Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

49-БОБ Кишиларнинг ташқи кўринишларига қараб ҳукм қилиш ва ботинларини Аллоҳга ҳавола қилиш ҳақида

Аллоҳ таоло:

 

«Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба сураси, 11-оят), деб айтган.

 

390/1. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кишилар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ», деб айтмагунларича, намозни адо этишмагунча ва закотни бермагунларича улар билан урушмоқликка буюрилдим. Агар мана шу айтилган нарсаларни бажаришса, улар ўз жонлари ва молларини мендан сақлашибди. Лекин Ислом ҳақларида (яъни, ҳад ва қасослар) бундай эмас. Бунинг ҳисоби Аллоҳ таолога ҳаволадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

391/2. Абу Абдуллоҳ Ториқ ибн Ушаймдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб Аллоҳдан бошқага ибодат қилишни инкор этса, унинг моли ва жонига ҳамла қилиш ҳаромдир. Унинг ҳисоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

392/3. Абу Маъбад Миқдод ибн Асваддан р.а. ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ  с.а.в. га: «Агар бирор кофир кимсага йўлиқиб, у билан уришиб қолсам ва у қиличи билан қўлимга уриб бирини кесиб ташласа, кейин қочиб дарахт орқасига яшириниб: «Аллоҳ учун мусулмон бўлдим», деса, уни ўлдиришга ҳақлиманми, эй Аллоҳнинг расули?» десам, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўлдирмагин», дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, бир қўлимни кесиб, кейин мусулмон бўлдим, деб айтган-ку», десам, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўлдирмагин, чунки агар ўлдирадиган бўлсанг, у ўлдирилишидан олдинги сенинг мавқеъингда бўлади. Ва сен бу сўзни (яъни, Исломга кирдим, деб айтганидан) олдинги мавқеъда бўласан», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

393/4. Усома ибн Зайддан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  бизни Жуҳайна қабиласидан бўлган Ҳурақа номли жамоага жўнатдилар. Биз субҳда уларнинг суви устига етиб келдик. Мен ва ансорийлардан бири у қавмдан бўлган бир кишига йўлиқиб, уни тутиб олдик. Ва у: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деган эди, ансорий дўстим қўйиб юборди. Мен найзам билан уриб уни ўлдирдим. Қачонки, Мадинага борсак, бу қилган ишим Расулуллоҳ  с.а.в. га етибди. У зот менга: «Эй Усома, «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса ҳам, ўлдирдингми?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у паноҳ топиш учун шундай қилди», десам, у зот: «(У) «Ла илаҳа иллаллоҳ», деганидан кейин ҳам ўлдирдингми?» деб айтаверганларидан мен: «Қанийди, бу кундан олдин мусулмон бўлмасам эди», деб орзу қилдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «(У) «Ла илаҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдиравердингми?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, қиличдан қўрқиб айтди-ку», десам, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб, айтган ёки айтмаганлигини билдингми?» деб шу сўзларни такрорлайвердилар. Ҳаттоки, мен шу кун мусулмон бўлмаганимда-ку, деб орзу қилдим», дейилади.

 

394/5. Жундуб ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  мусулмонлардан ташкил топган бир гуруҳ аскарни мушриклардан бўлган бир жамоага юбордилар. Улар ўша жойга боришди. Ўша ердаги мушриклар орасида бир киши бор эди. У агар мусулмонлардан бирортасига (ёмонликни) қасд қилса, уни бажариб ўлдира олар эди. Кейин мусулмонлардан бўлган бир киши у мушрикни ғафлатда қолганида ўлдиришни қасд қилди. Биз уни Усома ибн Зайд деб айтардик. Усома қачонки қилични кўтарган эди, у мушрик: «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб айтди. Усома уни шу ҳолатда ҳам ўлдираверди. Хабар берувчи Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келганида, у зот бўлиб ўтган воқеани сўрадилар. Шунда у киши бу кимса қилган нарсанинг хабарини берди. Расулуллоҳ  с.а.в.  Усомани чақириб: «Нима учун ўлдирдинг?» деб сўрадилар. Усома: «Эй Расулуллоҳ, у мусулмонларга озор бериб, фалон ва фалон кишини ўлдирди, – деб бир неча нафар кишини номма-ном келтирди, – унга ҳамла қилсам, қиличимни кўриб қолиб «Ла илаҳа иллаллоҳ», деди», деб айтди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўлдиравердингми?» дедилар. Усома: «Ҳа», дедилар. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ» келиб (даъво қилса), нима қиласан?» дегандилар, Усома: «Эй Расулуллоҳ, мен учун истиғфор айтинг», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ» келиб (даъво қилса), нима қиласан?» деб, мана шундан («Агар Қиёмат куни «Ла илаҳа иллаллоҳ» келиб (даъво қилса), нима қиласан?») бошқа сўзни зиёда қилмадилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

395/6. Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Умар ибн Хаттобнинг р.а. «Расулуллоҳ  с.а.в.  замонларида одамлар (қанақалиги) ваҳий орқали аён бўлар эди. Ҳозир эса ваҳий тушиши тўхтади. Биз ҳозир сизларнинг устки кўринишингизга қараб туриб ҳукм қиламиз. Кимнингки ташқи кўриниши яхши бўлса, бизнинг ундан кўнглимиз тинч бўлиб, ўзимизга яқин қиламиз. Унинг ички ҳолати билан эса Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китоб қилиб олади. Ким ташқи кўринишида ёмон кўрилса, бизнинг ундан кўнглимиз тинчимайди. Ва агар ички ҳолатим яхши, деса ҳам уни тасдиқламаймиз», деган сўзларини эшитдим». Имом Бухорий ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио