Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

КОМИЛ ИЙМОН СИФАТЛАРИ ҲАҚИДА

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирортангиз то, мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймоннинг белгиси, ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси, ансорийларни ёмон кўришдир», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Имом Насаий ривоят қилишган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, У киши:
«Донни ёрган ва жонни халқ қилган зот билан қасамки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мени фақат мўмингина яхши кўришини ва фақат мунофиқгина ёмон кўришини аҳд қилганлар», дедилар», деб айтди».
Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.
Термизий ва Насаийлар:
«Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таом бермоқлигинг, ҳамда таниган ва танимаган одамингга салом бермоқлигинг», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насаий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар»
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дин насиҳатдир», дедилар.
«Ким учун?» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ учун, У зотнинг китоби учун, У зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул, деб рози бўлса, Иймон таъмини тотган бўлади», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган, Абу Довуд эса:
«Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни мукаммал қилган бўлади», деб келтирган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминларнинг иймони комилроғи, хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши Исломининг ҳусни беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир», дедилар».
Термизий «Зуҳд»да ва Ибн Можа ривоят қилган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, бир кишини масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз, унинг иймони ҳақида гувоҳлик берингиз. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, намозни тўкис адо қилса ва закотни берсагина, обод қилади», деган», дедилар»
Термизий ривоят қилган.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу.дан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг аҳли дўзахнинг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар.
Улардан бир гапга уста аёл:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, аҳли дўзахнинг кўпи эканмиз?» деди.
У зот салоллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларни ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар».
Ҳалиги аёл:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди.
У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ақлнинг нуқсонига келсак, икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».
Бухорийнинг иборатида:
«Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар.
Улар:
«Худди шундоқ», дейишди. У зот:
«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
 «Шайтон бирингизга келиб «Буни ким яратди? Уни ким яратди?» дейди. Ҳаттоки «Роббингни ким яратди?» ҳам, дейди. Қачонки, шунга етганда, у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва бас қилсин», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон биринчи келиб:
«Осмонни ким яратган? Ерни ким яратган?» дейди.
У: «Аллоҳ», дейди. Ким шунга ўхшаш бирор нарсани сезса, дарҳол «Аманту биллаҳи ва Русулиҳи»–Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирдим, десин», дедилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилган.

Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла «Албатта, умматнинг «Бу нима, бу нима?» дейишида давом эта бориб, ҳаттоки, Аллоҳ халойиқни халқ қилди, бас Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дер», дедилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«У айни иймондир», дедилар.
Муслим ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио