Нурул-яқин

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ОШКОРА ДАЪВАТГА ЎТИШЛАРИ

Мушрикларнинг таҳдиди кучайиб кетганлиги сабабли расулуллоҳ қурайшнинг катта йиғинларида ошкора даъват олиб бормадилар. Мусулмонлар пинҳона ибодат қилишар, номозларини кўпинча Макканинг тоғларига чиқиб, пана-пастқамда ўқишарди. Уларнинг сони ўттиздан ошганда расулуллоҳ ҳаммаларини бир жойга жамлаб, дин аҳкомларини ўргатишлари ва йўқ-йўриқ кўрсатишлари зарур бўлиб қолди. Шу мақсадда биринчилар қатори ислом динига ўтган Арқам ибн Абу Арқамнинг ҳовлисига йиғилдилар. Шу пайтгача Ҳижр сурасининг: "Сенга буюрилганини ошкора ўртага ташла, мушриклар билан тенг бўлма", деган 94-ояти нозил бўлгунча махфий иш тутилган эди. Бу оят келгач, расулуллоҳ Оллоҳнинг ваъдаси ва ёрдамига ишониб, ошкора даъватга ўтдилар. Сарвари олам Сафо тоғига чиқиб: "Ҳой Фиҳр жамоаси, ҳой Ади жамоаси!" — дея бутун қурайш халқини чақирдилар, баъзи уруғ ва жамоаларга одам юбордилар, ҳамма жам бўлгач: "Агар ҳозир сизларга тоғнинг орқасида Маккага ҳужум қилиш учун отлиқ қўшин пойлаб турибди, десам ишонасизларми?" — деб сўрадилар. Одамлар: "Ишонамиз, шу пайтгача сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч ким эшитмаган", дейишди. Расулуллоҳ: "Мен сизларни Оллоҳнинг қаттиқ азобидан огоҳлантирадиган пайғамбарман", дедилар. Одамларнинг орасида турган Абулаҳаб ибн Абдулмутталиб: "Ҳе, ўл-э, бизни шу гапга чақирдингми?" — деди ғазабланиб. Парвардигор бу одам тўғрисида Таббат сурасида: "Абулаҳабнинг икки қўли шол бўлиб қолсин! Шол бўлиши муқаррар! Мол-мулки ва йиғиб-терган нарсалари асқотмайди, у ловуллаб турган дўзахга тушади. Унинг ўтин ташигувчи хотини ҳам ланғиллаган дўзахга тушади, унинг бўйнига гаттиқ ўрилган арқон солинади", дейди. Отин ташиш дейилишида бу аёлнинг сўзамол, иғвогарлиги кўзда тутилган, чунки у аёллар йиғилган жойларда Пайғамбар алайҳис-салом ҳақида ҳар хил уйдирмаларни тўқиб-чатиб, тарқатиб юрарди. Шундан сўнг Оллоҳ Шуаро сурасида: "Ҳеш-ақраболарингни огоҳлантир" деган оятни нозил қилди. Бу оят расулуллоҳнинг қариндош-уруғлари Абдумоноф авлоди бўлмиш Ҳошим, Навфал, Абдушамс жамоасига тааллуқли эди. Шу суранинг 215-216-оятларида Парвардигор: "Сенга эргашган мўминларни қанотинг остига ол. Ҳеш-ақраболаринг даъватингдан бош тортишса, мен сизларнинг қилмишинглардан безорман дегин", дея таъкидлайди. Расулуллоҳ дарров ҳариндош-уруғларини йиғиб: "Элчи ҳеч қачон ўз одамларига ёлғон гапирмайди. Худо ҳаққи мабода мен бошқаларга ёлғон сўзлаганимда ҳам сизларга ёлгон айтмайман, бошқаларни алдаганимда ҳам сизларни ҳаргиз алдамайман. Яккаю ягона Оллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, мен бутун инсониятга, хусусан, сизларга Худо юборган элчиман. Оллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, худди уйқуга кетгандек ўласизлар, уйғонгандек тириласизлар, қилмишинглар учун ҳисоб берасизлар, яхшиликлар учун мукофотланасизлар, ёмонликлар учун жазоланасизлар. Қароргоҳинглар абадий жаннат ёки дўзах бўлади", дедилар. Бу гаплардан йиғилганлар қаттиқ таъсирландилар. Фақат биргина амакилари Абулаҳабнинг тош дийдаси юмшамади. Муҳаммадга бутун араб халқи қарши қўзғалмасидан олдин уни бу йўлдан қайтариш керак. Агар уни одамларга тутиб берсанглар камситилган бўласизлар, тутиб бермасанглар араблар бирлашиб, бизга уруш очади", деди у жазаваси тутиб. "Худо ҳаққи, токи тирик эканмиз Муҳаммадни ҳимоя қиламиз", деди Абутолиб. Йиғилганлар шу қарорга келиб тарқалишди.

Расулуллоҳ ошкора даъватга ўтганларидан кейин қурайш қабиласида тўрт одам йиғилса, у кишининг устидан куладиган, ҳақоратлайдиган бўлишди. Мабода кўча-куйда кўриб қолишса: "Абу Кабшанинг ўғли нуқул осмондан келади-я. Нимасига ишонаркин", дея масхара қилишарди. Сарвари олам эса бунга жавобан: "Худо ҳаққи, сизлар бобокалонимиз Иброҳимнинг динига хилоф иш тутяпсизлар", дея инсон ўз қўли билан ясаган жонсиз бутларга сиғинишни нодонлик, жаҳолат деб атардилар. Ғазабланган оломон ота-боболари сиғинган бутларнинг қаҳрига учрашдан қўрқиб, пайғамбар алайҳис-саломга нисбатан кин-адоват билан қарашарди. У кишини золимлардан асраш ўрнига Ҳошим жамоасининг оқсоқоли амакилари Абутолибнинг ҳузурига бориб, жиянини йўлидан қайтаришни, қаноти остига олиб ҳимоя қилмасликни талаб этдилар. Абутолиб уларни отанг яхши, онанг яхши дея яхши гапириб, ҳовридан туширди. Расулуллоҳ ўз фаолиятларини бемалол олиб баравердилар. Унга сари қабиладошларининг жаҳолати жунбушга миниб, бир-бирларини расулуллоҳга қарши туришга ундашарди. Улар яна Абутолибнинг ҳузурига келиб: "Сен бизнинг энг обрўли, мўътабар оқсоқолимиз бўла туриб, гапимизга қулоқ солмаяпсан, жиянингни қайтариш ўрнига ҳимоя қиляпсан, ота-боболаримизнинг динини ҳақоратлашига, бизларни нодон деб аташига, илоҳларимизни беҳурмат қилишига йўл қўйяпсан. Бу ишинг яхшиликка олиб бормайди", дейишди. Мушриклар Ислом динига, унинг тарғиботчисига қанчалик тиш қайрашса, пайғамбар алайҳис-салом уларни Худо берган ақлни ишлатиб, яхши билан ёмонни бир-биридан фарқламасликда айблардилар.

Қуръони Каримнинг "Бақара" сурасидаги 170-оятда: "Қачонки уларга, "Оллоҳ нозил қилган китобга эргашинглар, дейилса, улар: "Йўқ, биз ота-боболаримизни динига эътиқод қиламиз, дейишади. Агар ота-боболари ҳеч нарсани тушуниб етмаган ва адашган бўлса ҳам, уларнинг динига эргашдингми?" дейилади. "Моида" сурасининг 104-оятида ҳам: "Мушрикларга Қуръон ва пайғамбар томонга юзланинглар", дейилса, улар: "Бизга ота-боболаримизнинг дини кифоя", дейишади. Агар ота-боболари адашган ва ҳеч нарсадан бехабар бўлишса ҳам "уларнииг дини кифоя қилаверадими?" дейилади. "Луқмон" сурасининг 21-оятида эса: "Уларга Оллоҳ нозил қилган китобларга эргашинглар", дейилса, улар: "Биз ота-боболаримизнинг динига эргашамиз", дейишади. "Агар ота-боболарини шайтон дўзахга чақириб турган бўлса ҳам эргашаверишадими?" дейилади." Оллоҳ "Зухруф" сурасининг 22-оятида мушрикларнинг баҳоналарини баён этиб, бундай дейди: "Йўқ, ундай эмас, биз ота-боболаримизнинг бир хил динга, яъни будпарастликка эътиқод қилганини биламиз, биз уларнинг изидан юрамиз".

Оллоҳ таоло мутаассибликда ва тарсоликда мушрикларнинг бу гаплари ота-боболарининг айнан такрори эканини "Зухруф" сурасининг 24-оятида таъкидлаб ўтади: "У, ота-бобомизга эътиқод қилган диндан кўра тўгри бир динни олиб келсам нима дейсизлар", деса, улар: "Сен олиб келган динга ишонмаймиз", дейишади. Уларнинг ота-боболарига собитлик билан астойдил тақлид қилишликлари аждодларининг беақллик, гумроҳликда айбланишига сабаб бўлиши турган гап. Лекин мушриклар эс-ҳушини йиғиб олиш ўрнига баттар жазавага тушиб, Абутолибга: "Муҳаммадга айт, янги динга даъватини йиғиштирсин. Гапимизга кўнмасанг, Муҳаммад билан сен бир томон, биз бир томон бўлиб, то бир-биримизни ўлдиргунча курашамиз", дея таҳдид солишди. Абутолиб учун ўз халқидан ажралиб қолиш оғир эди, бироқ Худонинг пайғамбари ва жиянидан воз кечиши ҳам мумкин эмасди. Шу боис пайғамбар алайҳис-саломни ҳузурига чорлаб: "Эй жиян, одамлар келиб ҳар хил талаб ва шартларни қўйиб кетишди. Энди ўзингни эҳтиётингни қил, бундан буён сени асраш қўлимдан келмайди", деди. Пайғамбар алайҳис-салом у кишининг ночор аҳволини ҳис этиб: "Эй амаки, Оллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазишса ҳам Худонинг ўзи бошлаган ишимга равнақ бермагунча ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча танлаган йўлимдан воз кечмайман", дедилар ва ўпкалари тўлиб тескари қараб олдилар. "Менга қара, эй жиян, — деди Абутолибнинг ҳам кўнгли бузилиб. Расулуллоҳ ўгирилиб қараган эдилар:

— Бор, нимани хоҳласанг, гапиравер, Худога қасамки, сени уларга топшириб қўймайман.

Бу гап пайғамбар алайҳис-саломга қанот бахш этди.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио