Нурул-яқин

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ИСРО ВА МЕЪРОЖ

Пайғамбар алайҳис-салом Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин Оллоҳ у кишини Исро ва Меърож мартабасига эриштирди. Расулуллоҳнинг Маккадаги Масжиди Ҳаромдан Байтулмуқаддасга бир кечада бориб келишлари Исро деб, шу куни кечаси осмонга чиқиб, руҳий олам билан танишиб қайтганлари эса Меърож деб аталади. Аҳли суннатлар — эътиқод ва амалларида пайғамбарнинг суннатига ва саҳобаларнинг йўлига эргашувчилар ҳам тўрт чоҳарёр — Абу Бакр, Умар, Усмон, Алини қонуний халифа деб эътироф этганлар — сарвари олам Меърожга жисман чиқиб тушганлар деб ҳисоблашади. Оиша розияллоху анҳу расулуллоҳнинг Оллоҳни кўрганликларини инкор этади. У: "Кимки пайғамбар худо билан кўришган деса, гуноҳкор, бўҳтончи бўлади", дейди.

Исро воқеаси Қуръондаги Исро сурасинииг 1-оятида бундай баён этилган: "Бандасига ўз қудратининг нишоналарини намоён этиш учун уни бир кечада Масжиди ҳаромдан теварак-атрофи барокатли Масжиди Ақсога олиб борган Оллоҳ покдир. У ҳамма нарсани кўриб, билиб тургувчи зотдир". Меърож воқеаси "Саҳиҳул Бухорий" ва "Саҳиҳул Муслим" китобларида ҳаққоний баён этилган. Қози Иёз ҳам ўзининг "Шифо" асарида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган. Анас ибн Моликдан ривоят қилинишича, расулуллоҳ Меърож воқеасини шундай баён этганлар: "Менга эшакдан каттароқ, хачирдан кичикроқ қадами илдам бир дулдул келтирилди. Уни миниб Байтуллоҳга бордим. Дулдулни пайғамбарларнинг уловлари турадиган жойга боғлаб, масжидда икки ракаат номоз ўқиб чиқдим. Жаброил менга бир идишда май билан иккинчи идишда сут келтирди. Мен сутни танладим. "Табиий нарсани топдинг", деди Жаброил. Шундан кейин осмонга кўтарилдик. Жаброил осмоннинг очилишини талаб қилди. Шу пайт: "Кимсан?" деган овоз эшитилди. Жаброил ўзини танитди. "Ёнингда ким бор?" деб сўради бояги овоз. "Муҳаммад бор", деди Жаброил. "Унга пайғамбарлик келдими?" деди овоз. "Ҳа", деди Жаброил. Шундан кейингина осмоннинг қопқалари очилди. У ерда мен Одам алайҳис-саломни кўрдим. У зоти муборак менга пешвоз чиқиб, яхшилик тиладилар. Ундан кейин иккинчи осмонга кўтарилдик. Бу ерда ҳам аввалги савол-жавоблар такрорланиб кўкнинг дарвозалари очилди. Бу ерда Яҳё билан Исони учратдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшиликлар тилашди. Учинчи осмонга ҳам шу таҳлид чиқдик ва бу маъвода жамъи гўзалликнинг ярми ато этилган Юсуфни кўрдим. У ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик тилади. Тўртинчи осмонда Оллоҳ таоло Марям сурасининг 58-оятида: "Идрисни юқори даражага кўтардик", дея эътироф этган Идрис билан юз кўришдик. Бешинчи осмонда Ҳорун билан, олтинчи осмонда Мусо билан учрашдим. Улар ҳам менга пешвоз чиқиб, яхшилик тилаб қолишди. Еттинчи осмонда Байтулмаъмурга суяниб ўтирган Иброҳимни кўрдим. Байтулмаъмурга ҳар куни этмиш минг фаришта кириб чиқар, бир марта ташриф буюрганларига қайтиб келиш навбати тегмас экан. Кейин Сидратулмунтиҳо дарахтини кўргани бордик. Унинг япроқлари филнинг қулоғидек, мевалари қовоқдек келар экан. Роббимнинг амрига биноан бу дарахт ўзгариб, товланиб турарди. Унинг таъриф-тавсифига барча махлуқлар қатори одам ҳам ожиз. Оллоҳ таоло менга баъзи ишларни ваҳий қилиб, бир кеча-кундузда эллик марта намоз ўқишни буюрди. Мен Мусонинг ёнига келганимда у: "Роббинг умматингга нималарни фарз қилди?" деб сўради. Мен эллик марта намоз ўқишни буюрганини айтдим. "Изингга қайтиб, роббингдан ибодатни енгиллатишини ўтин, умматингнинг бунга тоқати етмайди. Сендан аввал мен бани Исроилни синаб кўрганман", деди. Мен дарров изимга қайтиб: "Эй роббим, умматимга енгиллик бер", деб ёлбордим. У намознинг беш маҳалини қисқартирди. Мусонинг ёнига келиб воқеани баён этдим. У юқорига чиқиб, яна енгиллик сўрашни маслаҳат берди. Шу зайил роббим билан Мусонинг ўртасида зир қатнадим. Токи парвардигорим: "Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда беш маҳал намозни фарз қилдим. Ҳар бир намозга ўн маҳалнинг, беш маҳалга эллик маҳалнинг савобини бераман. Кимки бирон эзгуликни ўйлаб уни қилолмаса, бир яхшиликнинг савоби, мабодо кўнглига туккан эзгуликни рўёбга чиқарса, ўн яхшиликнинг савоби берилади. Кимки бирон шумликни кўзласаю, амалга оширмаса, ёмонлик ёзилмайди, мабодо ўйлаган ёмонлигини қилса, битта ёмонликнинг гуноҳи ёзилади", деди. Мусонинг ёнига келиб бўлган гап-сўзларни айтдим. У яна роббингдан енгиллик сўра, деб маслаҳат берди. Мен: "Ҳадеб роббимнинг ҳузурига бораверишдан уяламан", дедим.

Пайғамбар алайҳис-салом шу куни кечаси Маккага қайтдилар. Эрталаб масжидга чиққанларида Абу Жаҳл ибн Ҳошимга тунда юз берган воқеаларни гапириб бердилар, Эси оғиб қолган Абу Жаҳл: "Ҳой Каъб ибн Луай жамоати, буёққа келинглар!" деб одамларни чақирди. Тамошаталаб қурайш мушриклари югургилаб келишди. Расулуллоҳ уларга ҳам Меърож воқеасини баён этдилар. Кофирлар ҳайратдан ёқа ушлаб, бўлмаган гап, дея чуввос солишди, баъзилари чапак чалиб юборишди, баъзилари пешонасини тутамлаб ўйга чўмишди, имони заифроқлари шу заҳоти диндан чиқди. Эринмаган хабарчилар бу гапни Абу Бакрга етказишганда: "Пайғамбар алайҳис-салом шундай деган бўлсалар демак рост гап экан", деди. "Унинг шу бўлмағур гапига ҳам ишонасанми?" дейишди мушриклар. "У кишининг бундан ғайритабиий гапларига ҳам сўзсиз ишонаман", деди Абу Бакр. Шу кундан эътиборан Абу Бакр Сиддиқ ростгўй, самимий, ҳақгўй одам деб аталади. Ночор қолган мушриклар расулуллоҳни синаб кўрмоқчи бўлишди: Байтулмуқаддасни кўрганлари, бу масжиднинг шакли-шамойили қандайлигини сўрашди. Расулуллоҳ Байтулмуқаддасни илгари кўрмаган эдилар, лекин Оллоҳнинг ёрдами билан унинг қандай қурилганини, нечта эшиги борлигини, ҳатто қандай безаклар билан зеб берилганини аниқ айтиб бердилар. "Буни-ку топдинг, энди бизнинг ўша ёққа кетган карвонимиз ҳақида гапириб бер", дейишди мушриклар. Расулуллоҳ мушрикларнинг Шомга кетган карвонида нечта туя борлиги, одамларининг аҳвол-руҳияси ҳақида хабар бериб, карвон фалон куни кун ёришганда шаҳарга кириб келади, тарғил туя йўл бошловчи бўлади, дедилар. Мушриклар айтилган куни йўлга чиқиб туришди. Чиндан ҳам қуёш уфқдан бош кўтарганда узоқдан тарғил туя етовидаги карвон кўринди, лекин бу ҳол уларни имонга келтириш ўрнига кофирлиги ва тарсолигини баттар кучайтирди. Бу ҳодисани кўз бойлоғичлик, фолбинликка йўйишди.

Меърожга чиқилган туннинг эртаси Жаброил алайҳис-салом келиб, расулуллоқга беш вақт намозни ўқиш тартиблари ҳамда намоз вақтларидан таълим берди, Икки ракаат бомдод номози тонг ёришганда, тўрт ракаат пешин номози кун оға бошлаганда, тўрт ракаат номоздигар нарсаларнинг сояси икки баробар узайганда, уч ракаат шом намози кун ботганда, хуфтон намози қизил шафақ йўқолгандан кейин ўқилади. Беш вақт намоз фарз бўлишида аввал расулуллоҳ Иброҳим алайҳис-саломга ўхшаб эрталаб ва кечқурун икки ракаатдан ибодат қилардилар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио