Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ўн еттинчи ҳадис - Ҳар бир ишни пухта қилмоқ лозим

 

عَنْ أَبِي يَعْلَى شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ كَتَبَ الإِحْسَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ،  فَإِذَا قَتَلْتُمْ فَأََحْسِنُوا الْقِتْلَةَ، وَإِذَا ذَبَحْتُمْ فَأَحْسِنُوا الذِّبْحَةَ، وَلْيُحِدَّ أَحَدُكُمْ شَفْرَتَهُ وَلْيُرِحْ ذَبِيحَتَهُ". (رواه مسلم).

 

Абу Яъло Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир ишда яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, яхши бир тарзда қатл этинг. Агар жонлиқ сўйсангиз, яхши бир тарзда сўйинг. Пичоғингизни ўткирлаб олинг ва жониворга роҳат беринг”. (Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Диннинг муҳим асосларидан саналмиш мазкур ҳадис Исломдаги барча вазифаларни пухта ва чиройли суратда адо этишни ўргатади. Зеро, ҳар бир нарса шариат ҳукмига мувофиқ тушмоғи билан гўзалдир. Инсоннинг ҳаётий ишлари: кундалик турмуш тарзи, аҳли оиласию атрофдагилар билан муомаласи ҳамда ухровий амаллари: қалб амали бўлмиш иймон ва аъзолар амали Ислом мукаммал, пухта адо этилса, дунё ва Охират саодатига эришмоқ мумкин бўлади.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Барча машруъ яъни шариат рухсат берган амалларни мукаммал ва чиройли адо этмоқ вожибдир
“Албатта Аллоҳ адолатли ва чиройли амаллар қилишга буюрур”. (Наҳл сураси, 90-оят). “Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”. (Бақара сураси, 195-оят).
Буюрилган амалларни бажаришда ҳам, қайтарилган ишларни тарк этишда ҳам, ўзаро муомала-муносабатларда ҳам мукаммалликка интилмоқ лозим. Ана шунда банданинг амали қабул бўлиб, олажак ажру савоби ортади.

2. Қатлни пухта ижро этиш
Шариат ҳукмига биноан ўлимга ҳукм этилганларни қатл қилишда ёки жиҳодда энг енгил услуб билан қатл ижро этилади.
а) Жанг майдонида қотилни қатл этмоқнинг энг енгил усули қилич билан бошни танадан жудо қилмоқдир. “Бас, қачон сизлар кофирлар билан тўқнашганларингизда бўйинларига урингиз-ўлдирингиз”. (Муҳаммад сураси, 4-оят).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусла қилишдан қайтарганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Мусла - ўлик ёки тирик инсоннинг тана аъзоларини кесиш.
Кофирларга қилмишларига муносиб жавоб қайтариш қабилида мусулмонлар ҳам ўточар ва ёндирувчи қуролларни қўллашлари мумкин. “Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг”. (Бақара сураси, 194-оят).
Бироқ мусулмонлар ҳеч қачон бундай қуроллар билан одамларни азоблаш ва чалажон қилиб ташлашни ўзларига мақсад қилиб олмайдилар. Баъзи бир кофир давлатлар душман жангчиларини атайлаб чалажон қилиб қолдиришни, ўлдирмасдан ташлаб кетишни тарғиб қиладилар. Чунки ярадор жангчи ўз қўшинига ортиқча юк бўлиб тушади. Бу талончилик ва хунрезлик урушларининг иқтисодий ва нафсий кўринишидир. Ислом ҳеч қачон бундай разилона ҳаракатга йўл қўймайди. У ҳар бир соҳада ишни чиройли ва мукаммал қилишни мақсад қилган.
б) Бир жонни қасддан ноҳақ ўлдирган киши - агар мақтулни мусла қилган бўлса ҳам - қилич билан қатл этилади, мусла қилинмайди. Молик, Шофеий ва Аҳмадлар: “Бундай кимса мақтулни қандай ўлдирган бўлса, ўзи ҳам шундай қатл қилинади”, дейишган.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: “Кумуш тақинчоқ таққан бир жорияни яҳудий кимса тош билан урди. Ҳалиги аёлни чалажон ҳолатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келишди.
- Сени фалон яҳудий ўлдирдими? - деб сўрадилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Жория бошини кўтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан учинчи маротаба сўрадилар:
- Сени фалончи ўлдирдими?
Аёл бошини туширди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша яҳудийни чақиртириб келдилар. Яҳудийнинг боши икки тош орасига қўйиб мажақланди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Саврий, Абу Ҳанифа ва бир ривоятга кўра Имом Аҳмад ҳам, мақтулни мусла қилган қотил фақат қилич билан ўлдирилади, деб фатво беришган.
Имом Аҳмаддан нақл қилинган учинчи қавлда шундай дейилган: “Қотил мақтулга нисбатан нима қилган бўлса, ўзи ҳам ўша нарсага дучор қилинади. Фақат мақтул ўтда ёқилган ёки мусла қилинган бўлса, қотил қилич билан ўлдирилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни мусла қилишдан ва ўтда ёқишдан қайтарганлар”.
в) Куфр сабабли ўлдириладиган кимсани - унинг аслий кофир ёки муртад бўлишидан қатъиназар - мусла қилиш аксар олимлар наздида макруҳдир.

3. Оловда ёқиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтда ёқишга аввал рухсат бериб, сўнг бундан қайтарганлар”. (Бухорий ривоятлари). Аввал изн берилиб, сўнг ман этилиши мазкур ҳукмни янада таъкидлироқ қилиб кўрсатади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла азоби билан азобламангиз!” (Бухорий ривоятлари).
XX аср охирларига келиб ёндирувчи снарядлар тақиқланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бу ҳукмни ўн уч аср муқаддам айтиб кетган эдилар. Устига-устак катта, кучли давлатлар имзолаган битимлар қоғозларда қолиб кетади!
Ҳеч бир жонзот ўтда куйдирилмаслиги лозим. Исломдаги бу ҳукм ҳайвонлару ҳашаротларни ҳам ўз ичига олади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кетаётиб, ёндириб юборилган чумоли ини олдидан ўтиб қолдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарғазаб бўлиб, шундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг азоби билан азоблашга одамзоднинг ҳаққи йўқ!” (Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
Шу боис, аксар уламолар, ҳатто ҳашоратларни ҳам ўтда ёқишни кариҳ санаганлар. Иброҳим Нахаий айтадилар: “Чаённи ўтда куйдириш мусла ҳисобланади”. Умму Дардо бургани ўтда куйдиришдан қайтарганлар. Имом Аҳмад айтадилар: “Тирик балиқ ўтда қовурилмайди. Чигиртканинг ҳукми енгилроқ. Чунки унда қон йўқ”.

4. Ҳайвонларни боғлаб қўйиб, сўнг уларни ўқ ёки бошқа нарса отиб ўлдириш мумкин эмас.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чорва ҳайвонларни бундай усулда ўлдиришдан қайтарганлар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Умар разияллоҳу анҳу бир тўп кишилар олдидан ўтдилар. Улар товуқни боғлаб қўйиб, ўққа тутаётган эдилар. “Ким бундай қилди? - деб сўрадилар Ибн Умар разияллоҳу анҳу. - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу ишни қилганларни лаънатлаганлар!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

5. Жонли нарсадан нишон сифатида фойдаланиш мумкин эмас
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отишдан - ҳайвонни отиб, сўнг ейишдан қайтардилар. Ҳайвон сўйилади. Ундан кейин агар хоҳласалар, отаверишсин”. (Имом Аҳмад ривоятлари).

6. Ҳайвонларни шариатга мувофиқ чиройли тарзда сўймоқ лозим
Исломда жонлиқ сўйишнинг ўз одоблари мавжуд бўлиб, улар мулойимлик ва мукаммалликнинг ажойиб мажмуидир.
Қассоб ҳайвонни қийнаб қўймаслик учун аввал пичоғини обдон ўткирлаб олмоғи керак. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пичоқни ўткирлашни ва уни ҳайвондан яширишни буюрдилар: “Агар қай бирингиз жонлиқ сўйса, тайёргарлик кўриб олсин!” - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
Сўйиладиган ҳайвонга юмшоқ муомалада бўлиш ҳам мазкур одоблар сирасига киради. Жонивор сўйиладиган жойга аста етаклаб келинади. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши қўйнинг қулоғидан ушлаб тортарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар: “Қўйнинг қулоғини қўйиб юбориб, бўйнидан ушла!” - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Можа ривоятлари).
Имом Аҳмад айтадилар: “Сўйилишга олиб кетилаётган ҳайвон аста етакланади. Ҳайвонга пичоқ фақат сўйилаётган пайтда кўрсатилади. Унгача пичоқ яшириб турилади”.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонни сўйганда терисини кесиб, бўйин томирини узмай қўйишдан ҳам қайтарганлар”. (Ибн Можа ривоятлари).
Шунингдек, ҳайвонни бошқа жониворлар олдида сўймаслик, сўяётганда қиблага қаратиб, Аллоҳ номини тилга олиб, Унинг неъмати-марҳаматини эътироф этиш, сўнг то жони чиқиб кетгунга қадар тегинмай туриш мустаҳабдир. Ҳеч вақт ҳайвон устига ортиқча юк юкланмаслиги лозим. Миниладиган ҳайвонни фақат эҳтиёж бўлганда мининг. Жониворнинг сути соғиб олинаётганда боласига зарар етказмайдиган миқдорга риоя этмоқ керак.

7. Юқоридаги ҳадис Исломнинг улкан асослари каторига қўшилади. Зеро, у ҳар бир ишни шариат буюрганидек чиройли ва мукаммал адо этишга чақиради.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио