Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

КИШИ НИЯТИГА ЯРАША САВОБ ОЛАДИ

Маън ибн Язид розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши айтадиларки:
«Отам Язид садақа қилиб, динорларини чиқарган экан. Уларни масжидга олиб келиб, бир кишининг ҳузурига қўйибди. Мен келиб, уларни олибман. Уларни олиб, отамнинг олдига борсам:
«Аллоҳга қасамки, мен сени ирода қилмаган эдим», деди.
Унинг устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Язид , сенга ният қилган нарсанг. Эй Маън, сенга олган нарсанг», дедилар».
Бухорий «Закот»да ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сувратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».
Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гар кўрпасида ўлса ҳам Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Термизий келтирган ривоятда:
 «Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради», деб келтирилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир одамнинг кечаси ўқийдиган намози бўлсаю, уйқу унга ғолиб келса, албатта, унга намознинг ажри ёзилади. Уйқуси эса, унга садақа бўлади», дедилар».

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсага қасм ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учрасаю унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар» (ёки шунга ўхшаш бир калима). Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:
Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.
Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибдию, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.
Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу-энг ёмон даражадир.
Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса, агар молим бўлганида фалончининг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади», деганлар.
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таборак ва таоло: «Мен-шерикка энг беҳожат зотман. Ким бир амал қилсаю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шерик қилишини ҳам тарк этурман» деди», дедилар».
Муслим ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам: Бир шаҳид бўлган одам. Уни олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сенинг йўлингда жанг қилдим, ахийри шаҳид бўлдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг, сен «шижоатли» дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот:
Сўнгра амр қилиб уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамни, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас, уни олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен, илмни у олим, дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни, у қори, дейилиш учун ўқидинг, шундоқ дейилди ҳам» дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди. Бас, уни олиб келиниб (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитди. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай йўлингда инфоқ қилдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен сахий, дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади», дедилар».
Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жуббул Ҳазан, жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».
Термизий ривоят қилган

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини сир сақлайди. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга икки ажр бор. Сир тутганлик ажри ва эълон қилган ажри», дедилар».
Термизий ривоят қилганлар.

Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, Аллоҳ қиёмат кунида- бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир» деб нидо қилади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио