Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

71-боб.Мўминларнинг хушхулқ ва камтар бўлишлари ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)» (Шуаро сураси, 215-оят).

 

«Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл кишилардир» (Моида сураси, 54-оят).

 

«Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

 

«Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар. Унинг ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билгувчидир» (Ван-нажм сураси, 32-оят).

 

«Аъроф эгалари (яъни қилган яхши ва ёмон амаллари тенг келиб, жаннатий ҳам, дўзахий ҳам бўлмай, ўртада аъроф — деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахийларга) нидо қилиб дедилар: Тўплаган молу дунёингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизларга асқотмабди-ку. Сизлар «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди», деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал-бечоралик билан ўтган мўъмин-мусулмон) ларми? (Ахир уларга) : «Жаннатга киринглар, сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар (дейилди-ку)» (Аъроф сураси, 48-49-оятлар), деб айтган.

 

601/1. Иёз ибн Ҳимордан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта, Аллоҳ таоло менга тавозуъли бўлишни ваҳий қилди. (Бундан умматим таълим олиб) ҳеч бири бошқа кишига фахрланмасин ва душманлик қилмасин», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

602/2. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуъда бўлса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

603/3. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот ёш болалар олдидан ўтиб, уларга салом бердилар-да: «Расулуллоҳнинг  с.а.в.  одати шарифлари – мана шу тарзда салом берардилар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

604/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот: «Агар Мадинадаги чўрилардан бирортаси хоҳласа, Расулуллоҳнинг  с.а.в.  қўлларидан ушлаб, хоҳлаган жойига олиб кета олар эди», дедилар (Яъни ҳар қандай ожиз, заиф ҳам ҳузурларига кириб, арз-додини айтиб, хоҳлаган ерига бетакаллуф олиб борар эди). Имом Бухорий ривоятлари.

Фойда: Расулуллоҳнинг  с.а.в.  тавозуъликлари ва кишилар ҳожатини чиқаришга ҳарисликлари аён бўлади.

 

605/5. Асвад ибн Язиддан р.а. ривоят қилинади. Оишадан р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в.  уйда нима билан машғул бўлардилар?» деб сўралганида, бу онамиз: «Аҳлиялари хизматида бўлардилар. Бордию намоз вақти кириб қолса, намозга чиқиб кетардилар», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

606/6. Абу Рифоъа Тамим ибн Усайддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига борсам, хутба айтаётган эканлар. Шунда мен: «ўариб киши келиб, дини ҳақида сўрамоқда, чунки динидаги нарсаларни билмайди», десам, у зот менга юзланиб, хутбаларини тўхтатиб, мен томонга юриб келдилар. Кейин курси келтирилди. Унга ўтириб, Аллоҳ ўргатган нарсаларни менга ўргатдилар. Сўнгра яна хутбаларини давом эттириб, унга якун ясадилар. Имом Муслим ривоятлари.

Фойда: Расулуллоҳнинг  с.а.в.  ўта камтарликлари ва кишиларга дин ишларини таълим беришга ҳарисликлари маълум бўлади.

 

607/7. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  агар таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялар эдилар. Анас р.а. айтдилар: Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар сизлардан бирортангизнинг луқмаси тушиб кетса, уни тозалаб есин. Шайтонга (насибасини) қолдирмасин», дедилар. Ва яна лаганни ялашни буюриб: «Чунки таомингизнинг баракаси қаерда эканини билмайсизлар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

608/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни юборган бўлса, албатта, барчалари қўй боққан», деганларида, саҳобалари: «Сиз ҳам боққанмисиз?» дейишди. Шунда у зот: «Ҳа, Макка аҳлининг қўйларини бир қийрот баробаридаги маблағ эвазига боқиб берар эдим», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

609/9. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар ҳайвон  почаси ёки қўлини пишириб, мени меҳмондорчиликка чақиришса, албатта борар эдим. Агар ҳайвон почаси ёки қўлини ҳадя қилишса, уни қабул қилар эдим», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Фойда: Арзимас, озгина нарса тайёрлаб чақирилса тавозуъ қилиб бориш ҳамда озгина нарса ҳадя қилинса, уни қабул қилишга тарғиб бор. 

 

610/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг  с.а.в.  Азбо номли туялари билан бирорта туя мусобақалаша олмас эди. Балки мусобақалашишга яқинлаша олмасди ҳам. Иттифоқо, бир аъробий туясига ўтириб олиб, Расулуллоҳнинг  с.а.в.  ўша туяларидан ўзиб кетди. Бу воқеъа мусулмонларга оғир ботди. Расулуллоҳ  с.а.в.  уларнинг хафа бўлганларини билиб: «Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ уни пасайтирур», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Фойда: Аллоҳ таоло наздида дунёнинг ҳақирлиги ва дунё ишлари мукаммал бўлмасдан, ноқис эканлиги англашилади.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио