591/1. Миқдоддан (р.а.) машҳур узун ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (сув ёки сут билан сийланганларида) қўлларини осмонга кўтариб:
«Аллоҳумма атъим ман атъаманий васқи ман сақоний», деб айтардилар. (Маъноси: «Аллоҳим, мени овқатлантирган кишини таомлантириб, сийлаган кишини ҳам сийлагин».) Имом Муслим ривоятлари.
592/2. Амр ибн Ҳамиқдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сут ила суғорганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма амтиъҳу бишабобиҳи» («Аллоҳим, уни ёшлик ила неъматлантир»), деб айтдилар. Амр ибн Ҳамиқ саксон ёшга ҳам кирдиларки, сочларида бирор оқ кўринмади. Ибн Сунний ривоятлари.
593/3. Амр ибн Ахтобдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув талаб қилганларида, мен ёғочдан бўлган бир қадаҳда сув келтирдим. Унда сочнинг туки бор экан, олиб ташладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳумма жаммилҳу» (яъни, «Аллоҳим, уни гўзал айла»), деб дуо қилдилар». Ровийнинг айтишларича, у тўқсон учга кирганида ҳам соч-соқоли қора эди. Ибн Сунний ривоятлари.
|