Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ўттизинчи ҳадис - Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳадлар ва ҳаром ишлар

 

عَنْ أَبِي ثَعْلَبَةَ الْخُشَنِيِّ جُرْثُومِ بْنِ نَاشِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "إِنَّ اللهَ تَعَالَى فَرَضَ فَرَائِضَ فَلا تُضَيِّعُوهَا، وَحَدَّ حُدُودًا فَلا تَعْتَدُوهَا ، وَحَرَّمَ أَشْيَاءَ فَلا تَنْتَهِكُوهَا، وَسَكَتَ عَنْ أَشْيَاءَ – رَحْمَةً لَكُمْ غَيْرَ نِسْيَانٍ – فَلا تَبْحَثُوا عَنْهَا". (حديث حسن رواه الدارقطني وغيره).

 

Абу Саълаба Хушаний Журсум ибн Ношир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ”Аллоҳ таоло бир қанча фарзларни лозим этди, бас, уларни зое қилмангиз. Ҳад-чегараларни белгилади, уларни босиб ўтмангиз. Айрим нарсаларни ҳаром қилди, уларга яқин йўламангиз. Баъзи нарсалар хусусида - унутганидан эмас, сизларга марҳамат кўрсатиб, - сукут қилди, бас, улар устида баҳс қилмангиз. (Дориқутний ва бошқалар ривояти)

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қисқа сўзларда улкан маъноларни ифодалаш мўъжизаси берилгани мана шу ҳадисда ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. Олимлардан бири мазкур қисқа ва чуқур маъноли ҳадис ҳақида бундай деганлар: “Ҳадислар орасида ёлғиз ўзи дин асослари ва фаръларини жамлаган бу каби ривоят йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмларни тўрт қисмга бўлдилар: Фарзлар, ҳаром қилинган ишлар, ҳадлар ва сукут қилинган ишлар”.
Ибн Самъоний айтадилар: “Мазкур ҳадисга амал қилган киши улкан ажр-савобга эришиб, азоб-уқубатдан омон қолади. Чунки фарзларни бажарган, ҳаромлардан ҳазар қилган, белгиланган ҳадларни босиб ўтмаган ва сукут қилинган - беркитилган ишлар хусусида чуқур кетмаган киши ҳамма фазилатларга эришган, дин ҳақларини тўлиқ уддалаган бўлади. Зеро, шариат ушбу ҳадисда зикр қилинган қисмлардан бошқа нарса эмас”.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Фарз ва вожибларга тўлиқ амал қилмоқ
Аллоҳ таоло бандаларига буюрган намоз, закот, рўза ва ҳаж каби амаллар фарз ҳисобланади.
Шофеийлар наздида Китоб, Суннат, ижмо ёки бошқа бир шаръий далил билан собит бўлган нарса фарз дейилади. Улар фарз ва вожиб амалларини бир хил маънода деб билишади. Фақат ҳаж масаласида мазкур икки лафзни фарқлайдилар: яъни, ҳаждаги фарзнинг мисоли қурбонлик билан ўнгланмайдиган ифоза тавофидир. Қурбонлик билан тўлдирилса бўладиган видолашув тавофи эса вожиб саналади.
Ҳанафийлар наздида фарз ва вожиб алоҳида-алоҳида маъноларни ифодалайди. Улар фикрига кўра қатъий далил билан собит бўлган ҳукм фарз ҳисобланади. Масалан намоз, закот, рўза... Вожиб эса “занний” (гумонли) далил билан собит бўлган ҳукмдир. “Занний” далил деганда қиёсни ёки бир кишининг хабарини назарда тутилган. Бунга фитр садақасини мисол келтириш мумкин.
Фарзлар икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.
Фарзи айн ҳар бир мукаллафга айнан тегишли бўлган фарзлар. Масалан беш вақт намоз, закот, рўза...
Фарзи кифоя эса маълум тоифанинг у билан машғул бўлиши билан бошқалар устидан соқит бўладиган фарз. Агар ҳеч ким фарзи кифояни адо этмаса, ҳамма баробар гуноҳкор бўлади. Масалан жаноза намози, саломга алик олиш, амри маъруф ва наҳий мункар...

2. Аллоҳ таоло белгилаган ҳадларни босиб ўтмаслик
Ҳадлар - инсонларни ҳаромдан тўсишга хизмат қилувчи шариатда белгиланган жазолар. Масалан зино ҳадди, ўғирлик ҳадди, ароқ ичганнинг ҳадди ва ҳоказо...
Фатҳ йилида Бани Махзум қабиласидан бир аёлга ўғрилик ҳадди тайин қилинди. Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ўша аёлнинг жазосини енгиллатишни сўраб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича танбеҳ эшитдилар: “Сен ҳали Аллоҳ таоло ҳадларининг бирида ўртага тушяпсанми?!”
Аллоҳ азза ва жалла белгилаб қўйган бу ҳадлар ҳеч қандай зиёдаю нуқсонсиз тўла-тўкис амалга оширилмоғи лозим.
Ароқ ичган кимсага Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр даврларида 40 дарра уриларди. Аста-секин бу ҳаром ичимликни ичувчилар кўпайиб боргани боис Умар разияллоҳу анҳу нафси бузуқларни тийиб қўйиш мақсадида, ижтиҳод қилиб ароқхўрнинг ҳаддини 80 даррага кўтардилар. Умар разияллоҳу анҳунинг бу ижтиҳодлари шаръан дуруст ва мақбул ижтиҳоддир. Шу сабабли Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Албатта, ҳар иккиси: зиёда этилгани ҳам, зиёда этилмагани ҳам суннатдир!” Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга иқтидо қилмоқни алоҳида ҳам, умумий тарзда ҳам таъкидлаганлар: “Мендан кейин Абу Бакр билан Умарга эргашинглар!” “Сизлар менинг суннатим ва ҳидоятга йўлланган хулафои рошидинлар суннатини лозим тутингиз!”
Саҳобалар Умар разияллоҳу анҳунинг юқоридаги ижтиҳодларини тўла қабул қилишди. Хусусан, Али разияллоҳу анҳу айтган қуйидаги сўзлардан сўнг ушбу ижтиҳодга нисбатан асҳоби киромлар қалбида ҳеч қандай ғашлик қолмади.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу дедилар:
- Эй Амирулмўминин! Ароқ ичган кимса алжирашга тушади. Алжираган одам, албатта туҳмат-бўҳтон қилади. Аллоҳнинг китобида туҳматчининг жазоси саксон даррадир...
“Покиза аёлларни бадном қилиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ кимсалардир”. (Нур, 4-оят).

3. Ҳаромдан ҳазар қилмоқ
Китобу Суннатда ҳаромлиги қатъий айтиб қўйилган барча мункар амаллардан тийилиш, улардан пок сақланиш буюрилган. Қатъий ҳаром ишларга ёлғон гувоҳлик бермоқ, етимнинг молини емоқ, судхўрлик каби нопок қилмишларни мисол қилиб келтириш мумкин. “Айтинг, Парвардигорим бузуқ ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди!” (Анъом, 151-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир!”. “Қонларингиз, мол-давлатларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга ҳаромдир”.
Китобу Суннатда ҳаром қилинган нарсаларга соғлом ақл ва инсоф кўзи билан қараган инсон, шубҳасиз, уларда очиқ-равшан иллатларни топади. Чунки уларнинг барчаси нопокликдан бошқа нарса эмас. Шариатда нима ҳаром қилинмаган бўлса, у ҳалол-покиза неъматдир. “Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар”. (Моида, 87-оят)

4. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган марҳамати
Аллоҳ субҳонаҳу айрим нарсалар хусусида сукут қилди. Яъни, уларни на ҳалол ва на ҳаром деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган марҳамати деб таърифладилар. Бинобарин, ҳукми айтилмаган ишларни қилишда ҳеч қандай танглик йўқ. Албатта, Аллоҳ таолонинг ушбу сукути хато ёки унутиш орқали содир бўлгани йўқ. Зеро, Қодир ва Меҳрибон Яратувчи бундай нуқсонлардан буткул покдир! “Парвардигорингиз унутгувчи эмас”. (Марям, 64-оят). “Парвардигорим адашмас ва унутмас”. (Тоҳо, 52-оят).

5. Кўп савол бериш ва чуқур кетишдан қайтарилган
Мазкур ҳадисдаги қайтариқ фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига хос бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳукми айтилмаган нарсалар ҳақида сўраб-суриштиравериш ўша нарсалар хусусида қатъий ҳукм туширилишига сабаб бўлиб қоларди. Натижада ўша нарса ҳалол ёки ҳаром деб ҳукм оларди. “Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган) очилганида сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар”. (Моида, 101-оят).
Бироқ юқоридаги қайтариқнинг ҳамма замонлар учун умумий бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. У ҳолда мазкур қайтариқ динда чуқур кетишга тааллуқли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга (индамай) қўйган нарсаларим хусусида мени тинч қўйинглар. Зеро, сизлардан аввалгиларни кўп савол беришлари ва Пайғамбарларига қарши чиқишлари ҳалок қилди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мутанаттеъ (вайсақи) кимсалар ҳалок бўлдилар!”
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Беҳуда нарсаларни сўраб-суриштиришдан ва ғулув кетишдан эҳтиёт бўлинглар. Сизлар эски нарсани (яъни саҳобалар йўлини) лозим тутинглар”.
Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп савол бермаганлари боис мусофирлар келса, хурсанд бўлишарди. Чунки мусофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан турли масалалар ҳақида савол сўрашарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган жавобларни саҳобаи киромлар ҳам эшитиб олар эдилар.
Биз учун ҳолати номаълум бўлган, бироқ иймон келтиришимиз шарт қилинган нарсалар хусусида баҳс юритиш фойдасиз баҳс-мунозара таркибига киради. Чунки бундай беҳуда масалалар кишини шак-шубҳага солиб қўяди. Баъзан инсон куфр калимасини айтиб қўйиши ҳам мумкин. Ибн Исҳоқ айтадилар: “Холиқ ҳақида ҳам, махлуқ хақида ҳам аниқ эшитилмаган нарса асосида тафаккур қилиб бўлмайди. Мисол учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятини олайлик: “Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар”. (Исро, 44-оят). Хўш, жонсиз нарсалар қандай қилиб тасбеҳ айтаркин?! - деб фикр юритиш мумкин эмас. Боиси - Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг тасбеҳ айтиши ҳақида хабар бермоқда. Энди жонсиз нарсаларнинг қай тарзда тасбеҳ айтишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади ва Ўзи хоҳлаган равишда қилиб қўяди!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бирингизнинг олдига шайтон келади-да, “Уни ким яратган? Буни ким яратган?” дейишга тушади. Охир-оқибат “Парвардигорингни ким яратган?” дейди. (Бунақа пайтда) инсон Аллоҳдан паноҳ тилаб, ўзини тийиб олсин!” (Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар сўрашда давом этаверганларидан ҳатто “Аллоҳ бор махлуқотни яратди. Хўш, Унинг ўзини ким яратган?” дейишгача бориб етишади. Кимгаки ана шундай бирор ўй-фикр келса, “Аллоҳга иймон келтирдим!” деб айтсин”. (Муслим ривоятлари).

6. Биз фарзларни бажаришга, ҳадларга риоя қилишга ва ҳаромдан йироқ юришга буюрилганмиз
Айрим нарсалар хусусида сукут қилинган бўлса, бу ҳам Парвардигорнинг бизга кўрсатган марҳаматидир.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио