Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ўттиз иккинчи ҳадис - Исломда зарар етказиш йўқ

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَعْدِ بْنِ سِنَانٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا ضَرَرَ وَلا ضِرَارَ ". (حديث حسن، رواه ابن ماجه و الدارقطني وغيرهما مسنَدًا. ورواه مالك في الموطأ مُرسَلا: عن عَمْرِو بْنِ يحيى، عن أبيه، عن النبي صلى الله عليه وسلم. فأسقط أبا سعيد. وله طرق يقوي بعضها بعضا).

 Абу Саид Саъд ибн Синон ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиёни текканга ғайришаръий) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!” (Ибн Можа, Дориқутний ва бошқалар ривояти).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Ҳадисда зарар етказмоқ инкор этилган. Унинг шаръий жазо ва қасосга дахли йўқ
Ҳадиси шарифда бировга ноҳақ зарар-озор етказмоқ рад этилган. Аммо жазога лойиқ кимсани қилмишига яраша жазоламоқ шариат доирасидаги ишдир. Масалан, кимгадир зулм қилган кимсанинг муносиб жазога тортилиши шаръий қасос саналиб, бу ҳақиқатда инсонларга ҳаёт бағишлайди. “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар!” (Бақара сураси, 179-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар то “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” деб гувоҳлик бермас эканлар, улар билан уришишга буюрилдим. Агар шаҳодат калимасини айтсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлайдилар, илло унинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳгадир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни улар бир жиноят содир этсалар, қилмишларига яраша молий ёки баданий жазога мустаҳиқ бўладилар.
Аслида жиноятчини қилмишига яраша жазолаш зарарнинг олдини олиш ҳисобланади. Чунки жиноятчининг жазоланиши жамият ва унинг аъзолари учун хавфли зарарни даф этади.

2. Ислом ҳеч қачон зарарли нарсаларга буюрмайди ва фойдали нарсалардан қайтармайди
Аллоҳ таоло бандаларини нимага буюрган бўлса, ўша нарса уларнинг дин ва дунёлари учун фақат фойда келтиради. Аллоҳ таоло ман этган ишлар эса, ҳеч шак-шубҳасиз инсонлар ҳаёти ва Охирати учун зиён-фасоддан ўзга нарса эмас. “Айтинг: “Парвардигорим адолатга буюргандир”. (Аъроф, 33-оят).
Албатта адолат замирида фақат эзгулик ётади. Аллоҳ таоло инсонлар ақли ва танаси учун фойдали бўлган нарсаларни ҳалол қилди. Бандаларнинг ҳис-туйғулари, куч-қувватлари, соғлик-саломатликлари ва мол-мулкларига зарар етказувчи нопокликларни эса қатъий ҳаром қилди.
“Айтинг, “Аллоҳ бандалари учун чиқарган зийнат ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?!” Айтинг: “Улар  ҳаёти дунёда иймон эгалари учун бўлиб, “кофирлар ҳам уларга шерик бўлур, Қиёмат кунида эса фақат (мўминларнинг) ўзларига хосдир”. (Аъроф, 32-оят).
“Айтинг: “Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, - чунки у нажасдир, - ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса ҳаромдир”. (Анъом, 145-оят).
Аллоҳ таолодан ўзгага атаб сўйилган жонлиқ “фосиқлик” дейилди. Чунки у шу ишни қилувчи инсонни Парвардигор итоатидан чиқаради.

3. Динда ҳараж-танглик йўқ
Исломда зарар йўқлиги боис бандалар устидан ҳараж-танглик кўтарилгандир. Инсон ўзи мукаллаф бўлган амални бажариш асносида мушкул аҳволга тушиб қолса, шариат унга енгиллик беради. Бу ерда ҳеч қандай ғайритабиий нарса йўқ. Зеро, Ислом енгиллик динидир. “(Аллоҳ) бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж, 78-оят). “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмас!” (Бақара, 286-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим”. (Аҳмад ривоятлари.)
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди:
- Аллоҳ учун энг суюкли дин қайси?
- Ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Аҳмад ва Бухорий ривоятлари).
Яъни, суюкли дин ёлғиз Аллоҳ таолога чақирувчи, бандаларни машаққатли ва танг ҳолатларга солиб қўймайдиган ҳақ дин. Ҳолат ва вазиятлар ўзгарса ҳам шаръий таклиф ўз ўрнида қолганида, мукаллафга катта зарар-оғирлик тушар эди.
Машаққат пайтида шариат берадиган енгилликларга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
а) Киши бемор бўлса ёки сув топа олмаса, таяммум қилади. “Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд аёлларингизга қўшилган бўлсаларингизу сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз: юзларингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз. Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқ истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга ўз неъматини комил қилиб қўйишни истайди”. (Моида, 6-оят).
б) Касал ва мусофир кишилар рўза тутмасликлари мумкин.
“(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди”. (Бақара, 185-оят).
в) Ҳаж қилаётган киши айрим сабабларга кўра тақиқланган ишларни қилиши мумкин. “Ҳадянгиз ўз жойига бормагунча бошларингизни қирманг. Энди агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирор дарди бўлса (ва сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд (қўй) сўйиш билан эваз тўласин!” (Бақара, 196-оят).
Ҳадя жойи – Ҳарам. Вақти – Зулҳижжанинг ўнинчи куни.
г) Қийналиб қолган қарздорга муҳлат берилади.
Ҳалол нарса учун маълум бир муҳлатга қарз олган киши белгиланган муддатда қарзини уза олмаса, қарз берувчи тўлов муддатини узайтириши лозим. Қарздор тўлаш имконини топгунга қадар муҳлат узайтирилади. “Агар қарздор ночор бўлса, бойигунча кутинг”. (Бақара, 280-оят).
Фақиҳлар фатво берганлар: “Қарздор киши ўз мулкига зарар етказиб, яъни кийим-кечаги, уй-жойи, зарур хизматкоридан ажралиб ёки бола-чақаси тирикчилиги учун шарт бўлган тижоратига путур етказиб қарзини тўлашга мажбур қилинмайди”.
д) Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши, ўз назрини бажаришга мажбур эмас. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ўғли кўмагида қадам ташлаб кетаётган бир қарияни кўриб, сўрадилар:
- У нега бундай қиляпти?
- Қария ҳажга пиёда боришни назр қилган экан, - деб жавоб беришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу одамнинг ўзини қийнашидан беҳожатдир!” дедилар ва унга уловга минишни буюрдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят: Опам ҳажга пиёда боришни назр қилиб, менга Расулуллоҳдан фатво сўраб беришни буюрди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим.
- Пиёда ҳам юрсин, от-уловга ҳам чиқсин! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши қандай йўл тутади? Уламолар бу ҳақда шундай дейдилар:
Имом Аҳмаддан нақл қиладилар: “Пиёда юриши шарт эмас. У ҳар қандай ҳолатда ҳам от-уловда юради ва бунинг ҳеч қандай зиёни йўқ”. Яна бир ривоятда “Уч кун рўза тутиб беради”, дейилган бўлса, бошқа бирида “Ичган қасами (назри)нинг каффоратини адо этади”, - дейилган.
Имом Молик айтадилар: “Ҳажга пиёда боришни назр қилган киши от-уловга минса, ҳажи ўтмайди. У ҳажининг қазосини адо этишга мажбур бўлади. Назр қилган киши қанча пиёда юрган бўлса, ўшанча жойини от-уловда босиб ўтиши, қанча от-уловда юрган бўлса, ўшанча пиёда юрмоғи лозим. Бордию пиёда юрганидан от-уловда юргани кўп чиқса, ҳажининг қазоси билан ҳадя-қурбонлик қилиши ҳам керак бўлади”.
Машҳур қавлга кўра бундай одам, агар тоқати етса, ҳажга пиёда боради. Бордию пиёда юришдан ожиз бўлса, от-улов миниб ҳаж сафарига чиқади ва каффорат ёки қурбонлик қилиши шарт бўлмайди. Имом Шофеий ҳам шундай фатво берганлар. Баъзилар “От-уловга минган киши қасами-назрининг каффоратини адо этиши керак”, - дейишади...

4. Зарарнинг кўринишлари
Одатда хатти-ҳаракатларнинг ушбу икки турида зарар мақсади намоён бўлади:
Биринчи: Мукаллафнинг фақат бировга зарар етказишни кўзлаб қилган хатти-ҳаракатлари. Албатта бундай хатти-ҳаракатлар қатъий ҳаромдир.
Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади.
Биринчи: Шариатда ҳаром ҳисобланган, кўпинча ўзгаларга зарар  етказувчи биринчи турдаги хатти-ҳаракатлар
Буларга қуйидаги мисолларни келтириб ўтиш мумкин:
а) Савдо-сотиқдаги зарар.
Унинг бир неча кўринишлари мавжуд:
·                    Мажбурий савдо (“Байъул-музтар”)
Сиз бир нарсага муҳтожсиз, бироқ унга етадиган маблағингиз йўқ. Шунда сиз шу зарур нарсани эгасидан одатдаги баҳосига қараганда бир неча баробар ортиқча нархда оласиз. Масалан, аслида минг сўм турадиган нарсани икки минг сўмга оласиз.
Али разияллоҳу анҳу хутба қилиб дедилар: “Ҳали одамлар бошига ситамли кунлар келади. Ўзига тўқ-бадавлат одам қўлидаги мол-мулкига ёпишиб олади, хасислик қилади. Ҳолбуки, унга бундай қилиш буюрилмаган эди. Аллоҳ таоло “Ўртангизда фазлни унутиб қўймангиз!” деган. Қийин аҳволда қолган кишилар билан савдо қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “байъул-музтар”дан (қийин аҳволда қолган киши билан савдо қилиш) қайтарганлар”. (Абу Довуд ривоятлари). Исмоилий ривоятларида қуйидаги сўзлар ҳам зиёда қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “...Агар қўлингда биродарингга нафи тегадиган хайр-яхшилик бўлса, яхшилик қилгин. Аксинча бўлса, унинг ҳалокатини ҳеч ҳам зиёда қилмагин!” Яъни, бундай пайтда муҳтож инсонга эҳсон қилиш ниҳоятда муносибдир. Унинг аҳволини бадтар оғирлаштириш тўғри эмас.
Абдуллоҳ ибн Маъқал мажбурий савдо рибодир дедилар. Ҳарб айтадилар: “Аҳмаддан “байъул-музтар” ҳақида сўрашди. У киши макруҳ дедилар”.
·                    Пулини маълум муддатгача тўлаш шарти билан насияга сотиб олинган молни нақд пулга арзон баҳода сотиб юбормоқ
Масалан, бир одам пулга муҳтож, бироқ қарз бериб турадиган одам топилмади. Шунда у маълум муддатга насияга мол сотиб олади. Мақсади - нақд пул топиш учун уни сотиб юбориш.
Агар у молни аввалги эгасидан бошқа одамга сотадиган бўлса, бу ҳақда Аҳмад: “Бунинг байъул-музтар бўлишидан қўрқаман” деганлар.  
Агар мол аввалги эгасига арзон баҳода қайтариб сотилса, жумҳур олимлар сўзига биноан бундай савдо ботил ва ҳаром бўлади. Улар буни судхўрликнинг бир воситаси деб билганлар. Бу Молик, Абу Ҳанифа ва Аҳмадлар сўзи. Улуғ имомлар ўз сўзларига Дориқутний ривоят қилган ушбу асарни ҳам ҳужжат сифатида келтирганлар. Бир аёл Оиша разияллоҳу анҳога деди:
- Мен Зайд ибн Арқамга ойлик маош олганида тўлаш шарти билан саккиз юз дирҳамга қул сотган эдим. Кейин Зайдга унинг пули зарур бўлиб қолди. Шунда мен ҳали тўлов муддати келмай туриб қулни ундан олти юз дирҳамга сотиб олдим.
- Сен қилган олди-сотди жуда ёмон бўлибди! - дедилар Оиша разияллоҳу анҳо – Зайд ибн Арқамга айтиб қўй, агар тавба қилмаса, Аллоҳ таоло унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилган жиҳодию ҳажини ботил этади!
Шундан сўнг Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳу Оиша разияллоҳу анҳо ҳузурларига узр сўраб келдилар. Онамиз разияллоҳу анҳо унга қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза-насиҳат етгач  тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга топширилади”. (Бақара, 275-оят).
Уламолар ушбу ҳадис тўғрисида айтишди: Оиша разияллоҳу анҳонинг ушбу сўзлари ва қайтаришлари мазкур фатвони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганларига далил бўлади. Агар савдо битимида судхўрлик қилишга йўл қидирилган, яъни ҳийла ишлатилган бўлса, Имом Шофеий ҳам юқоридаги мазҳаб имомлари фикрига қўшилганлар. Бироқ савдода судхўрлик қилиш мутлақо кўзда тутилмаган бўлса, Шофеий наздларида бундай савдо дуруст саналади. Чунки бу ерда савдо рукнларига путур етаётгани йўқ. Одамларнинг хатти-ҳаракатидан эса ёмон гумон қидирилмайди. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини ниятларига қараб Ўзи ҳисоб қилади. Бу Имом Шофеийнинг фикрлари.
·                    Ҳаддан ташқари қиммат баҳолаш.
Харидор нарсани яхши ажрата олмагани боис бир молни ортиқча қиммат нархда сотиб олиши мумкин. Бироқ сотувчи бундан тийилмоғи лозим.
Имом Аҳмад ва Молик мазҳабига биноан бундай чоғда харидорнинг савдони бузишга ҳаққи бор. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савдо-сотиқда кўп алданишни айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
- Савдо қилаётганингда: “Алдов йўқ!” деб айтгин. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
 Имом Аҳмад “алдов”га қуйидагича шарҳ берганлар: “Бу –одатда ҳеч ким алданмайдиган даражада чув тушириш”. Масалан, бир сўм турадиган нарсани беш сўмга пуллаш.
Моликийлар фикрига кўра агар нарсани сотилаётган баҳосидан кўра учдан бирига ортиқроққа сотган бўлса, харидор савдони бекор қилишга ҳақли.
б) Васиятда зарар етказиш
Бу икки турли бўлади:
·       Айрим меросхўрларга Аллоҳ белгилаб қўйган миқдордан ортиқча улуш ажратмоқ. Натижада қолган меросхўрлар ҳаққига зарар етади. Модомики, қолган меросхўрлар норози эканлар, айрим ҳақдорларга зиёда мерос ажратиш шариатда ман этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир ҳақдорга ўз тегишини бериб қўйган. Бинобарин, мерос олувчилардан бирига алоҳида васият қилиш йўқ!”
·                    Меросхўрлар ҳаққига зарар-нуқсон етказиш мақсадида етти ёт бегонага мерос қолдирмоқ. Меросхўрларга зарар етказиш кўзда тутилган-тутилмаганлигидан қатъиназар, модомики, меросхўрлар ижозат бермас эканлар, бегона кишига мероснинг учдан биридан ортиқроқ васият қилиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бегонага бериладиган мерос миқдори тўғрисида бундай дедилар: “Учдан бири бўлса майли. Аслида учдан бири ҳам кўп!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Банда ҳаёти давомида ўтказиб юборган яхшиликлар ёки хайр-эҳсон борасида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши учун унга молининг учдан бирини бегонага васият қилишга рухсат берилди. Албатта, у меросхўрларга зарар етказишни мақсад қилмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда, гуноҳга ботади. “Мерос тақсимоти сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо этилганидан кейин бўлур”. (Нисо, 12-оят).
Банданинг васият воситасида меросхўрларга зарар етказиши унинг ажр-савобдан маҳрум бўлиб, ёмон оқибатга дучор бўлишига олиб бориши ҳам мумкин. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эркак-аёл Аллоҳ итоатида олтмиш йил амал қилади. Сўнг уларнинг жон бериш вақти келади. Ҳар иккиси васиятда зарар беришга уринади. Бас, оқибат иккисига ҳам дўзах вожиб бўлади!” Сўнг Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қуйидаги оятни ўқидилар: “Мерос тақсимоти сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо қилинганидан кейин бўлур”. (Термизий ва бошқалар ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: “Васиятда (меросхўрлар ҳаққига) зарар бермоқ гуноҳи кабиралардандир”.
Агар жон бераётган киши васияти орқали меросхўрига зарар етказишни мақсад қилганига иқрор бўлса, ўша васият амалга ошириладими ёки рад этиладими? Аксарият олимлар сўзига кўра васият амалга оширилади. Лекин имом Моликдан бундай васиятнинг рад этилиши ривоят қилинган.
в) Қайта никоҳга олиш.
Аёлни ражъий (бир ёки икки) талоқ қилган киши идда муддати битмасдан уни яна ўз қарамоғига олиши мумкин. “Уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди”. (Бақара, 231-оят). “Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар”. (Бақара, 228-оят).
Демак, ражъий талоқ қилган хотинини унга зарар етказмоқ ниятида идда муддати битмасдан қайта никоҳга олган кимса, гуноҳга қўл урган бўлади. Хўш, бу зулм қандай кўринишда бўлиши мумкин?
Бир киши хотинини ражъий талоқ қилади-да, идда муддати битишга озгина қолгунга қадар ташлаб қўяди. Сўнг аёлини қайта никоҳга олади. Бироқ у жуфтини яхши кўриб ёки рағбат билдириб бу ишни қилмайди. Унинг нияти имкон қадар аёлни янги турмушдан тўсиб туриш. Шу боис у жуфти ҳалоли қаршисидаги ўзининг эрлик вазифасини ҳам адо этмайди. Айни ҳолат номард эр томонидан такрор содир этилиши мумкин.
Имом Молик фатволарига биноан талоқ қилган аёлининг идда муддатини узайтириш орқали унга зулм қилишни кўзлаган кимса, агар хотинини идда муддатида қайта никоҳига олиб, сўнг у билан қовушмасдан яна талоқ қилса, идда муддати янгидан бошланмайди. Яъни, аввалги идда муддати ўз кучида қолади.
Имом Аҳмаддан нақл қилинган қавлга биноан эр зарар беришни мақсад қилган-қилмаганлигидан қатъиназар, аввалги идда кунлари ҳисобга олинади.
Бироқ аксарият олимлар наздида ҳар қандай ҳолатда ҳам идда муддати янгидан бошланади. Аёлига зулм қилиш учун юқоридаги услубни қўллаган эр эса гуноҳкор бўлади.
г) Қасам ичиб зарар етказмоқ.
Яъни, эр маълум муддат мобайнида ёки мутлақо аёлига яқинлашмасликка қасам ичади. Агар у қасам ичганидан бошлаб тўрт ой ўтгунга қадар аёли билан қовушса, аёлини қайтариб олган бўлади ва қасамини бузгани учун каффорат тўлайди. Мабодо тўрт ой ўтса ҳам, юқоридаги қароридан қайтмаса, эр шариат кучи билан қайтарилади. “Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида аёлларига) қайтсалар, жоиздир. Зеро, Аллоҳ шубҳасиз мағфиратли, раҳмлидир. Ва Агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, албатта Аллоҳ эшитувчи, билувчидир”. (Бақара, 226-227-оятлар).
Хўш, ўз сўзида қатъий турган эр қай тарзда қайтарилади? Олимлар бу масалада икки хил фикр билдиришган:
Жумҳур олимлар фатвосига биноан эр қози ҳузурига олиб келинади ва унга қароридан қайтиш ёки аёлини талоқ қилиш буюрилади. Агар эр қайсарликда давом этса, унинг ўрнидан қози ражъий талоқ айтади.
Ҳанафийлар сўзига кўра эса, қасамдан кейин тўрт ой муҳлат ўтиши билан ўз-ўзидан аёлга боин талоқ тушади.
Қасамга ўхшаш бошқа масалаларни ҳам шунга қиёс қилиш мумкин.
Аёлига зарар бермоқ қасдида қасам ичмасдан тўрт ой у билан яқинлик қилмаган эрнинг ҳукми нима бўлади? Ушбу ҳолатга имом Аҳмад шундай деганлар: “Унинг ҳукми аёлидан қасам ичиб юз ўгирган кимса ҳукми билан бир хил!”
Ҳанбалийлар наздида тўрт ой муддат орасида аёли билан ҳеч бўлмаса бир марта яқинлик қилмоқ вожиб (фарз) саналади. Ҳеч қандай узрли сабабсиз ташлаб қўйилган аёл талоқ сўраса, бир гуруҳ ҳанбалий олимлар фикрига кўра эридан ажратиб олинади. Хўш, айни ҳолатда зарар бериш қасди бор-йўқлигига қараладими?
Молик ва унинг асҳоблари наздида аёлининг тўшагини ҳеч қандай узрсиз тарк этса, никоҳ бузилади. Бироқ улар ўртасидаги иддани турлича белгилашган.
Ҳеч қандай узр-сабабсиз сафар муддатини чўзаётган эрдан аёли уйга қайтишини талаб қилсаю эр рози бўлмаса, Молик ва Аҳмад сўзларига биноан ҳоким эр-хотин ўртасини ажратиб қўяди.
д) Бола эмизишда зарар етказиш.
“Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни оналарни) яхшилик билан едириб, кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли она ҳам, ота ҳам зарар тортмасин”. (Бақара, 233-оят).
Онанинг боласини эмизишга ҳаққи бор. Агар эр аёлидан тўла роҳатланиш учун асраш мақсадида жуфти ҳалолини боласини эмизишдан ман этса, бу жоиз. Бироқ аёлини қийнамоқ қасдида юқоридаги ишга қўл урса, гуноҳкор бўлади ва шариат кучи билан қайтарилади. Ҳар икки ҳолатда болани эмизадиган бошқа аёл бор бўлиши керак. Агар болани эмизишга бошқа аёл топилмаса ёки гўдак бегона кўкракни оғзига олмаса, эрнинг аёлини эмизишидан тўсишга мутлақо ҳаққи йўқ. Чунки бу ерда гўдакка зарар етади.
Она кимнингдир никоҳида бўлмаса, яъни ажрашган ёхуд эри ўлиб бева қолган бўлса, у боласини эмизгани учун гўдакка қараши шарт бўлган кишидан ҳақ талаб қилиши мумкин. Ана шунда боланинг отаси ёки вориси аёлга ҳақ тўлашга мажбур. Агар она эмизгани учун жуда катта ҳақ талаб қилса, лекин ота ёхуд ворис эмизадиган бошқа аёлни топсалар, онанинг талабига рози бўлишга мажбур эмаслар. Чунки она эмизиш баҳосини ошириб, уларга зарар етказишни кўзлаяпти. Бироқ бошқа эмизувчи топилмаса, отага ҳам, болага ҳам зарар етмаслиги учун она ўша пулга гўдакни эмизишга мажбур қилинади.
Иккинчи: Мукаллаф тўғри ниятда баъзи бир ишларни амалга оширади. Лекин унинг кўзлаган мақсади оқибатида ёки асносида бошқа бировга зарар етади. Яъни, кишининг ўз мулки доирасида қилган хатти-ҳаракатидан бошқаларга зиён етади ёки у бошқа бировни ўз мулки имкониятидан фойдаланишга қўймайди. Натижада тасарруф ҳуқуқидан маҳрум бўлган киши зарар кўради.
а) Ўз мулки доирасида хатти-ҳаракат қилиб, ўзгаларга зарар етказмоқ икки хил кўринишда бўлади:
·       Мулкида ғайриодатий суратда хатти-ҳаракат қилмоқ. Албатта бу мумкин эмас. Агар ушбу хатти-ҳаракат оқибатида бошқалар зарар кўрса, айбдор улар кўрган зарарни тўлайди. Масалан, қаттиқ шамол турган кунда ўз ерида ўт ёқиш. Албатта, ўт қўшни ерларга ҳам ўтиб кетади. Оқибатда ер эгаси қўшниларига етказган зарарни тўлашга мажбур бўлади.
·       Ўз мулки доирасида одатий хатти-ҳаракат юритиб, бировларга зарар етказмоқ.
Бу борада фиқҳий назарлар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, қўшнисининг қудуғи ёнидан қудуқ қазиб, унинг сувини қуритмоқ. Имом Молик ва Аҳмад фикрига кўра ҳалиги киши бу ишдан қайтарилади. Агар қудуқ қазиса, қудуғи кўмиб ташланади. Чунки у бировга зарар беряпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Қудуқ) қазишда бир-бирингизга зарар етказманглар!” (Абу Довуд ривоятлари). Яъни, бировнинг сувини кетказиш учун унинг қудуғи ёнидан қудуқ қазиманглар. Бошқа уламолар эса буни жоиз дейишган.
Шунингдек, қўшни тарафга дарча-дераза очмоқ ёки баланд бино қурмоқ, унинг ҳовлиси кўринадиган қилиб ёки уларни қуёшдан-ёруғликдан тўсиб баланд уй солмоқ мумкин эмас. Хусусан, ҳоким уй солувчининг нияти ёмонлик эканини тахмин қилса, уни бу ишдан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнининг ҳаққи хусусида гапириб, дедилар: “Қўшнининг изнисиз баланд бино қуриб, уларни шамолдан тўсиб қўймасин”. (Хароитий ривоятлари).
Имом Аҳмад наздида шундай. Айрим Шофеийлар ҳам бу борада Имом Аҳмад фикрига мувофиқ йўл тутганлар.
·                    Ўз мулкида қилган хатти-ҳаракати оқибатида қўшниларга зарар етказмоқ. Мисол учун бир нарсани қаттиқ силкитмоқ, тарақлатиб урмоқ ёки бадбўй ҳидли нарсани сақламоқ. Молик ва Аҳмад мазҳабида киши бу ишидан қайтарилади. Шофеийлар наздида эса фақат бировлар мулкига зарар етказсагина, ман этилади.
·                    Бировларга зарарли бўлган нарсани, агар имкони бўлса, эвазини тўлаб даф этмоқ. Дейлик, сизнинг мулкингизда бошқа бировнинг ҳам ҳаққи бор. Масалан, бирон хона ёки ҳаммом ҳар иккингизга тегишли. Бироқ шеригингизнинг ўз ҳақидан фойдаланишида сизга зарар мавжуд. Айни ҳолатда ҳалиги киши ўз ҳақини чегириб ташлашга мажбур қилинади. У ҳақ эвазини ёки пулини олади. Натижада биродарига етаётган зарар даф этилади.
Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича бир ансорийнинг ҳовлисида Самура разияллоҳу анҳуга тегишли унча катта бўлмаган хурмо бор эди. Ансорий бола-чақали одам эди. Ҳар гал Самура разияллоҳу анҳу хурмо учун ҳовлига кирганларида, у ноқулай ҳолатга тушиб, қийналарди. Шу боис ансорий Самура разияллоҳу анҳудан хурмони сотишларини сўради. Самура разияллоҳу анҳу рози бўлмади. Хурмоларининг эвазига бошқа жойдан хурмо олиб беришни таклиф қилди. Самура яна рад этди. Ниҳоят, ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб воқеани сўзлаб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Самурага юқоридаги икки таклифни айтдилар. Самура яна рози бўлмади. “Хурмо дарахтини унга бер, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. - Фалон-фалон нарса сеники бўлади”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёққан нарсаларни таклиф этдилар. Бироқ Самура ўз сўзида қаттиқ туриб олди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорийга қуйидаги буйруқни бердилар: “Бориб, хурмосини қўпориб ташла!” (Абу Довуд ривоятлари).
Имом Аҳмад ушбу ҳадисни эшитгач, шундай дедилар: “Бировларга зарарли бўлган шу каби ишлар, албатта ман этилади. Агар кимдир ихтиёрий равишда рози бўлмаса, ҳоким томонидан мажбур қилинади. Бундай ишларда биродарига зиён етказишига йўл қўйилмайди, шунда у биродарига қайишган бўлади”.
б) Ўз мулкидан бошқа бировнинг фойдаланишини ман этиб, унга зарар етказмоқ. Бу ерда бир қанча масалалар мавжуд.
·                    Қўл остидаги мулкидан қўшнисининг фойдаланишига йўл қўймаслик.
Агар қўшнининг фойдаланиши оқибатида сиз зарар кўраётган бўлсангиз, қўшнингизни мулкингизда хатти-ҳаракат қилишдан ман этишингиз мумкин. Масалан, сизнинг қулай-қулай деб турган деворингиз бор. Қўшнингиз унинг устига тўсин ташламоқчи бўлди. Ҳолбуки, девор уни кўтара олмайди. Сиз қўшнингизнинг девордан фойдаланишига қарши туришингиз мумкин. Аммо қўшнининг фойдаланишидан ҳеч кимга зарар етмаса-чи...
Абу Ҳанифа, Шофеий ва Молик наздида мулкингиздан берухсат фойдаланмоқчи бўлган қўшнини ман этишга ҳақлисиз. Чунки қўшнингиз хатти-ҳаракати орқасидан сизга зарар етиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон кишига биродарининг розилигисиз унинг таёғини ҳам олиш ҳалол эмас!” (Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Негаки Аллоҳ таоло мусулмоннинг молини ноҳақ ейишни қатъий ҳаром қилган.
Имом Аҳмаднинг фикрлари эса ўзгача: Мусулмон киши унинг мулкидан фойдаланмоқчи бўлган қўшнисини қайтармаслиги лозим. Кўнмаган тақдирда эса, Имом Аҳмаддан “бунга мажбур этилади” ва “мажбур этилмайди” деган икки хил ривоят мавжуд.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бирингиз унинг деворига ёғоч ташламоқчи бўлганида, қўшнисини рад этмасин”. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дедилар: “Сизларга не бўлдики, бу ҳадисдан юз ўгираяпсизлар?! Аллоҳга қасамки, шу ҳадис билан елкаларингизга тушираман”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Масламага “қўшнингни сувини ҳовлингдан оқиб ўтишига қаршилик қилмайсан”, деб ҳукм чиқариб, “Ҳатто қорнингдан ошириб бўлса ҳам унинг сувини ўтказасан”, - деб буюрдилар.
·          Сув, ўт-ўлан, туз ва оловни бермаслик.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ўт-ўлан ўсишининг олдини олиш мақсадида ортиқча сувни тўсиб турманглар!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, ўт сувсиз ўсмайди. Сувни тўсган киши ўт ривожини тўсган бўлади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Нимани (одамларга) бермаслик мумкин эмас?
- Тузни.
- Ё Расулуллоҳ! Нимани бермаслик мумкин эмас?
- Яхшилик қилишинг ўзинг учун яхшидир! (Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонлар уч нарсада: ўт-ўлан, сув ва оловда бир-бирларига шерикдирлар. (Абу Довуд ривоятлари).
Юқоридаги ҳадислар асосида уламолар сув, ўт-ўлан, туз ва олов хусусида фатво берганлар:
Сув. Абу Ҳанифа ва Шофеий фикрларига кўра сув эгаси оқувчи ёки қайнаб чиқувчи (яъни булоқ) сувининг ортиқчасини - гарчи ўз ерига тегишли бўлса ҳам - ман қила олмайди. Бироқ у экинни суғориш учун сувини текинга беришга мажбур эмас.
Имом Аҳмад наздида эса ортиқча сувни ичиш учун ҳам, мол ёки экинни суғориш учун ҳам текинга бериши шарт. Сувни бермай қўйиш ўт-ўланнинг йўқ бўлишига олиб бориши мумкин.
Имом Молик айтадилар: Сув эгаси, яъни унинг оқар жойи ёки қайнаб чиқадиган булоғининг соҳиби фақат қийналиб қолган кишигагина ортиқча сувини текинга беришга мажбур. Ҳеч кимнинг мулки бўлмаган ортиқча сув эса ҳаммага берилиши шарт.
Ўт-ўлан. Шофеий айтадилар: Фақат қаровсиз ернинг ўт-ўланигина ҳеч кимдан ман қилинмайди. Қолган ерларнинг ортиқча ўт-ўлани берилмайди.
Абу Ҳанифа ва Аҳмад наздида ўт-ўланнинг ортиқчаси ҳеч қачон ман этилмайди.
Туз. Ҳеч ким меҳнат қилиб қазиб чиқармаган қаровсиз ердаги туз ман қилинмайди. Яъни ундан ҳамма фойдаланиши мумкин.
Олов. Ўт ёқиб олиш учун бир парча чўғ, ёритиш, исиниш ёки овқат пишириш учун ортиқча ўт-олов ман қилинмайди. Бироқ кимнингдир мулки бўлган ўт ёқиш мосламаси бировга берилмаслиги мумкин. Албатта қизғанмаслик афзал.

5. Фиқҳнинг тўртдан бири
Суютий ўзларининг “Ашбоҳ ва назоир” номли асарларида имом Шофеий мазҳаблари қуйидаги тўрт асос устига қурилганини ёзадилар:
Биринчи: Аниқ нарса шубҳа-гумон билан йўққа чиқарилмайди.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга намозда турганида худди таҳорати бузилгандек бўлаверишидан шикоят қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бирор овоз ёхуд ҳид билмагунингча намозингни бузма!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Яъни, ҳалиги киши таҳорат билан намозга кирганини аниқ билади. “Таҳоратим бузилди...” деган гумон унинг юқоридаги аниқ ишончини йўққа чиқармайди.
Иккинчи: Машаққат енгилликни лозим қилади.
“(Аллоҳ таоло) динда сизларга бирор ҳараж-танглик қилмади”. (Ҳаж сураси, 78-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен ҳаққа интилувчи, бағрикенг дин билан юборилдим”. (Аҳмад ривоятлари).
Учинчи: Зарар йўқ қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Исломда зиёни тегмаган кишига) зарар бермоқ ҳам, (зиён-заҳмат етказган кимсага ғайришаръий суратда) зарар етказмоқ ҳам йўқдир!”
Тўртинчи: Одат ҳакамдир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонлар яхши деб топган нарса Аллоҳ наздида ҳам хайрлидир!” (Аҳмад ривоятлари).
 (Баъзилар бу сўз Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг сўзлари дейишади. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир).
 Демак, мавзумиз асоси бўлган ушбу ҳадис Ислом фиқҳининг тўртдан бири ҳисобланар экан. Фақиҳлар уни аслий асослардан деб билиб, бир қанча фаръий қоидаларни айни асосга биноан ижтиҳод қилдилар. Қуйида аслий қоида ва ундан келиб чиқадиган фаръий қоидалар хусусида сўз юритамиз.
Аслий қоида: Исломда (зиёни тегмаганга) зарар бермоқ ҳам, (зиён етказган кимсага) ғайришаръий зарар етказмоқ ҳам йўқдир.
Ушбу аслий қоиданинг фиқҳий тармоқлари:
·                      Бировнинг молига талофат етказган кишига унинг ҳам молини нуқсонли қилиш билан жавоб берилмайди. Чунки бу ерда фақат зарар зиёда бўлиб, ҳеч ким фойда кўрмайди. Бировнинг молига талофат етказган киши молнинг қийматини тўлайди ва шу йўл билан мол эгаси кўрган зарарни даф этади.
Фаръий қоидалар:
а) Имкон қадар зарарнинг олди олинади.
Яъни, зарар ҳосил бўлмасдан унинг олдини олиш чоралари кўрилади. Чунки зарарни кетказишга қараганда унинг олдини олиш осонроқ. Шариат таклифи-буйруғи ҳар бир инсоннинг тоқатига яраша бўлади.
Мазкур қоидага биноан жиноят устида ушланмаган бўлсалар-да, расво ва қинғир ишлари билан донг таратган кимсаларни жамият тинчлигини таъминлаш учун тавбалари зоҳир бўлгунга қадар ҳибсда сақлаб туриш мумкин.
б) Ҳосил бўлган зарар йўқотилади.
Яъни, зарар қопланади ва нуқсон етган ўринлар тўлдирилади.
Фиқҳий тармоқ: Агар биров йўл ўртасига тарнов чиқариб қўйсаю, у кўчадан ўтувчиларга зиён етказса, олиб ташланади. Агар у туфайли бирон нарса нобуд бўлса, тарнов эгаси тўлайди.
в) Зарар ўрни худди шундай яна бир зарар билан қопланмайди.
Яъни маълум зарар худди шундай ёхуд ундан каттароқ бошқа бир зарар билан даф этилмайди.
Фиқҳий тармоқ: Ўртадаги шериклик мол-мулк (масалан уй...) агар бўлинмайдиган бўлса, бир тараф молни тақсимлашга мажбурланмайди. Чунки бўлинмайдиган нарсани тақсимлаш ўртадаги шерикликка қараганда қўпроқ зарар келтиради.
г) Қаттиқроқ зарар юмшоқроқ зарар билан даф этилади.
Катта зарарни даф этмоқ учун кичикроқ зарарга қўл урилади.
Фиқҳий тармоқ: Агар закот моллари фақир-бечоралар эҳтиёжини қондириш учун кифоя қилмаса, адолатли исломий ҳоким бой-бадавлат одамлар молидан фарз қилинган закотга қараганда кўпроқ қисмини олишга ҳақли. Чунки бойларга етказилган бу зарар ҳоли хароб камбағаллар чекаётган зарар қаршисида ҳечдир.
Мазкур қоидага қуйидаги икки асос ҳам мувофиқ келади:
·                Икки ёмонликнинг енгилроғи танланади.
·                 Агар иккита зиён рўбарў келса, эътиборни зарари каттароқ бўлганига қаратилади.
д) Кўпчиликка зарар тегмаслиги учун бир кишига етадиган хос зарарга рози бўлинади.
Умумий зарар билан хос зарар рўбарў келиб қолса, кўпчиликка зиён тегмаслиги учун умумий зарар даф қилинади.
Фиқҳий тармоқ: Адолатли Ислом раҳбари катта-катта соҳаларда яккаҳоким бўлиб олган бой-бадавлат кишиларни бозор нархида савдо қилишга мажбур этиши мумкин. Тўғри, бу ерда айрим шахслар зарар кўради. Бироқ кўпчиликка етадиган зарар даф этилади.
е) Зарарни даф этмоқ фойда келтирмоқдан муқаддам туради.
Фойда билан зарар бир пайтга тўғри келиб қолса, гарчи фойда қўлдан чиқарилса ҳам, аввало зарарнинг олди олинади.
Фиқҳий тармоқ: Иқтисодий жиҳатдан улкан фойдалар келтирувчи гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар савдоси ман этилади. Чунки улар жамиятга, инсон хулқи ва саломатлигига катта зарар келтиради.
ж) Агар бир нарсани ман қилувчи сабаб билан, рухсат берувчи сабаб тўқнашиб келса, ман қилувчи сабаб муқаддам қўйилади.
Фиқҳий тармоқ: Шерикларга тегишли мол устида томонларнинг бири иккинчисига зарар келтирадиган тасарруфни қилмоқчи бўлса, бундай тасарруф тақиқланади. Чунки унинг хатти-ҳаракати орқали иккинчи томон (яъни шериги) зарар кўради. Шерикнинг ҳақи айни тасарруфни ман этиб турибди. Ҳолбуки, шерикчилик ҳақига кўра, мол тасарруфи биринчи томонга ҳам жоиз эди.
з) Зарарнинг муқаддамлиги эътиборга олинмайди.
Аслида ғайришаръий бўлган ҳар қандай зарар эски ёки янгилигидан қатъиназар даф этилади.
Фиқҳий тармоқ: Масалан, бир кишининг деразаси қаровсиз ерга қараган эди. Кейин у ерга уй қурилди. Энди ҳалиги деразадан қараган киши ҳовлида юрган аёлларни кўриб турарди. Шу боис ҳовлининг янги солинганига қарамасдан, дераза олиб ташланади.
Ушбу қоида қуйидаги қонунни чегаралайди: Муқаддам нарса ўз муқаддамлигида қолади. Яъни, одамлар қўл остидаги мол-мулк, манфаатлар дахлсиз қолдирилади. Ушбу нарсаларнинг улар қўлида анчадан буён (муқаддам) борлиги -мадомики қарши далил йўқ экан, - жорий далил сифатида қабул қилинади.
Фиқҳий тармоқ: Масалан, сизнинг тўсинингиз қўшни деворга ўрнатилган. Қўшнининг тўсинни олиб ташлашга ҳаққи йўқ. Чунки унинг муқаддамлиги тўғри ўрнатилганига ва эвази ўталганига далилдир.

6. Агар икки киши сўкишса ёки бир-бирларига туҳмат ёғдирса, ўртада қасос бўлмайди. Ҳар бири ўз гуноҳига яраша жавоб беради. Аммо уларнинг бирида иккинчисининг ҳақи бор бўлса, уни ҳоким ҳал қилиб беради.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио