Ал-жомиъ ас-саҳиҳ

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Лайлат ул-Қадрнинг фазилати ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМИ

2-боб. Лайлат ул-Қадрнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло бундай дейдир:
 «Биз ушбу Қуръонни Қадр Кечаси нозил қилдик. Лайлат ул-Қадр деганда, нени тушунғайсен ва Лайлат ул-Қадр ўзи недир? Лайлат ул-Қадр минг ойдан ҳам яхшироқдир. Ўшал кеча парвардигорлари ҳукми ила фаришталар ва Жаброил тушғайдирлар, ул кеча тонг отгунча омонлиқ кечаси бўлғайдир».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Рамазоннинг фарз эканлиғига ишониб, унга ихлос қилиб ва унинг савобидан умид айлаб, рўза тутгайдир, илгариги қилган гуноҳларининг барчаси кечирилғайдир, ва шунингдек, кимки Қадр Кечасини, унинг улуғлигига инониб, унга ихлос қилиб ва ундан савоб умид айлаб, бедор ўтказғайдир ҳам, илгари қилган гуноҳларининг барчаси кечирилғайдир»,— деганлар».

2-боб. Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутингиз!

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча саҳобалари Лайлат ул-Қадрнинг Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлмоғини тушларида кўришган эркан. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг тушларингиз Лайлат ул-Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисинда эрканлиғига мувофиқ келғайдир, деб ўйлармен. Кимки Лайлат ул-Қадрни кутмоқчи эрса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисинда кутсин!» — дедилар».

Абу Саъид ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтирдик. Жаноб Расулуллоҳ Рамазоннинг йигирманчи куни эрталаб чиқиб, бизга ваъз қилдилар, сўнт: «Тушимда менга Лайлат ул-Қадр аниқ кўрсатилди, аммо унинг қайси кун бўлмоғи ёдимдан чиқиб қолди. Уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутингиз! Мен тушимда лой жойда сажда қилаётган эрмишман, энди кимки пайгамбар бирлан эътикрфга ўтирган эрса, уйига қайтсин!» —дедилар. Биз уйимизга йўл олдик. Осмонда ҳеч қандай булут йўқ эрди. Иттифоқо, бир булут пайдо бўлиб, шундоқ ёмғир ёғдиким, ҳатто масжиднинг томи оқиб тушди, чунки масжиднинг томига хурмо шохлари ёпилган эрди. Сўнг, бомдодга такбир айтилди. Шунда, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лой жойда сажда қилаётганларини, ҳатто пешоналарига лой текканини кўрдим».

3-боб. Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутмоқ лозим


Оиша разияллоҳу анхо:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунлари кутингиз, деб айтибдирлар»,— дейдилар.

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойининг иккинчи ўн кунлигида эътикофга ўтириб, йигирманчи кечани ўтказгач, эътикофни тугатар эрдилар. Кейин, йигирма биринчи кечани ўтказиб, яна эътикофга ўтирар эрдилар, бошқалар ҳам қайтиб бирга эътикоф қилишар эрди. Жаноб Расулуллоҳ Рамазон ойида одатдагидек эътикофга ўтирдилар. Йигирманчи кечани ўтказгач, ташқарига чиқдилар-да, одамларга таъз айтдилар, сўнг уларга бир қанча юмушларни буюриб: «Бу ўн кунликда эътикоф қилдим, аммо менга охирги ўн кунликда ҳам эътикоф қилмоқ лозимлиги аён бўлди, кимки Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилган эрса, эътикофни давом эттирсин! Тушимда менга Лайлат ул-Қадр (кечаси) бўладирган кун аниқ тайинланди, бироқ ул ёдимдан чиқиб қолди. Энди, уни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутингиз! Мен тушимда лой ерга сажда қилаётган эрканман»,— дедилар. Шул кеча ёмғир ёғди, масжид томидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқийдирган ерларига чакка ўтиб, лой бўлиб кетди. Кейин, Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси Жаноб Расулуллоҳнинг бомдод ўқиб қайтаётганларида муборак юзларига лой текканини кўрдим».

Оиша разияллоҳу анҳо:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қадр Кечасини кутингиз!» деб айтдилар»,—дейдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга ўтирардилар ва «Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида кутингиз!» — дер эрдилар»,— дейдилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лайлат ул-Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида, рўзанинг тўққиз куни қолганда ёким етти куни қолганда ёҳуд беш куни қолганда кутингиз!» — дер эрдилар»,— дейдилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лайлат ул-Қадр охирги ўн кунликда — йигирма тўққизда, йигирма еттида бўлғайдир»,— дедилар»,— дейдилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу «Лайлат ул-Қадрни тўртинчи кеча кутингиз!» деган ҳадисни ҳам айтганлар.

4-боб. Лайлат ул-Қадр тайин қилинган куннинг, кишилар жанжаллашиб қолганлиги сабабли, ёддан кўтарилганлиги ҳақида

Убода ибн ас-Сомий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Лайлат ул-Қадр қайси куни бўлмоғини хабар қилмоқ учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўшал кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: «Мен сизларга Лайлат ул-Қадр бўладирган кунни хабар қилмоқчи бўлиб чиққан эрдим, бироқ йўлда фалончи бирлан пистончининг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди, Қадр Кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёким йигирма етти ёки йигирма бешинчи кунларида кутингиз!» — дедилар».

5-боб. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ибодат қилмоққа қаттиқ киришмоқ лозимлиги ҳақида

Оиша разияллоҳу анҳо:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, аҳллари ила алоқа қилмоқдан узоқлашар эрдилар, кечалари ухламас эрдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилмоққа уйғотар эрдилар»,— дейдилар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио