962. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Олия деган баландлик жойдан тушиб келаётиб, бозордан ўтдилар. Одамлар у Зотнинг икки томонида туришар эди. Шунда қулоғи кесилган улоқчанинг ўлигини кўриб қолдилар. Бориб, унинг қулоғидан тутдилар ва:
«Сизлардан ким мана шуни бир дирҳамга олади?» дедилар.
«Уни ҳеч нарсага олмаймиз. Уни нима ҳам қиламиз», дейишди.
«Бу сизларники бўлишини истайсизларми?» дедилар.
«Йўқ!» дейишди.
Уч марта сўрадилар. Улар:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки! Агар тирик бўлганда ҳам у айбли бўлар эди. Унинг икки қулоғи кесик. У ўлик бўлганда қандай бўларди», дейишди.
«Аллоҳга қасамки! Сизларга бу қанчалик қадрсиз бўлса, Аллоҳга дунё ундан ҳам қадрсиздир», дедилар».
963. Утай ибн Зомра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Убайнинг ҳузурида бир кишининг ўзига жоҳилиятдаги каби нисбат берганини кўрдим. Бас, Убай уни отаси ила очиқчасига сўкди, киноя қилмади.
Сўнгра ўз соҳибларига назар солди ва:
«Бу ишмини инкор қилаганга ўхшайсизлар! Мен бунда бирортадан қўрқмайман! Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ўзига жоҳилиятдаги каби нисбат берса, уни отаси ила очиқчасига сўкинглар, киноя қилиб ўтирманглар» деганларини эшитганман», деди».
|