Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжидни супуриб юрадиган қора аёл ёки йигит бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йўқотиб қўйиб, у ҳақида сўрадилар. «У ўлди», дейишди. «Мени чақирсангизлар бўлмасмиди?!» дедилар. Кишилар унинг ишини кичик санашган эди. бас, У зот: «Менга унинг қабрини кўрсатинглар», дедилар. Бас, у зотга унинг қабрини кўрсатишди ва унга намоз ўқидилар ва сўнгра: «Албатта, бу қабрлар ўз аҳли учун зулмат ила тўладир. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла уларни менинг намозим ила мунаввар қилур», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугун Ҳабашдан бир солиҳ одам вафот этди, келинглар унга намоз ўқинглар»-дедилар. Бас, сафга турдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқидилар, биз саф тортиб турдик. Жобир: «Мен иккинчи ёки учинчи сафда эдим», деди». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.
|