Ал-адаб ал-муфрад

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

291-БОБ НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ДУОЛАРИ

688. Ибн Абу Мусо отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони қилар эдилар:

«Роббим! Менинг хатоларимни, жоҳиллигимни, барча ишимдаги исрофимни ва мендан кўра Ўзинг яхши билган нарсаларни мағфират қилгин.

Аллоҳим! Хатоларимнинг ҳаммасини - қасдданини ҳам, билинмаганини ҳам ва ҳазилини ҳам мағфират қилгин. Уларнинг ҳаммаси менинг ҳузуримда.

Аллоҳим! Менинг аввалги ва кейинги, махфий ва ошкор гуноҳларимни мағфират қилгин. Зотан Сен Муқаддимсан ва Муаххирсан. Сен ҳамма нарсага қодирсан».

Муқаддим.

Муаххир.

 

689. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони қилар эдилар:

«Аллоҳим! Менинг хатоларимни, жоҳиллигимни, ишимдаги исрофимни ва мендан кўра Ўзинг яхши билган нарсаларни мағфират қилгин.

Аллоҳим! Менинг ҳазилимни ва жиддимни, хатоимни ва қасдимни мағфират қилгин. Уларнинг ҳаммаси менинг ҳузуримда».

 

690. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутдилар ва:

«Эй Муъоз!» дедилар.

«Лаббайка!» дедим.

«Мен сени яхши кўраман», дедилар.

«Аллоҳга қасам, мен ҳам Сизни яхши кўраман», дедим.

«Сенга ҳар намозингдан кейин айтадиган гапларни ўргатиб қўяйми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«Аллоҳим! Менга зикрингни, шукрингни ва ибодатингни гўзал адо этишга ёрдам бергин» дегин», дедилар».

 

691. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида:

«Аллоҳга кўп, пок ва муборак ҳамд бўлсин», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу каломнинг соҳиби ким?» дедилар.

У сукут сақлади. Ўзича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмаган нарсани қилдим шекилли, деб билди.

«У ким? Жуда ҳам тўғри айтди!» дедилар.

«Мен. Ундан яхшилик умид қиламан», деди.

«Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, уни Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига кўтариш учун ўн учта фариштанинг ким ўзарга етиб келганларини кўрдим», дедилар».

 

692. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирмоқчи бўлсалар:

«Аллоҳим! Албатта, Сендан эркагу урғочи жинлардан паноҳ сўрайман», дедилар».

 

693. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халодан чиққанларида: «Ғуфронака!» дер эдилар».

 

694. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ушбу дуони худди Қуръондан бир сурани ўргатгандек, ўргатар эдилар:

«Сендан жаҳаннам азобидан паноҳ сўрайман.

Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман.

Сендан масийҳи дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман.

Сендан ҳаёту мамотнинг фитнасидан паноҳ сўрайман.

Сендан қабрнинг фитнасидан паноҳ сўрайман».

 

695. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Холам Маймунаникида ётиб қолдим. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ҳожатга бориб келдилар. Сўнг юзлари ва икки қўлларини ювиб, яна ётиб, ухладилар.

Кейин туриб, мешнинг олдига келдилар ва унинг боғичини ечдилар. Сўнг ўртача бир таҳорат қилдилар. Сувни исроф қилмасдан, етказиб қилдилар. Сўнг намоз ўқидилар.

Мен ҳам туриб, У зотни кузатаётганимни билдирмасдан, оёқ учида юриб бориб, таҳорат қилдим. У зот намоз ўқирдилар. Мен бориб чап томонларига турдим. У зот қўлимдан ушлаб, айлантириб, ўнг томонларига турғаздилар.

Намоз ўн уч ракъатла мукаммал бўлди. Кейин ёнбошлаб, ухладилар ва пишилладилар. У зот ухласалар пишиллар эдилар.

Билол У зотни намозга чақирди. У зот намозга ўқидилар. Таҳорат қилмадилар. Дуоларида қуйидагилар бор эди:

«Аллоҳим! Қалбимда нур қилгин! Қулоғимда нур қилгин! Ўнгимдан нур қилгин! Сўлимдан нур қилгин! Устимдан нур қилгин! Остимдан нур қилгин! Олдимдан нур қилгин! Ортимдан нур қилгин! Менинг нуримни улуғ қилгин!»

Курайб: «Ва яна еттитаси сандиқда бор. Аббоснинг болаларидан бирини учратиб қолганимда уларни айтиб берган; пайим, гўштим, қоним, сочим, башарам ва яна икки хислатни зикр қилди», деди.

 

696. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турсалар, намоз ўқирдилар. Намозларни тугатгандан сўнг Аллоҳга Унинг улуғлигига муносиб сано айтар эдилар. Сўнг каломларининг охири:

«Аллоҳим! Менга қалбимда нур қилгин! Менга қулоғимда нур қилгин! Менга кўзимда нур қилгин! Менга ўнгимдан нур қилгин! Менга сўлимдан нур қилгин! Менга устимдан нур қилгин! Менга остимдан нур қилгин! Менга олдимдан нур қилгин! Менга ортимдан нур қилгин! Нуримни зиёда қилгин! Нуримни зиёда қилгин! Нуримни зиёда қилгин!» бўлар эди».

 

697. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги намозга турсалар:

«Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ернинг ва ундагиларнинг нурисан.

Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ерни тутиб турувчисан.

Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ернинг ва ундагиларнинг Роббисан.

Сен Ҳақсан. Сенинг ваъданг ҳақдир. Сенга учрашиш ҳақдир. Жаннатинг ҳақдир. Дўзахинг ҳақдир. Қиёмат ҳақдир.

Аллоҳим! Сенга мусулмон бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга тавба қилдим. Сенинг билан хусумат қилдим. Сенга ҳукм сўраб бордим. Менинг аввалу охирги, махфий ва ошкор гуноҳларимни мағфират қилгин. Сен менинг илоҳимсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ», деб дуо қилар эдилар».

 

698. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим! Мен Сендан бу дунёда ҳамда охиратда авф ва офият сўрайман.

Аллоҳим! Албатта, мен Сендан динимда ва аҳлимда офият сўрайман. Менинг авратимни тўсгин. Менинг қўрқинчимни омонлик қилгин. Мени олдимдан, ортимдан, ўнгимдан, сўлимдан, устимдан муҳофаза қилгин. Мен Сендан остимдан ҳалок бўлишдан паноҳ сўрайман», деб дуо қилар эдилар».

 

1. «Албатта, мен Сендан динимда ва аҳлимда офият сўрайман».

 

2. «Менинг авратимни тўсгин».

 

3. «Менинг қўрқинчимни омонлик қилгин».

 

4. «Мени олдимдан, ортимдан, ўнгимдан, сўлимдан, устимдан муҳофаза қилгин».

 

5. «Мен Сендан остимдан ҳалок бўлишдан паноҳ сўрайман».

 

699. Убайд ибн Рифоъа Зурқийдан, у отасидан ривоят қилинади:

«Уҳуд уруши куни мушриклар чекинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сафларингизни тўғриланглар, мен Роббим Азза ва Жаллага сано айтайин», дедилар.

У зотнинг ортларидан сафга турдилар. Бас, У зот айтдилар:

«Аллоҳим! Сенга ҳамднинг ҳаммаси бўлсин.

Аллоҳим! Сен кенг қилган нарсани тор қилувчи йўқ.

Аллоҳим! Сен узоқ қилган нарсани яқинлатувчи йўқ.

Аллоҳим! Сен яқин қилган нарсани узоқлаштирувчи йўқ.

Аллоҳим! Сен берган нарсани манъ қилувчи йўқ, Сен манъ қилган нарсани берувчи йўқ.

Аллоҳим! Бизга баракотингни, раҳматингни, фазлингни, ризқингни кенг қилгин!

Аллоҳим! Мен Сендан доимий, бошқа ёққа айланмайдиган, заволга учрамайдиган неъмат сўрайман.

Аллоҳим! Мен сендан яхшилик куннинг неъматини, хавф кунининг омонлигини сўрайман.

Аллоҳим! Бизга берган нарсаларингнинг ёмонлигидан ва бизни манъ қилган нарсаларингнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳим! Бизга иймонни маҳбуб қилгин, уни қалбимизда зийнатлагин, бизга куфрни, фисқ ва исённи макруҳ қилгин. Бизни рушди ҳидоятда юрганлардан қилгин.

Аллоҳим! Бизни мусулмон ҳолимизда ўлдиргин ва мусулмон ҳолимизда тирилтиргин ҳамда бизни хор бўлман ва фитнага учрамагин ҳолимизда солиҳларга қўшгин.

Аллоҳим! Сенинг йўлингдан тўсаётган ва Пайғамбарларингни ёлғонга чиқараётган кофирларга қарши ўзинг уруш очгин. Уларга азобингни юборгин.

Аллоҳим! Китоб берилган кофирларга қарши Ўзинг уруш очгин. Ҳақ илоҳсан».

 

1. Аллоҳим! Сенга ҳамднинг ҳаммаси бўлсин.

 

2. Аллоҳим! Сен кенг қилган нарсани тор қилувчи йўқ.

 

3. Аллоҳим! Сен узоқ қилган нарсани яқинлатувчи йўқ.

 

4. Аллоҳим! Сен яқин қилган нарсани узоқлаштирувчи йўқ.

 

5. Аллоҳим! Сен берган нарсани манъ қилувчи йўқ, Сен манъ қилган нарсани берувчи йўқ.

 

6. Аллоҳим! Бизга баракотингни, раҳматингни, фазлингни, ризқингни кенг қилгин!

 

7. Аллоҳим! Мен Сендан доимий, бошқа ёққа айланмайдиган, заволга учрамайдиган неъмат сўрайман.

 

8. Аллоҳим! Мен сендан яхшилик кунининг неъматини, уруш кунининг омонлигини сўрайман.

 

9. Аллоҳим! Бизга берган нарсаларингнинг ёмонлигидан ва бизни манъ қилган нарсаларингнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.

 

10. Аллоҳим! Бизга иймонни маҳбуб қилгин, уни қалбимизда зийнатлагин, бизга куфрни, фисқ ва исённи макруҳ қилгин. Бизни рушди ҳидоятда юрганлардан қилгин.

 

11. Аллоҳим! Бизни мусулмон ҳолимизда ўлдиргин ва мусулмон ҳолимизда тирилтиргин ҳамда бизни хор бўлман ва фитнага учрамагин ҳолимизда солиҳларга қўшгин.

 

12. Аллоҳим! Сенинг йўлингдан тўсаётган ва Пайғамбарларингни ёлғонга чиқараётган кофирларга қарши ўзинг уруш очгин. Уларга азобингни юборгин.

 

13. Аллоҳим! Китоб берилган кофирларга қарши Ўзинг уруш очгин. Ҳақ илоҳсан».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио