Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

51-боб. Тонг ва кечқурунда ўқиладиган дуолар

Бу боб жуда кенгдир. Бу китобда ундан катта боб йўқ. Мен, иншааллоҳ, жумлаларни мухтасар қиламан. Ким айтилганларнинг ҳаммасига амал қилишга муваффақ бўлса, Аллоҳ томонидан унга фазлдир. Ким ҳаммасини жамлаб айтишга ожиз бўлса, хоҳлаган битта зикрни айтсин.

Бу бобнинг асли Қуръони каримдадир:

«Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни) покланг» (Тоҳа, 130-оят);

«Туну кун Раббингизга ҳамд айтиш билан (Уни) покланг» (ўофир, 55-оят);

«Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!» (Аъроф, 205-оят);

«Эртаю кеч Парвардигорларининг юзини истаб Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг!» (Анъом, 52-оят);

«У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳни зикр қилишдан машғул қила олмас» (Нур, 36-оят).

 

170/1. Шаддод ибн Авсдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор -

«Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу`у лака биниъматика ъалаййа ва абу`у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла анта»ни кечки пайт айтиб, тонг отгунича вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сен парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени халқ қилдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди.) Имом Бухорий ривоятлари

 

171/2. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ёки кечқурун:

«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», (Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни айбу нуқсонлардан поклаб ёд этаман), деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўлмайди. Фақат ана шу киши айтганидек ёки ундан ошириб айтсагина, бўлиши мумкин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари

Абу Довуднинг ривоятларида:

«Субҳаналлоҳил ъазийм ва биҳамдиҳи», деб келган.

 

172/3. Абдуллоҳ ибн Ҳубайб (р.а.) айтадилар: «Биз зулматли ёмғирли кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб беришлари учун у зотни ахтариб кўчага чиқдик. У зотни топганимизда, «Айт», дедилар. Мен ҳеч бир нарса айта олмадим. Сўнгра яна: «Айт», дедилар. Мен ҳеч нарса йта олмадим. Сўнгра яна: «Айт», дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, нимани айтаман?» дедим. Шунда Расулуллоҳ: «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъузу бироббил фалақ», «Қул аъузу бироббиннас» сураларини кечки пайт ва эрталаб уч мартадан айтсанг, сенга ҳар бир нарсада кифоя қилади», дедилар». Абу Довуд, Термизий, Насоийлар ривояти

 

173/4. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида:

«Аллоҳумма бика асбаҳна ва бика амсайна ва бика наҳйа ва бика намуту ва илайкан нушур» (Аллоҳим, Сенинг номинг ила тонг оттирдик, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила ўламиз. Ва Сенга қайтажакмиз), дер эдилар. Кеч кирганида эса:

«Аллоҳумма бика амсайна ва бика наҳйа ва бика намуту ва илайкан нушур» (Аллоҳим, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила вафот этамиз. Ва Сенга қайтажакмиз), деб айтар эдилар. Абу Довуд, Термизий, Ибн Можалар ривояти

 

174/5. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда бўлсалар, эрта тонгда:

«Саммаъа самиъун биҳамдиллаҳи ва ҳусни балаиҳи ъалайна роббана соҳибна ва афзил ъалайна ъаизан биллаҳи минан нар», деб айтар эдилар. (Маъноси: Эшитгувчи Аллоҳга ҳамд айтганимизни ва бизга чиройли синовлар берганини эшиттирди. Эй Раббимиз, бизни дўст айла. Ўзингнинг номинг ила дўзахдан паноҳ тилашни бизга энг афзал амал қил.) Муслим ривоятлари

 

175/6. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кеч кирса:

«Амсайна ва амсал мулку лиллаҳ, валҳамду лиллаҳи ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр. Робби ас`алука хойро ма фий ҳазиҳил лайлати ва хойро ма баъдаҳа ва аъузу бика мин шарри ма фий ҳазиҳил лайлати ва шарри ма баъдаҳа, робби аъузу бика минал касали валҳароми ва су`ул кибар. Аъузу бика мин ъазабин фин нари ва ъазабин фил қобр», деб айтар эдилар. Агар тонг отса: «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳ», деб, қолганини ўшандай давом эттирардилар. (Маъноси: Биз ҳам, бутун мулк ҳам Аллоҳники бўлган ҳолда кеч киргизди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уникидир. Мақтов ҳам Унга хосдир. У ҳар нарсага қодирдир. Эй Раббим, Сендан бу кечанинг яхшиликларини ва ундан кейинги яхшиликларни сўрайман. Бу кечанинг ёмонлигидан ва ундан кейинги кечанинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Эй Раббим, Сенинг номинг ила дангасаликдан, жуда қариб кетишдан ва ёмон кибрликдан паноҳ тилайман. Яна дўзах ва қабр азобидан ҳам паноҳ тилайман.) Муслим ривоятлари

 

176/7. Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: «Эй Расулуллоҳ, кеча мени чаён чақиб олди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кеч кирганида:

«Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин шарри ма холақ», десанг, сенга ҳеч нарса зарар бермайди», дедилар. (Маъноси: Аллоҳнинг ҳамма калималари билан У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман.) Муслим ривоятлари

 

177/8. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.): «Эй Расулуллоҳ, менга бирор калимани ўргатинг, уни тонг отганида ва кеч кирганда айтиб юрай», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳумма фатирос самавати вал арзи ъалимал ғойби ваш шаҳадати робба кулли шай`ин ва малийкаҳ, ашҳаду алла илаҳа илла анта, аъузу бика мин шарри нафсий ва шарриш шайтони ва ширкиҳи», деб тонг отганида, кеч кирганида ва тўшагингизга ётганингизда айтиб юринг», дедилар. (Маъноси: Эй еру осмонни бор қилган Аллоҳим, эй ғоибни ва шоҳидни билувчи Раббим, Сен ҳар бир нарсанинг парвардигори ва подшоҳидирсан. Гувоҳлик бераманки, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Нафсимнинг ёмонлигидан ва шайтоннинг ёмонлигию ҳийласидан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман.) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари

 

178/9. Абу Молик Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир неча саҳоба: «Эй Расулуллоҳ, бизга бир калимани ўргатингки, биз уни эрталаб ва кечқурун ҳамда тўшагимизга ётганимизда айтиб юрайлик», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги дуони айтиб, унга:

«ва ан нақтарифа су`ан ъала анфусина ав нажурроҳу ила муслим»ни қўшиб қўйдилар. (Маъноси: Нафсимизга ёмонлик бўлишидан ва мусулмоннинг ҳам ёмонликка гирифтор бўлишидан паноҳ тилаймиз.) Абу Довуд ривоятлари

 

179/10. Усмон ибн Аффондан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда:

«Бисмиллаҳиллазий ла йазурру маъасмиҳи шай`ун фил арзи ва ла фис самаи ва ҳувас самийъул ъалийм», деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди», дедилар. (Маъноси: Шундай Аллоҳнинг исми билан бошлайманки, Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир.) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари

 

180/11. Савбондан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кеч кирган пайтда:

«Розийту биллаҳи роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу ъалайҳи васаллама набиййа», деса, Аллоҳ уни рози қилиши (беражак неъматлари билан) ҳақиқат бўлади», дедилар.

Бу ҳадисни Термизий заиф иснод билан ривоят қилганлар. Лекин Абу Довуд ва Насоийлар Расулуллоҳга хизмат қилган бир кишидан келтирган бошқа ривоят эса саҳиҳдир. (Маъноси: Аллоҳни раббим, Исломни диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб рози бўлдим.)

 

181/12. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг отганида ёки кеч кирганида:

«Аллоҳумма инний асбаҳту ушҳидука ва ушҳиду ҳамалата ъаршика ва малаикатака ва жамийъа холқик, аннака анта ла илаҳа илла анта ва анна Муҳаммадан ъабдука ва росулук», деб айтса, Аллоҳ таоло танасининг тўртдан бирини дўзахдан халос қилади. Ким шуни икки марта айтса, Аллоҳ таоло унинг ярмини дўзахдан халос қилади. Ким уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг тўртдан уч қисмини дўзахдан халос этади. Ким тўрт марта айтса, Аллоҳ таоло уни бутунлай дўзахдан халос қилади», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, албатта, мен тонг оттирдим. Сени ва аршингни кўтарувчи фаришталарингни ва ҳамма халқ қилган нарсаларингни гувоҳ қилиб айтаманки, Сендан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Сенинг банданг ва расулингдир.) Абу Довуд ривоятлари

 

182/13. Абдуллоҳ ибн ўанномдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг отганида:

«Аллоҳумма ма асбаҳа бий мин ниъматин фаминка ваҳдака ла шарийка лак, лакал ҳамду ва лакаш шукр», деса, кундузнинг шукрини адо қилибди. Ким шу дуони кеч кирганида айтса, кечанинг шукрини адо этибди», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, мен билан тонг оттирган неъматлар Сен томондандир. Сен яккаю ёлғиздирсан, Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамд ва шукрлар бўлсин.) Абу Довуд ривоятлари

 

183/14. Ибн Умар (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуоларни кеч кирганида ва тонг отганида ҳеч тарк қилмас эдилар:

«Аллоҳумма инний ас`алукал ъафийата фиддунйа вал ахироҳ. Аллоҳумма инний ас`алукал ъафва вал ъафийата фий дийний ва дунйайа ва аҳлий ва малий. Аллоҳуммастур ъавротий ва амин равъатий. Аллоҳуммаҳфазний мин байни йадаййа ва мин холфий ва ъан йамийний ва ъан шималий ва мин фавқий ва аъузу биъазоматика ан уғтала мин таҳтий». (Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда офият сўрайман. Эй Раббим, динимда ва дунёимда, аҳлимда ва молимда афв ва офият сўрайман. Эй Раббим, авратимни бекит, хавфларимни омонликка айлантир. Эй Аллоҳим, мени олдимдан, орқамдан, ўнг томонимдан, чап томонимдан, устимдан сақлагин. Эй Раббим, остимдан ҳалок қилишингдан Сенинг азаматинг ила паноҳ тилайман.) Абу Довуд, Насоий, Ибн Можалар ривояти.

 

184/15. Али (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига ётаётганларида:

«Аллоҳумма инний аъузу биважҳикал карийм ва бикалиматикат таммати мин шарри ма анта ахизум бинасийатиҳ. Аллоҳумма анта такшифул мағрома вал ма`сама. Аллоҳумма ла йуҳзаму жундука ва ла йухлафу ваъдука ва ла йанфаъу залжадди минкал жадд, субҳанака ва биҳамдик», дер эдилар. (Маъноси: Аллоҳим, карим юзинг ила барча калималарингни ўртага қўйиб, пешонасидан ушлашингга сабаб бўлувчи ёмонликдан паноҳ тилайман. Эй Раббим, Сен хасорат ва гуноҳларни фош қилувчисан. Эй Раббим, Сенинг аскарларинг асло енгилмасдир. Сенинг ваъданг хилоф қилинмас. Сенинг буюклигинг олдида бошқа улуғлик фойда бермас. Сенга ҳамд айтиш ила Сени поклайман.) Абу Довуд ва Насоийлар ривояти

 

185/16. Абу Аййошдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким тонг отганида:

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр», деса, Исмоил алайҳисалом болаларидан қулни озод қилган баробарида бўлади ва унга ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта ёмонлиги ўчирилади ҳамда даражаси ўн баробар кўтарилади, кеч киргунича шайтондан ҳимоя қилинади. Агар шу калималарни кеч кирганида айтса, тонггача шайтондан ҳимояда бўлади», дедилар. (Маъноси юқорида ўтди.) Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари

 

186/17. Абу Молик Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз тонг отганида:

«Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳи роббил ъаламийн. Аллоҳумма ас`алука хойра ҳазал йавми фатҳаҳу ва насроҳу ва нуроҳу ва барокатаҳу ва ҳудаҳу ва аъузу бика мин шарри ма фийҳи ва шарри ма баъдаҳ», деб айтсин. Сўнгра кеч кирганида ҳам худди шундай десин», дедилар. (Маъноси: Биз ҳам, мулк ҳам оламлар парвардигори Аллоҳники бўлган ҳолда тонг оттирдик. Эй Раббим, бу куннинг яхшисини, фатҳ бўлишини, ғалабасини, нурини, баракасини, ҳидоятини сўрайман. Ва Сендан бу куннинг ва бу кундан кейингисининг ёмонлигидан паноҳ тилайман.) Абу Довуд ривоятлари

 

187/18. Абдураҳмон ибн Абу Бакра оталарига: «Эй отажон, ҳар тонгда уч марта ва кечқурун уч марта:

«Аллоҳумма ъафиний фий баданий, Аллоҳумма ъафиний фий самъий, Аллоҳумма ъафиний фий басорий, Аллоҳумма инний аъузу бика минал куфри вал фақри, Аллоҳумма инний аъузу бика мин ъазабил қобр, ла илаҳа илла анта» (Аллоҳим, баданимни, қулоғимни ва кўзимни офиятда қил. Эй Раббим, Сенинг номинг ила куфрдан, камбағалликдан ва қабр азобидан паноҳ тилайман. Сендан бошқа илоҳ йўқ), деяётганингизни эшитаман», дедилар. Абу Бакра (р.а.): «Мен Расулуллоҳнинг шундай дуо қилганларини эшитганман ва мен у зотнинг суннатларига амал қилишни яхши кўраман», деб жавоб бердилар. Абу Довуд ривоятлари

 

188/19. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг отганида:

«Фасубҳаналлоҳи ҳийна тумсуна ва ҳийна тусбиҳун. Ва лаҳул ҳамду фис самавати вал арзи ва ъашиййан ва ҳийна тузҳирун. Йухрижул ҳаййа минал маййити ва йухрижул маййита минал ҳаййи ва йуҳйил арза баъда мавтиҳа ва казалика тухрожун», деб айтса, шу кунги йўқотган нарсаларини топибди. Ким буларни кечки пайт айтса, тунда йўқотган нарсаларини топибди», дедилар. (Маъноси: «Кеч кираётганида, тонг отаётганида, оқшомда ва пешин пайтида Аллоҳга тасбиҳ айтинглар. Осмонлару ердаги ҳамду санолар У учундир. У ўликдан тирикни ва тирикдан ўликни чиқарур. Ва ерни ўлганидан кейин тирилтирур. Сизлар ҳам мана шундай тирилтирурсизлар» (Рум, 17 --19-оятлар). Бу ҳадисни Абу Довуд ривоят қилганлар, лекин Имом Бухорий уни «Тарихул-кабийр» ва «Китобу зуафо» номли китобларида заиф, деб айтганлар.

 

189/20. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг биттасидан ривоят қилинади. У зот қизларига тонг отганида:

«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, ла қуввата илла биллаҳи маша`аллоҳу кана ва ма лам йаша` лам йакун. Аъламу анналлоҳа ъала кулли шай`ин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳато бикулли шай`ин ъилма», деб айтишни ўргатар эдилар. Чунки бу калималарни тонг отганида айтган киши кеч киргунича муҳофаза қилинади. Кеч кирганида айтса, тонг отгунича муҳофаза этилади. (Маъноси: Аллоҳга ҳамд айтиш билан Уни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан бошқада қувват йўқ. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади. Хоҳламаган нарса бўлмайди. Биламанки, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми билан иҳота қилгандир.) Абу Довуд ривоятлари

 

190/21. Абу Саид Худрий (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга кирсалар, Абу Умома деган ансорий саҳоба ўтирган эдилар. Расулуллоҳ алайҳисалом: «Эй Абу Умома, намоз вақтидан бошқа пайтда масжидда ўтирганинг боиси нима?» деб сўрадилар. «Эй Расулуллоҳ, мени ғам ва қарз шу аҳволга солиб қўйди», дедилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга бир дуони ўргатайми? Уларни айтиб юрсанг, Аллоҳ ғамингни кетказиб, қарзингдан халос этади. Агар тонг отса ва кеч кирса:

«Аллоҳумма инний аъузу бика минал ҳамми вал ҳазани ва аъузу бика минал ъажзи вал касали ва аъузу бика минал жубни вал бухли ва аъузу бика мин ғолабатид дайни ва қоҳрир рижал»ни айт» (Аллоҳим, Сенинг номинг ила ғам-ташвишдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарз эзиб қўйиши ва кишиларнинг қаҳридан паноҳ тилайман), деб буюрдилар. Абу Умома: «Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилдим. Аллоҳ менинг ғам-ғуссамни кетказиб, қарздан халос этди», деб айтадилар». Абу Довуд ривоятлари

 

191/22. Абдуллоҳ ибн Абзодан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг оттирсалар:

«Асбаҳна ъала фитратил Ислам ва калиматил ихласи ва дийни набиййина Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллам ва миллати Иброҳийма ҳанийфам муслиман ва ма ана минал мушрикийн», деб айтар эдилар. (Маъноси: Мушрик бўлмасдан, мусулмон ҳолимизда ва тўғри йўлда бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатларида, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг динларида, ихлос калимаси ва Ислом фитратида тонг оттирдик.) Ибн Сунний ривоятлари

 

192/23. Абдуллоҳ ибн Авфо (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида:

«Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳи азза ва жалла валҳамду лиллаҳи вал кибрийау вал ъазомату лиллаҳи вал холқу вал`амру вал лайлу ван наҳару ва ма сакана фийҳима лиллаҳи таъала, Аллоҳуммажъал аввала ҳазан наҳари солаҳан ва авсатаҳу нажаҳан ва ахироҳу фалаҳан йа арҳамарроҳимийн», деб айтар эдилар». (Маъноси: Биз ҳам, бутун борлиқ ҳам Аллоҳники бўлган ҳолда тонг оттирдик. Ҳамд, кибр, улуғлик, яратиш, буюриш, кечаси ва кундузи ҳамда улар орасида турадиган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ учундир. Аллоҳим, бу куннинг аввалини ислоҳ, ўртасини нажот, охирини ютуқ қил, эй раҳм қилувчиларнинг Раҳмлиси.) Ибн Сунний ривоятлари

 

193/24. Маъқал ибн Йасордан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тонг отганида ким уч марта:

«Аъузу биллаҳис самийъул ъалийм минаш шайтонир рожийм», деб Ҳашр сурасидан уч оят ўқиса, Аллоҳ таоло унга кеч киргунича саловот айтиб турадиган етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Агар вафот этса, шаҳид кетади». (Маъноси: Эшитувчи ва билувчи Аллоҳнинг номи ила лаънатланган шайтондан паноҳ тилайман.) Термизий ва Ибн Сунний заиф иснод билан ривоят қилишган.

 

194/25. Муҳаммад ибн Иброҳим оталаридан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни бир сариййага (ўзлари иштирок этмаган уруш) юборатуриб, тонгда ва кеч кирганида:

«Афаҳасибтум аннама холақнакум ъабасан» (Сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдикми?!) оятини ўқишни буюрдилар (Мўминлар сураси, 115-оят). Биз шу оятни ўқиганимизда, ғалаба қилиб, ғаниматларни қўлга киритар эдик». Ибн Сунний ривоятлари

 

195/26. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар тонг отса ва кеч кирса:

«Аллоҳумма ас`алука мин фаж`атил хойри ва аъузу бика мин фаж`атиш шарр», деган дуони ўқир эдилар. (Маъноси: Аллоҳим, тўсатдан яхшилик бўлишини Сендан сўрайман ва тўсатдан ёмонлик бўлишидан Сендан паноҳ тилайман.) Ибн Сунний ривоятлари

 

196/27. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ алай-ҳиссалом Фотимага (р.а.): «Васият қилган нарсамни эшитишдан сени нима тўсади? Ҳар тонг ва кечқурун:

«Йа ҳаййу йа қоййуму бика астағийсу фаслиҳ лий ша`ний куллаҳу ва ла такилний ила нафсий торфата ъайн», деб айт», дедилар. (Маъноси: Эй ҳай-тирик ва қаййум сифатига эга бўлган Зот, Сендан ёрдам сўрайман. Шаънимни ҳар бир нарсада ислоҳ эт ва кўз юмиб очгунчалик муддат ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма.) Ибн Сунний ривоятлари

 

197/28. Ибн Аббос (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши офат етаётганидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар тонг оттирсанг:

«Бисмиллаҳи ъала нафсий ва аҳлий ва малий», деб айт, шунда сенга бирор нарса етмайди», дея насиҳат қилдилар. Ҳалиги киши шу дуони ўқиган эди, ундан офатлар кўтарилди». (Маъноси: Нафсимда, аҳлимда ва молимда Сенинг исминг билан бошлайман.) Ибн Сунний заиф иснод ила ривоят қилганлар.

 

198/29. Умму Салама онамиздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отса:

«Аллоҳумма инний ас`алука ъилман нафиъан ва ризқон тоййибан ва ъамалан мутақоббала», деб айтар эдилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сендан фойдали илм, покиза ризқ, қабул бўладиган амал сўрайман.) Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоятлари

 

199/30. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тонг отганида:

«Аллоҳумма инний асбаҳту минка фий ниъматин ва ъафийатин ва сатрин фаатимма ниъматика ъалаййа ва ъафийатака ва сатрока фиддунйа вал ахироҳ», деб уч марта ва кечқурун уч марта айтган кишига Аллоҳ шу дуода келганидек, ҳаммасини мукаммал қилиб беради», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сенинг неъматингда, офиятингда, айблар ёпилган ҳолда тонг оттирдим. Мени дунёю охиратда неъматда, офиятда, айблар ёпилган ҳолатда бўлишни мукаммал қил.) Ибн Сунний ривоятлари

 

200/31. Зубайр ибн Аввомдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда тонг оттирса, бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Малик ва қуддус сифатли Аллоҳни поклаб ёд этинглар», дейди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари

Ибн Суннийнинг ривоятларида: «Эй халойиқ, малик ва қуддус сифатли Аллоҳни поклаб ёд этинглар, деб бир жарчи жар солади», дейилган.

 

201/32. Бурайдадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонгда ва кеч кирганида:

«Роббийаллоҳ, таваккалту ъалайҳи ла илаҳа илла ҳув, ъалайҳи таваккалту ва ҳува роббул ъаршил ъазийм, ла илаҳа иллаллоҳул ъалиййул ъазийм. Ма ша`аллоҳу кана ва ма лам йаша` лам йакун. Аъламу анналлоҳа ъала кулли шай`ин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳато бикулли шай`ин ъилма», деб айтса, сўнг вафот этса, жаннатга киради», дедилар. (Маъноси: Раббим Аллоҳдир. Унга таваккал қилдим. Ундан бошқа илоҳ йўқ. Унга таваккал қилдим. У улуғ аршнинг Раббидир. Улуғ ва олий Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У хоҳлаган нарса бўлади. У хоҳламаган нарса бўлмайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани илми билан иҳота қилган зотдир.) Ибн Сунний ривоятлари

 

202/33. Анас (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар Абу Замзамдек бўлолмайсизларми?» дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, Абу Замзам ким?» деб сўрашди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳар тонг отганида:

«Аллоҳумма инний қод ваҳабту нафсий ва ъирзий лак» (Аллоҳим, мен нафсимни, обрўйимни Сенга топширдим), дер, бирор киши уни сўкса, у сўкмас, бирор киши унга зулм қилса, у зулм қилмас, бирор киши уни урса, у урмас эди», дедилар». Ибн Сунний ривоятлари

 

203/34. Абу Дардодан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар куни тонг отганида ва кеч кирганида:

«Ҳасбийаллоҳу ла илаҳа илла ҳув, ъалайҳи таваккалту ва ҳува роббул ъаршил ъазийм» (Аллоҳ менга кифоя қилади. Ундан бошқа илоҳ йўқ. Унга таваккал қилдим. У улуғ аршнинг раббидир), деб етти марта айтса, унинг дунё ва охиратдаги муҳим ишларида Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари

 

204/35. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг отганида «Ҳа, Мийм»дан «илайҳил масийр»гача (ўофир сураси, 1--3) ва Оятул курсийни ўқиса, кеч киргунича муҳофаза қилинади. Ким у иккитасини кеч кирганида ўқиса, тонг отгунича муҳофаза қилинади», дедилар. Термизий ва Ибн Сунний заиф иснод билан ривоят қилишган.

 

205/36. Талқ ибн Ҳабибдан ривоят қилинади: «Бир киши Абу Дардонинг (р.а.) олдларига келиб: «Эй Абу Дардо, уйингиз ёниб кетди», деди. Абу Дардо эса: «Аллоҳ азза ва жалла бундай қилиши мумкин эмас. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта калимани эшитганман. Ким уларни кундузи айтса, кеч киргунича унга бирор мусибат етмайди. Ким уларни кечки пайт айтса, тонг отгунича унга бирор мусибат етмайди, деганлар. У дуо қуйидагича:

«Аллоҳумма анта роббий, ла илаҳа илла анта ъалайка таваккалту ва анта роббул ъаршил ъазийм. Маша`аллоҳу кана ва ма лам йаша` лам якун. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи ъалиййил ъазийм. Аъламу анналлоҳа ъала кулли шай`ин қодийр ва анналлоҳа қод аҳато бикулли шай`ин ъилма. Аллоҳумма инний аъузу бика мин шарри нафсий ва мин шарри кулли даббатин анта aхизун бинaсийатиҳа, инна роббий ъала сиротим мустақийм». (Маъноси: Аллоҳим, Сен парвардигоримсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сенга таваккал қилдим. Сен улуғ арш Раббидирсан. Сен хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаганинг бўлмайди. Улуғ ва олий Аллоҳдан бошқада ўзгартириш ва қувват йўқ. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини биламан. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми билан иҳота қилгандир. Эй Раббим, нафсимнинг ёмонлигидан ва пешонасидан тутадиганинг ҳар бир ҳайвоннинг ёмонлигидан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман. Албатта, эй Раббим, Сенинг йўлинг тўғри йўлдир.) Ибн Сунний ривоятлари

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирининг ривоятида келтирилишича, бир киши у саҳобанинг олдларига келиб, уйингиз ёниб кетди, деб хабар берганида, бу саҳоба: «Ўниши мумкин эмас. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, кимки тонг отганда шу калималарни ўқиса нафсига, аҳлига, молига ёмон кўрган бирор нарса етмайди, деганларини эшитиб, бугун шу калималарни ўқиган эдим», дедилар. Сўнгра у киши билан бирга ҳовлисига боришса, ҳовли атрофи ёниб, уйга зарар етмаган экан.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио