Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

КИТОБ ВА СУННАТНИ МАҲКАМ ТУТИШ ҲАҚИДА

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Албатта, менинг ва мени Аллоҳ унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб, «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен – яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қиладилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан, менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир», дедилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб сиз ҳам кирасизлар», дедилар. Биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик. У зот:
«Бўлмаса кимга?!» дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди. У зот:
«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўларди?» дедилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.

Абу Ҳурарйа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурарйа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли, худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳайвон ва капалакларга ўхшайди. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турувчиман, сиз эса ўзингизни оловга урасиз», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурарйа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Баъзилари:
«Ухлаб ётибди», дейишди. Баъзилари эса:
«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ», дейишди. Улар:
«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани бунга мисол келтирингларчи», дедилар. Баъзилари:
«У ухлаб ётибди», дедилар. Баъзилари:
«Кўз ухлоқ, Қалб уйғоқ», дейишди. Бас Улар:
«Албатта, бунинг мисоли, худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Бас, ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳм кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дедилар. Улар:
«Буни Унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди.
Баъзилари:
«У ухлаб ётибди», -дедилар. Баъзилари эса:
«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ», дедилар. Бас Улар: 
«Ҳовли – жаннат, даъватчи – Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллога итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад – одамлар орасини фарқловчидир», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага кирдилар-да:
«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз. Бир биродарлариимизни кўрмоқни хуш кўрдим», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дедилар. У зот:
«Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз, ҳали-ҳануз келганларича йўқ», дедилар. Улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандоқ танийсиз?» дедилар. Бас, У зот:
«Айтингчи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, у зот отларини таний оладими?» дедилар. Одамлар:
«Албатта, эй Аллоҳнинг расули», дедилар. У зот:
«Албатта, улар таҳоратнинг асаридан юзлари ва оёқ қўллари порлаган ҳолда келурлар. Мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчилариман. Огоҳ бўлинким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар. Мен:
«Ҳой, бу ёққа келинглар», деб уларга нидо қилурман.
Шунда:
«Батаҳқиқ, улар сендан кейин ўзгартириб юборадилар», дейилади. Мен:
«Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар», дейман», дедилар».
Муслим ва Насаий, баъзисини Бухорий ривоят қилган.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:
«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул (бошлиқ) бўлса ҳам қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки, улар-залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг Суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас уни маҳкам тишлангиз», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен бирортангизни роҳат жойида ёнбошлаб ётганида унга мен амр ёки наҳий қилган нарсалардан бирор иш етса, зинҳор буни билмаймиз, бизга Аллоҳнинг китобида нима келса, шунга эргашамиз, деганини топмайин», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Насоролар етмиш ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинадир», дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у-жамоатдир» ибораси зиёда қилинган.
Ушбу уч ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз зинҳор залолатга кетмассиз. Булар - Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати», деганлар».
Имом Молик ривоят қилганлар.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен сизнинг ичингизда агар маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмайдигон нарсани қолдириб кетувчиман. Уларнинг бири иккинчисидан улуғдир. Аллоҳнинг китоби, осмондан ерга тортилган бир арқондир. Ва итратим, аҳли байтим, Икковлари ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар. У икковларида менга қандоқ ўринбосар бўлишингизга бир назар солинглар!» дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу-ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил»-дедилар. Сўнгра яна:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио