Ҳадис ва Ҳаёт (Ҳадис илми)

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

СУННАТ ВА ФУҚАҲОЛАР

Фуқаҳоларимиз Қуръони Карим ва Суннати мутаҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳуклар чиқариш учун «Усул ул-фиқҳ» номли қонун-қоидалар мажмуъи илмини ижод қилганлар. Бу жуда улкан илм бўлиб, ундаги нозик қонун-қоидалар ёрдамида Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, уларнинг нозил бўлиш ёки айтилиш сабаблари диққат билан синчиклаб ўрганилади. Уларда келган ҳукмлар умумийми ёки маълум бир шахс, макон ёки замонга хосми – шулар эринмай ўрганилади. Шунингдек қайси бири носих – бошқасини амалдан қолдирувчи – ва қайси бири мансух – амалдан қолган – эканлиги ўрганилади. Бунга ўхшаш нозик масалалар жуда ҳам кўп ва уларни асосан мутахассислар тадқиқ қиладилар, яхши тушунадилар амалга оширадилар.

Биз муҳаддис билан фақиҳнинг иши орасидаги фарқни яхшилаб тушуниб олсак кифоя қилади. Аввал танишиб ўтганимиздек муҳаддис ўзига етиб келган ҳадиснинг санади ва матнини чуқур ўрганиб, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мансуб эканини ва даражасини, васфини аниқлади. Фақиҳ эса ўша ҳадисни саҳиҳлигини, даражасини аниқ билиб олгандан кейин ундан шаръий ҳукм олишга киришади. Қуръонда келмаган тафсилий ҳукмлар суннатдан олинган. Намозларнинг вақти, ракъатлари сони, қиём, рукуъ, сажда, қаъда ва уларнинг фарзлиги, бошқа ҳукмларнинг вожиб, суннат ёки мустаҳаблиги – ҳаммаси шу жумлага киради. Фақиҳ баъзи ҳадисларда келган ҳукмларни барча мусулмонлар учун умумий ҳукм ёки баъзи шахсларгагина хос ҳукм эканлигини ҳам аниқлайди. Мисол учун Пешин намозни фарзи тўрт ракъат, дейилади. Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тўрт ракъат ўқиганлар, бошқаларга ҳам шуни амр қилганлар. Бу борада бошқа ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бошқа кўпгина ҳукмлар ҳам шунга ўхшаш.

Ҳадис китобларидаги ҳеч шак-шубҳасиз ривоятларда келишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир вақтнинг ўзида тўққиз аёлни ўз никоҳларида ушлаб турганлар. Пайғамбаримизга эргашиш лозимлигини тушунган мусулмон, мен ҳам У зотга эргашиб бирданига тўққиз аёлни ўз никоҳимда ушлаб тураман, деса фақиҳ унга: «Йўқ, биродар, сизга фақат тўрттагача аёлни ўз никоҳингизда ушлаб туришга рухсат, тўққизта аёлни бирданига ўз никоҳида ушлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос ҳукм», дейди. У яна Қуръони Каримдан иккита, учта ёки тўрттагача уйланиш мумкинлиги ҳақийдаги оятни далил қилиб келтиради. Ушбу оят нозил бўлганда тўрттадан ортиқ хотини бўлган одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрттасини олиб қолиб, қолганларини талоқ қилишни амр қилганлари ҳақидаги ҳадисларни далил қилиб келтиради. Чунки, фақиҳ ўзига етиб келган ҳадисдан ҳукм чиқаришга дарҳол киришмайди. Аввал у ҳадисни ҳукм чиқаришга тегишли ҳамма тарафларини «Усули фиқҳ» қоидаси бўйича чуқур ўрганиб чиқади. Аввало Қуръони Каримга солиштиради. Юқоридаги мисолни солиштирганда Қуръонда оддий мусулмон учун тўрттагача аёлни ўз никоҳида ушлаб туриш мумкинлигини топади. Шу билан бу ҳукм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос эканлигига битта далил топади. Кейин ўша ҳадисни бошқа ҳадисларга солиштириб чиқади. Бошқа ҳадисларнинг ҳеч бирида оддий мусулмонга тўрттадан ортиқ уйланишга изн берилмаганини топади. Сўнгра, тўрттадан ортиқ хотини борларга ортиқчаларини талоқ қилиш ҳақида – буюрилган ҳадисларни топади. Кейин эса, тўққиз аёлни бирдан ўз никоҳида ушлаб туриш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос экан, деган ҳукмни чиқаради.

Шунингдек, ҳадислардан ҳукм чиқаришга ишқибоз шоввозлардан бири қўлига тушган ҳадисда «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишдан қайтардилар»-деган маънони ўқийди. Дарҳол ловуллаб кетади: «Ҳадисга амал қилмай, фиқҳга амал қилишнинг оқибати шу. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилмай, қандайдир мазҳаб фақиҳининг айтганини қилиб юришибди. Ахир Аллоҳнинг Расули қабрларни зиёрат қилишдан қайтариб турганларида, фулонийнинг зиёрат қилса бўлаверади, демоқлиги, нима деган гап»-дейди. Китобни у ер-бу ерда одамларга ўқиб беради.

Баъзилар «ҳақиқат бу ёқда экану, чаламуллалар бошимизни айлантириб юришган экан-да», дейди.

Яна бошқалар «аввалги муллалар ҳам бирор нарсани билмаса айтмас. Сен билганни улар билишмасмидими»-деб эътироз билдирган бўлади.

Учинчи тоифа: «Бу ерда бошқа бир нарса бор», дейди. Хулласи одамлар ичида гап кўпаяверади, ихтилоф, фитна чиқади, уриш-жанжалга айланади. Оқибатда Исломга, мусулмонларга душманлар ҳам етказа олмаётган катта зарар етади. Агар шу нарса асрлар ошна бўлиб келаётган ҳолда, етти ўлчаб, мулоҳазаларга бориб ахлоқ-одоб доирасида амалга оширилса ҳамма учун фоида бўлар эди.

Аввало керакли шаръий илмларни чуқур ўрганмай, ҳар бир илмнинг ўз устозларидан изн олмай туриб, кўпчиликка шариат ҳукмлари ҳақида иршод қилиш мумкин эмас. Айниқса оят ва ҳадисдан ўзича ҳукм чиқариш жуда нозик нарса. Қолаверса шариат илмлари бир ёки икки китобдагина мукаммал баён этилган эмас. Балки битта ҳукмни яхшилаб ўрганиш учун гоҳида ўнлаб китобларни ўрганишга тўғри келади. Бирор мавзуъда узил-кесил гап айтишдан олдин, ўша нарсани атрофлича ўрганиб чиқиш керак. Доимо билим борасида ўзидан юқори кишилардан сўраш лозим. Хилофли нарсаларни илмсиз кишилар орасига олиб чиқиш керак эмас.

Юқорида мисол қилиб келтирилган биродаримиз агар тартибли равишда диний дарс кўрган бўлганида бу ишни зинҳор қилмаган бўлар эди. Иқтидорли устозни лозим тутганда ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамаган бўлар эди. Айтайлик, қабрлар зиёратидан қайтариш ҳақидаги мазкур ҳадисни ўқиди. Унда  «Нима учун ҳадисда қайтарилса ҳам муллалар, зиёрат қилса бўлади, дейишади? Нима учун одамлар зиёрат қилишади?», деган саволлар пайдо бўлди. Шунда у одамларга ўз фикрини ҳукм, деб айтиб, уламоларни мазаммат қилиш ўрнига ўз саволига жавоб излаши керак эди. Агар иқтидори етса, шу бобда баҳс юритган бир неча китобларни ўқиб, солиштириб чиқиши, энг осони иқтидорли, тақводор олимнинг ҳузурига бориб, одоб билан ўзида пайдо бўлган саволни бериши керак эди. Агар у шундоқ қилганида, қуйидаги жавобни олар эди. Аввало шаръий илмларга рағбат қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганаётганингиз учун ташаккур! Агар ушбу ҳадисларни мутахассис устоз ҳузурида ўргансангиз яна ҳам яхши бўлар эди. Қолаверса, ўзингизда пайдо бўлган саволни кўпчиликка ҳукм деб айтиб ихтилоф чиқармай, ишонч билдириб каминанинг кулбасига ташриф буюрганингиз учун алоҳида ташаккур!

Энди, саволингизнинг жавобига ўтайлик. Ислом шариатида бошқа барча шариатлардаги каби «носих» ва «мансух», деганлар бор.

«Носих» деганимиз, насх қилувчи – ўчирувчи маъносини англатади.

«Мансух» деганимиз эса, насх қилинган – кетказилган, ўчирилган маъносини англатади.

Ислом шариатида шаръий далил билан собит бўлган бир ҳукмни ўша далилдан кейин келган бошқа бир шаръий далил билан кучдан қолдирилиши, амали тўхтатилишига «насх» дейилади.

Маълумки, Ислом янги келган пайтда инсоният жамиятида кўплаб бидъат-хурофот ва нотўғри урф-одатлар ҳукм сурар эди. Одамларнинг қон-қонига сингиб кетган ана шу нарсаларни муолажа қилишда насх, деб аталган услуб ҳам ишлатилган. Шундай ёмон одатлар қабрларни зиёрат қилишда ҳам бор эди. Энг ёмони, қабрдагиларга сиғиниш, улардан мадад сўраш одати бор эди. Бу эса, ўзингиз билганингиздек ширк ҳисобланади. Ислом эса энг аввал ширкка қарши курашдан иш бошлаган.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динимизнинг дастлабки босқичида мўмин-мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан манъ қилганлар.

Кейинчалик, кишиларда тавҳид ақийдаси мустаҳкам ўрнашиб бўлганидан кейин, бошқа бир ҳадислари билан қабрни зиёрат қилишга изн берганлар. У ҳадисни Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ларида Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизларни қабрлар зиёратидан наҳий қилган (қайтарган) эдим. Бас, энди зиёрат қилаверинглар»-деганлар. Бошқа бир ривоятда «Қабр зиёрати ўлимни эслатади»-деган зиёдаси ҳам бор.

Шундоқ қилиб, жанобингиз ўқиган ҳадис мансух эканини, амалдан қолганини билиб олдик. Муҳаддисларимизнинг вазифалари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисни аниқлаб жамлаш, бўлган. Улар, бунисини мансух экан, ёзмай қўяверайлик, дейишмайди. Илмий омонат юзасидан ўзлари аниқлаган ҳар бир ҳадисни ёзиб қўйишни ўз бурчлари, деб биладилар. Ҳадислардаги бунга ўхшаш дақиқ нарсаларни мулоҳаза қилиб, солиштириб, жумладан носих ва мансухларни ажратиб ҳукм чиқариш эса фуқаҳоларнинг иши. Мана ҳозирги мисолда ушбу ҳақиқатнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунга ўхшаш бошқа мисоллар ҳам бор. Мусулмонлар ичида оч-ялонғоч, таомга муҳтож кишилар кўпайиб кетган бир пайтда (ва яна бошқа ҳикматини Аллоҳнинг ўзи билади) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ҳаром қилганлар. Кейинроқ эса, бу ҳукмни ўзлари насх қилиб, қурбонлик гўштини хоҳлаганича ейишга ижозат берганлар.

У зоти бобаракот Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Мен сизларни қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ олиб туришдан наҳий қилган эдим. Бас, энди ундан хоҳлаганингизча еяверинг»-деганлар.

Азизим, ҳадиси шарифларнинг носих ва мансухини билиш жуда ҳам муҳим. Уламоларимиз бунга катта аҳамият беришган. Аҳмад ибн Исҳоқ ад-Дийнорий, Муҳаммад ибн Баҳр ал-Асфиҳоний, Ҳиббатуллоҳ ибн Салома, Муҳаммад ибн Мусо ал-Ҳозимий ва Ибн Жавзийга ўхшаш уламоларимиз носих ва мансух ҳадислар ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзганлар, булар билан ҳам танишиб чиқсангиз ёмон бўлмасди»-деб ўз гапини тугатади олим.

Шундай мукаммал жавобдан кейин ҳамма учун яхши бўлади. Бекорчи гап-сўз, уруш-жанжал ҳам чиқмайди.

Қачон ҳадислардан ҳукм чиқариш нозик иш экани, бунинг учун кўпгина маълумотлардан хабардор бўлиш зарурлиги ҳақида гап кетса, ҳаётий тажрибада бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади. Бу ибратли воқеа талабаларга ҳам, турли илмий суҳбатлар иштирокчиларига ҳам бир неча бор айтиб берилган.

Бухорадаги «Мир-Араб» мадрасасида таҳсили илм қилиб юрган пайтимиз эди. Ҳадисдан ал-Хатийб ат-Табризийнинг «Мишколт ул-масобийҳ» китобини ўқир эдик. Талабаларнинг жуда озчилиги китобга эга. Китоби йўқлар китоб эгаси атрофини қуршаб ўтиришарди. Ҳадисларнинг биридан «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким туя гўшти еса таҳорат қилсин» деганлар, маъноси чиқди. У ҳадисни сўзма-сўз таржима қилиб, ўтиб кетилди. Шунда ичимиздан ёши каттароқ бир талаба журъат қилиб устозга:

«Тақсир, буни қандоқ тушиниш керак?»-деди.

«Нимани?»-сўради домла.

«Ҳозирги ўқиган ҳадисимизнида. Ахир, туянинг гўштини еган одам таҳорат қилиши керак, дейиляпти-ку?»

«Ҳа, нима бўлибди?»

«Биз туяни гўштини есак таҳорат қилмаймизку?»

«Чунки, фиқҳ китобларида таҳоратни бузувчи нарсалар қаторида туянинг гўштини зикр қилинмаган».

«Ҳадисда таҳорат қилсин дейилса, фиқҳда шарт эмас, дейилса, қайси бирини қилиш керак?»

«Сиз, фиқҳда айтилганин қилаверинг».

«Ҳадис нима бўлади?»

«Ҳадисни билиб қўйдингиз, етади!»

«Жуда қизиқ-ку!»-деди бояги биродаримиз жавобдан қониқмай.

«Сиз гапни кўпайтирмай, биров бир нарса деганидан кейин, хўп, денг».

Дарсдан сўнг талабалар бахсни давом эттирдилар. Баъзилари «бу ҳадис мазҳабимиз уламоларига етмаган бўлса керак», деди.

Бошқалари, «бу ҳадис мансух бўлса керак»-деди. Учинчилари, «биз билмайдиган сабаби бўлиши мумкин», деди.

Яна баъзилари, «домла ҳам билмасмикинлар, аниқ жавоб бермадилар», деди. Бунинг жавобига бошқалари «билсалар керагу, биз қабул қилишга тайёр эмасдирмиз. Шунинг учун айтмаган бўлсалар керак», деди. Хуллас, савол жавобсиз қолди.

Йиллар ўтди. Аллоҳ таоло чет эл исломий илм даргоҳларида таҳсил олишни насиб этди. Ўша ердаги муҳтарам устозларимиздан бирлари, ҳадислардан фойдаланишда кўп илмлардан хабардор бўлиш зарурлиги, баъзи бир ҳадисларнинг айтилиш сабаблари ва тарихи борлиги, агар шулар эътиборга олинмаса тамоман бошқача маъно ва тушунча чиқиб қолишини тушунтирдилар. Бунга мисол келтиришга ўтдилар:

«Ичингизда, туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин, деган ҳадисни ўқиган ёки эшитганлар борми?»-сўрадилар устоз.Талабалар:

«Бор»-дейишди.

«Хўш нимани тушиндингиз, бу ҳадисдан?»-сўрадилар устоз.

«Туянинг гўштини еган одам таҳоратини янгилаши зарурлигини?»

«Демак, сизлардан ким туя гўштини еса, таҳоратини янгидан қилади. Шундайми? Аммо, биз, Моликий мазҳабидагилар бундоқ қилмаймиз».

«Биз ҳам, бундоқ қилмаймиз».

«Нима учун?»

«Чунки, мазҳабимизнинг уламолари буни айтишмаган».

«Мазҳабингиз уламолари нима учун буни айтишмаганини биласизларми?»

«Билмаймиз. Энди сиздан билишни умид қиламиз».

«Бўлмаса эшитинглар. Бу ҳадисни кўриб, туя гўшти еган одам, таҳоратини янгилаш лозим, деганлар бўлса, уларни аҳли зоҳир, дейилади.  Яъни, булар – ҳадисни зоҳиридан ҳукм чиқариб гапираверадиганлар, дегани. Аммо, ҳақиқий фақиҳ олимлар, шаръий далилларнинг нозик-нозик нуқталаригача англаб етадиганлар бундоқ қилмайдилар. Ҳар бир далил билан атрофлича текшириб кўрадилар. Уламоларимиз ушбу биз мисол қилиб келтираётган ҳадисни ҳам текшириб кўрганлар. Аниқласалар, бу ҳадис маълум бир муносабат билан айтилган экан. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар билан жамоат намозини ўқиб бўлиб зиёфатга ўтирибдилар. Ҳамма таҳорати билан келиб зиёфатга ўтирибди. Зиёфатда туя гўшти тортилибди. Ҳамма ундан маза қилиб ебди. Шу орада бировдан ноқулай ҳид чиқибди. Буни ҳамма ўзича мулоҳаза қилибди. Зиёфатдан яна жамоат намозига туриш керак бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким туянинг гўштини еса таҳорат қилсин»-дебтиларда, ўзлари бошлаб таҳорат қилибдилар. Аллоҳ Расулининг юксак одобларини, кишиларни хижолатчиликдан чиқариш учун йўл топганларини қаранг. Агар шундоқ қилмасалар, ҳамма намозга кирганда, ҳалиги хид чиқарган одам, таҳорат қилиши керак эди. Чунки, ҳид чиқаргандан кейин таҳорати кетади, таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмайди. Ўтирганларнинг ҳаммаси таҳорат қилганда эса, ҳид чиқарган одам хижолатчиликдан қутилади», дея устоз сўзларини тугатдилар.

Ушбу дарс кўпимизга ўрнак бўлди. Шариат аҳкомларини, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушинишда кўп ҳаракат лозим эканини яна бир бор англаб етдик.

Агар эътибор берадиган бўлсак «Иймондан кейинги энг яхши амал нима?»-деган саволга турли ҳадисларда турлича жавоблар берилган. Бирида, жиҳод, дейилса, иккинчисида, ҳаж, дейилади ва ҳаказо. Хўш, нима учун бундоқ? Савол бир. Сўралаётган шахс бир – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Нима учун жавоб ҳар хил? Чунки, «сўровчи ҳар хил», дейдилар ҳадиснинг фиқҳини яхши тушинадиган уламоларимиз. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир одамнинг ҳолатига, имкониятларига ва иқтидорига қараб ўзига яраша муомала қилганлар. Иймондан кейинги энг яхши амал нима?-деб сўраган одам шижоатли, паҳлавон, қўрқмас, ботир инсон бўлса, «Жиҳод» деб жавоб берганлар.

Дарҳақиқат, жиҳод унинг ўзига ҳам, Исломга ҳам, мусулмонларга ҳам фойда келтирган. Агар ўша одамга, Аллоҳнинг Расули, рўза тутиш, деганларида, у паҳлавон одамнинг нафл рўзасидан, ўзи, Ислом, мусулмонлар унинг жиҳодидан кўрган фойдани кўрмас эдилар.

Агар савол сўраган одам, нимжон, қўрқоқ ва имкони йўқ одам бўлсаю, унинг саволига, иймондан кейинги энг яхши иш жиҳод, деб жавоб берилса нима бўлар эди? Аввало ушбу гапга амал қилиб жиҳодга борса, ундоқ одамнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегар эди. Қолаверса, бормаган чоғида ҳам, кўнгли ўксир, мен яхши иш қила олмайдиган тоифаданман, деб хафа бўлар, бошқа бир иш қилишга қўли бормас эди. Аммо, унинг ўзига мос ишни иймондан кейинги энг яхши иш, деб юборилса, у жондили билан ўша ишни бажаради. Ҳақиқатдан ҳам унинг учун ўша иш, иймондан кейинги энг яхши иш бўлади.

Ушбу ҳикматларни тушунмаганлар, ҳадислар бир-бирига қарама-қарши, бирида маълум гап айтилса, иккинчисида унинг акси айтилади, деб айюҳаннос соладилар.

Ҳадиси шарифдаги бу нозик масалалар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин, яна бир мисол келтириб гапни мухтасар қиламиз.

Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фахр эмаску, мен одам боласининг улуғидирман», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мени Мусодан афзал кўрманглар»-деганлар.

Буни қандоқ тушинса бўлади? Уламоларимиз бу нарсани ўрганиб чиқиб қуйидаги жавобни берганлар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мени Мусодан афзал кўрманглар»-деган гапларининг сабаби бор. Бир яҳудий одам: «Мусони башарият устидан ёнлаб олган зот билан қасамки»-деган. Бу гапни эшитган бир мусулмон ҳалиги яҳудийни бир тарсаки уриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб шу гапни айтасанми?!»-деган. Сўнгра, тарсаки еган яҳудий Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб шикоят қилган. Ана ўшанда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Мусодан афзал кўрманглар»-деганлар.

Чунки, таассуб ва тарафкашлик йўли билан ҳавойи нафсга берилиб афзал кўришлик дуруст эмас. Аллоҳ бундай фахр қилишни ҳаром қилган. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ўша пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик»- деган.

Ушбу тушунтириш ва мисоллардан кўриниб турибдики, муҳаддиснинг вазифаси бошқа, фақиҳнинг иши бошқа. Икковлари ҳам ҳадиси шарифга боғлиқ иш қиладилар. Аммо икковларининг ишлари ўзига хосдир.

Ҳозирги кунда ҳадис бор бўлгандан кейин, фиқҳнинг ва фақиҳнинг нима кераги бор, дейишлик мазкур дақиқ масалалардан бехабарлигимиздан бўлса керак. Ўшандоқ фикримиз бўлса, бошқа тортишувларни бир томонга қўйиб, муҳаддисларнинг ҳаётларига, мазҳабларига назар солайлик.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио