҳ таоло нусрати ва мададига ҳақли бўладилар: “Албатта Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир”. (Наҳл сураси, 128-оят).
Пок Парвардигор тақво эгаларига чиройли ризқ ва бало-офатлардан омонлик ваъда этган: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун ташвишлардан чиқар йўлни пайдо қилур ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантирур”. (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
Аллоҳ таоло Ўзининг тақволи бандаларини душманлар макр-ҳийлаларидан омон сақлайди: “Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди”. (Оли Имрон сураси, 120-оят).
Аллоҳ Ўзидан қўрқадиган бандага албатта раҳм қилади: “Аллоҳ деди: Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим-меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва оятларимизга иймон келтирувчи бўлган кишиларга ёзурман”. (Аъроф сураси, 156-оят).
Аллоҳ таолодан тақво қилмоқ чин бандаликдир. У Зот тақво сифати ила безанган қулларини мағфират этади: “У (Аллоҳ) тақво эгасидир (яъни бандалари Ундан тақво қилишлари-қўрқишлари лозимдир) ва (У тақво қилувчи бандалари учун) мағфират Эгасидир”. (Муддассир сураси, 56-оят).
Тақводор зотлар Охиратда олий мақомларга эришадилар: “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёларда қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар”. (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
Тақвонинг фазли ва унинг улкан самаралари хусусида яна бир қанча оят-ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Инчунун, тақвонинг мўминлар йўли ва Набийлар хулқига айланиши одатий ҳолдир. “Ана ўша зотларгина Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг”. (Анъом сураси, 90-оят).
Аллоҳ таоло бандаларининг аввалгиларини ҳам, охиргиларини ҳам тақвога буюради. Зеро ким тақвони лозим тутса, зафар қучади. Ундан юз ўгирган кимсалар эса ҳалокатга маҳкумдирлар! “Биз сизлардан илгари китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар, бас, осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир! Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор бўлган Зотдир!” (Нисо сураси, 131-оят).

5. Тақво моҳияти
Тақво Ислом олиб келган ақида, ибодат, муомала ва хулқ каби асосларни ўзида мужассам этган ва шу билан бирга айрим нарсаларни ман этувчи калимадир. “Юзларингизни машриқ ва мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, Охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўра туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни берадиган киши, аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли инсонлардир, ана ўшалар асл тақводорлардир”. (Бақара сураси, 177-оят).
Демак, тақво дегани қуруқ даъво эмас экан. Уни Аллоҳ таоло йўлида мунтазам амал қилиш ва маъсиятларни қатъий суратда тарк этиш деб тушунмоғимиз лозим. Салафи солиҳлар тақвони қуйидагича баён қилишган: “Аллоҳга ҳамиша итоат этмоқ. Асло исён-маъсиятга яқинлашмаслик. Парвардигор зикри-ёди билан юрмоқ. Ҳаргиз уни унутмаслик. Мудом Аллоҳга шукр қилмоқ. Ҳеч вақт куфр кўчасига кирмаслик”.
Солиҳ инсонлар тақвони чин маънода тушунганлар ва барча-барча ҳолатларида унга тўла-тўкис амал қилганлар. Зеро, улар Парвардигорнинг қуйидаги нидосига ҳар доим лаббай деб жавоб беришарди: “Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар”. (Оли Имрон сураси, 102-оят).

6. Комил тақво
Шубҳали нарсалардан йироқ юриш киши тақвосининг комиллигини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва номусини сақлабди!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳаромга аралашиб қолишдан қўрқиб, ҳатто мубоҳ-мумкин нарсаларни ҳам тарк этмоқ юқоридаги ҳадис мазмунидан тушунилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда зиёнли (ҳаром) нарсалардан қўрқиб, ҳеч бокиси йўқ (мубоҳ) нарсаларни ҳам тарк этмагунга қадар, тақводорлардан бўла олмайди”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тақво сифати тақводор зотларда давом этиб, ҳатто ҳалол нарсаларни ҳам тарк этишларига тўғри келган”.

7. Банда қандай қилиб тақводор бўлади?
Мусулмон фарзанди ҳақиқий тақводор зотлар сафига қўшилиши учун аввало динини яхши билмоғи лозим. Чунки у Исломни яхши билмай туриб, нималардан тақво қилиши кераклигини билолмайди. “Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур!” (Фотир сураси, 28-оят).
Жоҳил-оми киши нима вожибу нима ҳаромлигини ажрата олмай қолади. Шу боис, илм олиш энг афзал ибодатлардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг энг қуйиларингизга нисбатан устунлигим кабидир”. (Термизий ривоятлари). “Ким илм излаб йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”. (Муслим ривоятлари). “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунадиган қилиб қўяди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8. Аллоҳга тавбалар этмоқ ва хайрли амаллар қилишга шошилмоқ тақводор мўминлар хулқидандир
Инсон баъзида унутиб ёки ғафлат босиб, гоҳо нафсининг сўзига юриб ёхуд шайтон васвасасига учиб, бирон гуноҳга қўл уриб қўяди. Бундай ҳолатда тақво эгалари гуноҳларини билган заҳоти Аллоҳ таолога тавба-тазарру қилишга ва У Зотдан истиғфор сўрашга ошиқадилар. Пок Парвардигор ўзининг тақводор бандаларини Қуръони каримда қуйидагича тавсифлайди: “Улар қачон бирон-бир фаҳш ишни қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган - ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир”. (Оли Имрон сураси, 135-оят). “Тақво қилувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, Аллоҳни эслайдилар, бас, ўшанда улар ҳақни кўра бошлайдилар”. (Аъроф сураси, 201-оят).
Аллоҳ таолога тавбалар қилган тақводор мўмин қилиб қўйган гуноҳини ювиш учун дарҳол хайрли амаллар қилишга киришади. У Аллоҳнинг қуйидаги ваъдасига аниқ ишонади: “Албатта ҳасанотлар ёмонликларни кетказади”. (Ҳуд сураси, 114-оят). У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёмонлик-маъсият ортидан яхши-савобли амал қилгин: уни ўчириб юборади!” деган сўзларига ижобат этади.

9. Тоат-ибодат нури маъсият зулматларини йўқ қилади
Намоз, рўза, закот, ҳаж ва жиҳод каби солиҳ амалларни мунтазам қилиб бориш кишидан содир бўлган гуноҳларни ювиб кетади. Бу ҳақда жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки иймон билан ва Аллоҳдан савоб умид этган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади”. (Бухорий, Муслим ривоятлари);
- Сизларга Аллоҳ таоло унинг сабабидан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсани айтиб берайми?
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар.
- Қийин ҳолатларга қарамай, таҳоратни комил олмоқ, масжидларга кўп қадам қўймоқ ва намоздан сўнг кейинги намозни кутмоқ! (Муслим ривоятлари);
“Ким мана бу уйга ҳаж қилиб, бепарда сўзлардан ва гуноҳ амаллардан ўзини тийса, худди онадан янги туғилгандек гуноҳларидан фориғ бўлади”. (Бухорий, Муслим ривоятлари).
Тоат-ибодатларнинг гуноҳларга каффорат бўлиши хусусида Қуръони каримда ҳам оятлар мавжуд.

10. Гуноҳи кабираларнинг каффорат этилиши учун тавба шартдир
Ҳасанотлар, яъни яхши амаллар кичкина гуноҳларга каффорат эканлиги уммат орасида билиттифоқ қарор топган ҳақиқат. Аммо қилувчисига Аллоҳ таоло аламли азоб ваъда этган гуноҳлар: ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, судхўрлик, ароқ ичиш каби гуноҳи кабиралар ўчирилиши учун албатта тавба-тазарру шартдир. “Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни албатта мағфират қилгувчидирман”. (Тоҳо сураси, 82-оят).
Бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли бўлмаган ўринларда шу нарсага умид қилинади. Бироқ бандалар ҳаққига тегишли саналган ўғрилик, талончилик ва бировни ўлдириш каби гуноҳларда гуноҳкор аввало мазлумлар ҳаққини адо этиши ёхуд уларнинг кечиб юборишларига эришиши шарт. Ана шундан кейингина тавбанинг қабул бўлишига умид қилиш, ҳаттоки ёмонликларнинг яхшиликларга айлантириб берилишига умид боғлаш мумкин. “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ таоло ана ўшаларнинг гуноҳларини савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Фурқон сураси, 70-оят).
Киши мазлумнинг ҳаққини адо этмаса ёки унинг кечиб юборилишига эриша олмай қолса, Қиёмат кунида қилмишига яраша жавоб олади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар дўзахдан халос бўлишгач, жаннат билан дўзах оралиғидаги кўприкка қамаладилар. Улар шу ерда дунёда ўтказган зулмлари учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиб оладилар. Сўнгра покланиб - ораста бўлган мўминларга жаннатга киришга изн берилади”. (Бухорий ривоятлари).
Аллоҳ таоло бандаларига фазлу марҳамат этди. Агар инсоннинг кичкина гуноҳлари бўлмаса, унинг солиҳ амаллари гуноҳи кабиралардан кичкина гуноҳлар миқдоридаги қисмини енгиллатади. На катта ва на кичкина гуноҳга қўл урмаган банда эса Аллоҳ таолодан зиёда ажру савоблар олади.

11. Ахлоқ-одоб инсоний тараққиёт асосидир
Юқоридаги ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шахс ҳаётини ҳам, жамият ҳаётини ҳам бирдек ўнглайдиган омилларни бир-бир кўрсатиб ўтдилар. Яъни сиз одамлар билан чиройли муомалада бўлинг. Бировларнинг сизга қандай муносабатда бўлишини истасангиз, ўзингиз ҳам ўзгаларга шундай муомала қилинг. Ана шунда сиз - мусулмон фарзанди яхшиларнинг дўстига айланасиз. Сиз одамларни яхши кўрасиз, улар ҳам сизни яхши кўрадилар. Сиз одамларни иззат-икром қиласиз, улар ҳам сизга ҳурмату эътибор кўрсатадилар. Сиз одамларга яхшилик қиласиз, улар ҳам сизга яхшилик билан жавоб берадилар. Ана шунда жамиятдаги ҳар бир шахс ўз вазифасини қониқиш ва камоли садоқат билан адо этади. Ҳаёт ўз изига тушади, инсоний қадриятлар сақланиб қолади, ҳақиқий маданият бўй кўрсатади.
Ислом ахлоқ-одобнинг инсон ҳаётида нечоғлик муҳим ўрин эгаллашини тўғри эътироф этгани боис, унга кўп эътибор беради. Қуйида фикримиз далили сифатида ушбу мавзуга доир оят ва ҳадисларни келтириб ўтамиз:
“Кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф сураси, 199-оят);
“Ёмонликни энг гўзал сўз билан даф қилинг! Шунда баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-қалин дўст каби бўлиб қолур”. (Фуссилат сураси, 34-оят);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сизларнинг Аллоҳга энг суюклиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиганларингиз ҳақида хабар берайми?
- Ҳа! - деб жавоб беришди саҳобалар.
- Гўзал хулқлиларингиз! (Ибн Ҳиббон ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Энг иймони комил мўмин хулқи гўзал бўлган мўминдир!” (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз гўзал хулқлиларингиздир”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоятлари).
Гўзал хулқ хусусида яна бир қанча оят ва ҳадисларни санаб ўтиш мумкин. Биз келтирган далилларимизга қуйидаги саҳиҳ ривоятни хулоса сифатида эслаб ўтмоқчимиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учунгина юборилдим!” (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари. Бухорий бу ҳадисни “Ал-адаб ал-муфрад”да ривоят қилганлар).

12. Ҳусни хулққа қандай эришилади?
Киши гўзал хулқларни аста-секин ўзлаштириб бориши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз разияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамларга нисбатан хуш хулқли бўлгин!” Бошқа бир лафзда эса: “Имкон қадар хулқингни гўзал қилгин!” дейилган.
Хўш, ҳусни хулққа қандай эришилади?
Аввало Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хулқларидан ўрнак олиш орқали ҳусни хулқ юзага чиқади. “Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир”. (Аҳзоб сураси, 21-оят). Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам юксак хулқ эгаси бўлганлар. Аллоҳ таоло айтганидек: “Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Разил ва тубан кимсалардан йироқ юриб, ҳамиша тақводор, фозил ва гўзал хулқли яхши одамлар суҳбатида бўлиш ҳам киши хулқига ижобий таъсир кўрсатади. “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини-розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан кўзларингиз четлаб ўтмасин! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28-оят).

13. Гўзал хулқлар
Қариндош-уруғлар билан яхши муомалада бўлиш, силаи раҳм, кечиримлилик, бағрикенглик ва қўли очиқлик каби хислатлар мақтовли хулқлар таркибига киради. Уқба ибн Омир Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй Уқба! Сенга дунёю Охират аҳлининг энг афзал ахлоқи хусусида хабар берайми? Сендан алоқасини узган одам билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв эт”. (Ҳоким ривоятлари). Имом Аҳмад ривоятларида: “Сени ҳақорат қилган кимсани кечириб юбор”, - дейилган.
Бировларга азият етказмаслик, одамлар ҳақида ёмон гумон қилмаслик, ҳалимлик, камтарлик, меҳрибонлик ва очиқ юзлилик ҳам ҳусни хулқ доирасидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биронта хайрли ишни ҳақир-арзимас санаманг. Ҳатто биродарингизга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам!” (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда ёмонликдан тийилсин. Зеро, мана шу нарса унинг учун садақадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Одамлар билан чиройли муносабатда бўлиш ва гўзал хулқ-атвор комил иймонли, тақводор зотлар сифатидир.

Ёмонлар даврасига - модомики, улар яхшиликка бўйсунмас ва ёмонликдан қайтмас эканлар - асло яқин йўламанг. Чин тақво эгалари маъсият аҳлини ҳеч вақт дўст тутмаганлар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио