Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Йигирма учинчи ҳадис - Ҳар бир яхшилик садақадир

 

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْحَارِثِ بْنِ عَاصِمٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيْمَانِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلآنِ – أَوْ تَمْلأُ – مَا بَيْنَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ، وَالصَّلاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَو عَلَيْكَ، كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو، فَبَائِعٌ نَفْسَهُ، فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا". (رواه مسلم).

Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Покизалик иймоннинг ярмидир. “Алҳамду лиллаҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамду лиллаҳ” осмонлару ер оралигини тўлдиришади (ёки тўлдиради). Намоз нурдир. Садақа (закот) далил-ҳужжатдир. Сабр зиёдир! Қуръон сенинг фойдангга ёхуд зарарингга ҳужжатдир. Ҳамма тонг саҳардан ҳаракат қилиб, ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Пировардида нафсини халос қилади ёки уни ҳалок этади”. (Муслим ривоятлари).

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар


1. Улуғ ҳикмат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қисқа сўзларда улкан маъноларни баён этганлар. Саҳобаи киромларга қилинган мухтасар насиҳатлар барча яхшиликларни қамраб олиши ва барча ёмонликлардан қайтариши билан бир қаторда, ҳеч қачон ғализ ёки чигал бўлмаган.
Юқоридаги саҳиҳ ҳадис ҳам биз учун фойдали бўлган улуғ ҳикматлар ва ажиб мавъизалар билан тўлиб-тошган. Унутманг, бу ҳикматлар фақат илоҳий ваҳийдан сўзловчи содиқ ва омонатдор зот томонидан айтилган. Қуйида ушбу ҳикматли насиҳатлар мағзини чақишга уриниб кўрамиз.

2. Таҳорат ва унинг ажри
Таҳорат намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. Ҳадиси шарифларда таъкидланганидек, мўминнинг бадани ва кийимини покиза тутиши унинг иймони таъсиридандир. Чунки банда таҳорат  шартларига амал қилиши билан Парвардигори амрига қулоқ тутган бўлади. “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз – шоядки тақво эгалари бўлсангиз”. (Бақара сураси, 21-оят); “Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз!” (Моида сураси, 6-оят). “Либосларингизни пок тутинг!” (Муддассир сураси, 4-оят).
Ҳақиқий мўмин Парвардигори қаршисида покиза ва ораста бўлиб турмоғи учун шариат буюрган озодаликка риоя қилади. Аллоҳ таоло бандасини гўзал хилқатда яратди. Хилқати кўркам мўмин покиза бўлиб Парвардигор ибодатига бел боғлар экан, Аллоҳ таоло ҳам унга Ўз муҳаббатини туширади. “Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни яхши кўради”. (Бақара сураси, 222-оят).
а) Покизалик - иймоннинг ярми
Покизалик - Аллоҳ таоло ҳузурида олий мартабаларга кўтарилди ва унинг ажр-мукофоти иймоннинг ярим ажрига тенг қилинди. Маълумки, иймон ўтган барча катта-кичик гуноҳларни ўчириб юборади. Покизалик, хусусан таҳорат эса аввалда йўл қўйилган кичик гуноҳларни ўчириб юборади ва шунга биноан, у иймоннинг ярим даражасига тенглаштирилади. Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким таҳорат олса ва таҳоратини чиройли-мукаммал этса, унинг хатолари танасидан чиқиб кетади. Ҳатто хатолари тирноқлари остларидан чиқиб кетади”. (Муслим ривоятлари).
Иймон киши қалбидаги ширк, мунофиқлик каби маънавий кирликларни ювиб ташлайди. Таҳорат  эса инсон танасининг зоҳирий қисмини тоза тутади. Шу боис, таҳорат Қиёмат кунида мўминларнинг белгисига айланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат кунида умматим таҳорат  таъсиридан бошлари, оёқлари ва қўлларидан нур таралган ҳолларида чақириладилар. Қай бирингиз ўз нурини узунроқ қилишга қодир бўлса, шундай қилсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
б) Таҳорат  - намознинг ярми
Баъзилар ҳадисдаги иймон лафзини намоз деб шарҳлаганлар. Улар қуйидаги ояти каримани ўз сўзларига далил қилиб келтиришади: “Аллоҳ иймонларингизни (яъни намозларингизни) зое қилгувчи эмас”. (Бақара сураси, 143-оят).
Бинобарин, таҳорат  иймоннинг, яъни намознинг ярми ҳисобланади. Чунки у намознинг дуруст бўлиши учун шартдир. Шарт эса ўша нарсанинг ярми каби қадрланади.
в) Таҳорат  жаннат калитидир!
Мусулмонлар сафидан жой олмаганликлари сабабли кофирлар дўзахдан жой эгалладилар. “(Жаннат аҳли дўзах аҳлига): “Сизларни нима сақарга киритди?” деганларида, улар айтурлар: “Бизлар намоз ўқувчилардан бўлмадик”. (Муддассир сураси, 42-43-оятлар).
Намоз инсонни дўзахдан қутқариб, жаннат сари бошловчи йўлдир. Намоз калити бўлган таҳорат  билвосита жаннат калити ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким таҳорат  олса ва таҳоратини маромига етказса, сўнг икки ракъат намоз ўқиб, намозига қалби ҳамда юзи билан юзланса, унга жаннат вожиб бўлади”. (Муслим ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қай бирингиз таҳорат  олса ва таҳоратини тўлиқ-комил адо этса, сўнг: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу” деб айтса, унинг учун жаннатнинг саккиз эшиги очиб қўйилади. Банда уларнинг хоҳлаганидан киради”. (Муслим ривоятлари).
г) Таҳорат иймон хислатларидан
Таҳорат иймоннинг кўзга кўринмас хислатларидан ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш фақат мўминда топилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат мўмин кишигина таҳоратни муҳофаза этади”. (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари). Чунки таҳорат махфий амал. Устига-устак нафсга оғирлиги ҳам бор. Шу боис, таҳоратни сақловчи мўмин жаннатга киришда илғор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни эрталаб Билол разияллоҳу анҳуни ҳузурларига чақирдилар:
- Эй Билол, нима туфайли жаннатга мендан илгари кирдинг? Кеча мен жаннатга кирганимда, олдинда сенинг қадам товушларингни эшитдим.
- Ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердилар Билол. - Мен ҳар доим азон айтганимда икки ракъат намоз ўқиб оламан. Таҳоратим бузилиши билан, дарҳол таҳорат  оламан.
- Мана шу туфайли! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Хузайма ривоятлари).
д) Таҳорат  омонатдир
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Беш вақт намозлар, жумъа келаси жумъагача ва омонатни адо этмоқ ўртадаги гуноҳларга каффорат бўлади.
- Омонатни адо этмоқ нима? - деб сўрашди.
- Жунубликдан ғусл қилиш. Зеро ҳар битта тук тагида жунублик бўлади! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳ таоло одам боласини дин хусусида фақат шу нарсага (яъни таҳоратга) омонатдор қилди”.
Чунки банданинг таҳорат олган-олмагани фақат Аллоҳга ва ўзига аён. Ҳеч ким ёнидаги биродарининг таҳоратли ёки таҳоратсиз эканини билолмайди. Покланмоқ кишининг нияти ва ҳаракати билан амалга ошади. Аксарият ҳолларда амал ҳам худди мақсад каби бировлар кўзидан пинҳон қолади. Шу боис, таҳорат олиб нопокликдан халос бўлмоқ омонатни адо этиш таркибига киритилди.
е) Қалб поклиги
Инсон маънан ўзини покиза тутмас экан, унинг зоҳирий озодалигидан ҳеч қандай наф йўқ. Инчунун, мўминнинг бадани ҳам, қалби ҳам покиза бўлмоғи лозим. Ҳадисдаги “покизалик” лафзини Ғаззолий қалбни ҳасад, адоват, нафрат ва бошқа маънавий иллатлардан поклаш ҳамда гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш, деб шарҳлаганлар. Лут алайҳиссалом ва у зотнинг оиласи фосиқ қавмнинг бузуқ қилмишларидан ўзларини покиза тутганларида, ярамас кимсалар уларни қуйидагича таърифлаган эдилар: “Улар ўта покиза кишилар экан”. (Аъроф сураси, 82-оят).

3. Аллоҳ таоло зикри ва шукронаси
Аллоҳ таоло неъматларига ҳадисларда ворид бўлган зикрлар билан шукроналар айтмоқ Қиёмат кунида тарозининг солиҳ амаллар палласини оғир қилади. Банда Аллоҳ таолога кўп шукр қилиб, ҳамду сано айтса, Парвардигорни улуғлаб, У Зотнинг ширку нуқсондан поклигини ҳам бот-бот таъкидласа, нажот топгувчи солиҳ инсонлар қаторидан жой олади.
“Алҳамду лиллаҳ” мезонни тўлдиради. “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамду лиллаҳ” осмонлару ер оралиғини тўлдиришади (ёки тўлдиради). (Муслим ривоятлари).
“Тасбеҳ ва такбир осмону ерни тўлдиради”. (Муслим ривоятлари).
“Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси Аллоҳга етгунга қадар ўртада ҳеч қандай парда-тўсиқ бўлмайди. (Термизий ривоятлари).
Абу Саид ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло сўзлардан тўрттасини танлаб олди: “Субҳаналлоҳ, Алҳамду лиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу акбар”. Кимда-ким “Субҳаналлоҳ” деб айтса, унга йигирма яхшилик-ҳасана ёзилади ва йигирмата ёмон амали ўчирилади. “Аллоҳу акбар” деб айтганга ҳам, “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганга ҳам, “Алҳамду лиллаҳ” деб айтганга ҳам мана шундай (ажр-мукофот) бўлади. Чин дилдан “Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн” деб айтган кишига ўттиз ҳасана ёзилади ва ўттизта ёмонлиги ўчирилади”. (Аҳмад ривоятлари).
Ушбу келтирилган зикр-дуоларни қалбан ҳис қилган ва фикран идрок этган ҳолда айтган бандалар учун ваъда қилинган улуғ ажр-мукофотлар масофаларга қиёс қилинса ёки уларга ҳажм-миқдор сифати берилса, мазкур хайрли мукофотлар осмонлару ер оралиғини қоплаган бўларди. Аллоҳ таоло танлаган бундай зикрлар бандани олий даражалар сари кўтаргувчи пиллапоялардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтган банда модомики, гуноҳи кабира қилмаган бўлса, унинг учун осмон эшиклари очилади ва айтган калимаси Аршга қадар етиб боради”. (Термизий ривоятлари).
Арш - Фирдавсул-аълонинг шифти. У ерда банда олий мақом соҳибига айланади.
Уламолар мазкур тўрт каломни қуйидаги оятда айтилган “боқий яхшиликлар” деб шарҳлаганлар: “Мол-мулк ва бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса боқий яхшиликлар савоблироқ ва орзу қилишга арзигулироқдир”. (Каҳф сураси, 46-оят).
Зеро, улар Парвардигор ҳузурида савоб бўлиб қоладиган ва ўсиб-катталашиб борадиган яхшиликлардир. Шу боис, улар мол-мулк ва бола-чақадан хайрлироқ дейилди.
а) Қалб хотиржамлиги
Дуо-зикрлар кишига таъсир қилиши учун албатта айтилаётган сўзлар қалбдан чиқиши ва айтувчи имкон қадар уларнинг маъноларини англаши лозим. “Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, қалблар Аллоҳ зикри билан ором олур!” (Раъд сураси, 28-оят).
б) Зикрдан айрилмаслик
Албатта ҳар биримиз хотиржамлик ва қалб оромини истаймиз. Ўзимиздаги ушбу зарурий эҳтиёжни қондирмоқ учун ҳамиша Аллоҳ зикри билан бирга бўлмоғимиз шарт. Токи Парвардигор нусрати ва мададига ҳақли, У Зот мағфирати ҳамда марҳаматига лойиқ бандалар сафига қўшилайлик. Аллоҳ таолога эътимод қилиб, қалбини ёлғиз Унгагина боғлаган зотлар даргоҳи илоҳийда эсланади ва ҳидоят йўлига йўлланиб, фазлу марҳамат ёмғиридан баҳраманд бўладилар. “Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар! У Зот сизларни зулматлардан Нурга чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам ҳақларингизга дуо қилурлар”. (Аҳзоб сураси, 41-43-оятлар).

4. Намоз нурдир
Исломнинг асосий рукнларидан бўлмиш намоз ибодатли бандаларни хайрли йўлга бошловчи, уларни маъсиятлардан тўсиб, тўғриликка йўлловчи нурдир. “Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур”. (Анкабут сураси, 45-оят).
Зулматли тунда машъала кўтариб кетаётганлар тўғри йўлдан адашмайдилар. Намоз бандаларга ҳидоят ва ҳақ йўлини ёритиб турувчи маънавий нурдир. У ҳаёти дунёда мусулмон фарзандига ажиб чирой ва салобат бахш этади. Қиёматда эса бу нур уларнинг юзларида жилваланади.
“Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар”. (Таҳрим сураси, 8-оят).
Ҳар куни беш маҳал бутун дунёдан узилиб, Парвардигори олам қаршисида хушуъ ва хузуъ билан турувчи комил мусулмон ўзгалар билан ҳам чиройли муносабатда бўлади. Ўзининг хулқи ва тақвоси билан бошқалардан яққол ажралиб турувчи банданинг қалбидаги нур Аллоҳ таоло марҳамати билан унинг юзига балқиб чиқади. “Уларнинг юзида сажда изидан қолган белги-аломатлар бордир”. (Фатҳ сураси, 29-оят).
Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар банда намозни мудом ўз вақтида адо этса-муҳофаза қилса, таҳорат, рукуъ, сажда ва қироатларни комил суратда қоим қилса, намози унга қуйидагича дуо қилади: “Мени қандай асраган бўлсанг, Аллоҳ сени ҳам ўшандай асрасин!” Сўнг намоз нур сочиб турган ҳолида кўкка кўтарилиб Аллоҳ таоло даргоҳига қадар етади ва ўз соҳибини шафоат қилади”. (Табароний ривоятлари).
а) Жамоат ва масжид нури
Барча намозларни жамоат билан адо этган мусулмон улуғ хайриятларга сазовор бўлади. Ҳамиша масжидда жамоат сафида намоз ўқийдиган мўмин улкан муваффақият қозониб, яхшилар қаторида биринчилардан бўлиб жаннатга қадам қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Беш вақт намозни жамоат билан ўқиган киши пешқадамларнинг аввалги сафида туриб сиротдан ялт этувчи яшиндек ўтиб кетади. У Қиёмат куни ойдин кечадаги тўлин ойдек бўлиб келади”. (Табароний ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулматли кечаларда масжидлар сари юрувчи инсонларга Қиёмат кунидаги комил нур хушхабарини бергин!” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
б) Кўзлар қувончи
Банда намоз орқали Парвардигори билан боғланади, Унга муножотлар қилади. Шу боис, намоз ҳақиқий мўминларнинг кўз қувончига айланган. Мусулмонлар Аллоҳ ибодатида турар эканлар, ич-ичларидан омонлик ва ором ҳиссини туядилар. Бошларига ғам-ташвиш булути соя солганда ҳам севимли Пайғамбарлари кўрсатмасига амал қилиб, намоз ўқишга тутинадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”. (Аҳмад ва Насоий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бирон нарса ғамга солиб қўйса, у зот шундай дер эдилар: “Эй Билол, намозга иқомат айтиб, бизга роҳат бағишланг!” (Абу Довуд ривоятлари).

5. Садақа ҳужжат-бурҳондир
Араб тилида “бурҳон” сўзи қуёшнинг ёрқин шуъласи-нури маъносини беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам бунга мисол бўла олади: “Мўминнинг руҳи танасини тарк этганда бамисоли қуёш нуридек мунаввар бўлади”. (Ҳадисдаги “қуёшнинг нури” ибораси “бурҳон” калимаси билан ифодаланган). Шу боис, қатъий далил-ҳужжатга ҳам “бурҳон” лафзи ишлатилади. Чунки у қаратилган нарсага очиқ-ойдин далолат қилиб туради.
Закот иймон дурустлигининг ёрқин далилидир. Молининг закотини асло оғринмасдан бажонидил берадиган инсонлар иймон лаззатини тотган яхшилар тоифасига кирадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким қуйидаги уч нарсага амал қилса, иймон мазасини тотади: Ёлғиз Аллоҳга қуллик қилса, Ундан ўзга илоҳ йўқ деб билса ҳамда ҳар йили молининг закотини очиқкўнгиллик билан ва бажонидил адо этса!” (Абу Довуд ривоятлари).
Пул-мол - ширин нарса. Нафслар молга бахиллик қилиши тайин. Аллоҳ таоло йўлида кўнгилдан чиқариб молини сарфлай олган банда Парвардигор ваъдаси ва таҳдидига инонадиган иймони чин мўмин саналади.

Покизалик ва ростгўйлик

Ўзини ҳамиша покиза тутувчи, Аллоҳ таоло зикри ва шукри билан ҳаёт кечирувчи, У Зот ҳаққини тўла-тўкис адо этувчи мўмин бахиллик, хасислик каби маънавий кирликлардан ҳам покиза юради. Мусулмон киши ҳар доим сахий ва мурувватли бўлади. Зеро, иймон билан бахиллик битта қалбда жамланмайди. “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топгувчилардир”. (Тағобун сураси, 16-оят).

Шу боис, Аллоҳ таоло йўлида закот бермоқ ёки фақиру бечораларга ёрдам, хайрли ишларга кўмак бўлсин учун инфоқ-эҳсонлар қилмоқ иймон дурустлигига қатъий далил саналади. Ана шундай мартабага мушарраф бўлганлар нажот топувчи саодатманд мўминлар сафидан жой оладилар. “Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда-фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни бажарувчи кишилардир”. (Мўминлар сураси, 1-4 оятлар).

6. Сабр зиёдир
Зиё оддий ёруғликдан фарқли ўлароқ, ҳарорати бор нурдир. Мисол учун ой ёруғлиги ҳароратсиз, қуёш зиёси эса иссиқлиги билан ундан анча фарқ қилади. “Сабр зиёдир!” дейилди. Чунки сабр нафсларга бироз оғир келади. Рўзадорлар ўзларини емоқ, ичмоқ ва шаҳват каби айрим кўнгилхушликлардан тўсадилар.

Сабр ғалаба сари етаклайди

Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг собир бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айландилар. Аллоҳ таоло сабрли бандаларига зиёда ажру савоблар инъом этажак. Улар Парвардигорнинг мақтовига ҳам лойиқ кўрилурлар: “Дарҳақиқат, Биз Айюбни сабр қилувчи ҳолида топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтгувчидир”. (Сод сураси, 44-оят).
“Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз У Зотга қайтгувчидирмиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”. (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

7. Қуръон ҳужжатдир
Мўминнинг дастури ҳам, пешвоси ҳам Аллоҳнинг китобидир. У Қуръон кўрсатмасига бўйсунади, ундаги буйруқларни адо этиб, қайтариқларидан тийилади ҳамда Аллоҳ азза ва жалла китоби баён қилган хулқ билан хулқланади. Кимки Қуръон кўрсатмаларига биноан ҳаёт кечирса, Аллоҳнинг китоби бундай банданинг фойдасига ҳужжат бўлади. У соҳибини, яъни Қуръон тиловат қилувчи боамал мўминни ҳаёти дунёда нажот сари бошлайдиган далил, Қиёмат куни эса уни ҳимоя қиладиган бурҳон, яъни қатъий ҳужжат бўлади. Аммо Қуръон таълимотига бўйсунмаган, унинг ҳақ йўлидан озган кимсаларга нисбатан рўзи маҳшарда Аллоҳнинг китоби даъвогар мақомида туради. Бундай кимса Қуръон оятидан қанчалик кўп ўқиса, шунчалик гуноҳи ортади. Чунки у ўқиган нарсаларига амал қилмасдан, ўзига қарши ўзи далил-исбот тўплагандир. “Албатта бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур”. (Исро сураси, 9-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизларга шундай бир нарсани қолдирдимки, агар уни маҳкам ушласангизлар, мендан кейин ҳаргиз залолатга юз тутмайсизлар: У Аллоҳнинг китобидир!” (Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:”Қуръон ўқинглар! Қиёмат кунида у шафоат қилувчи бўлиб келади”.

а) Қуръон мўмин учун шифо, кофир ва мунофиқ учун озордир
Мўмин Аллоҳ таоло китобидан ўзининг моддий ва маънавий оғриқларига шифо топади. У Қуръони каримни ўқиган сайин енгиллашиб, руҳан тетик бўлиб, томирларида ҳаёт қонлари қайнаб-тошаётганини ҳис қилиб боради. Кофиру мунофиқлар эса Қуръон тиловатини эшитсалар, сиқилиб, озорланишади. Уларнинг бўғинларига титроқ югуриб, бамисоли ҳалокат жарига қулаётгандек юзларини ғам босади. “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур”. (Исро сураси, 82-оят).
Салафлардан бири шундай дегандилар: “Қуръон билан ҳамсуҳбат бўлиб, сўнг саломат ҳолида ўрнидан турган банда ё фойда ёки зиён топади”. Улуғ олим ушбу сўзларни айтгач, Исро сурасидаги 82-оятни тиловат қилдилар: “Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур”.
б) Жаннат йўлида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ажойиб мавъизалари сўнггида одамларнинг турли тоифалари хусусида гапирдилар.
Албатта ҳар бир тирик жон тонг оттириб, кунни кеч қилади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳар хил ҳолатда бўлишади. Кимдир кеча ёки кундузини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло тоатида ўтказади. У Парвардигори билан ҳам, одамлар билан ҳам содиқ-ростгўй инсон мартабасида туриб муомала қилади ва пировардида ўзини ҳалокатдан, нафсини аччиқ азобдан асраб қолади. Бу ҳур фикрли, иродали, оқил инсон ўзи учун фақат абадий жаннат ва боқий неъматнигина муносиб кўради.
Яна кимдир кеча ёки кундузини маъсият ичида ўтказади. Аллоҳ билан ҳам, бандалар билан ҳам шариат ҳукмига зид муомалада бўлади ва натижада ҳалокатга учрайди. Шаҳвати ва шайтонига қул бўлган бу кимса ўзини жуда арзонга сотади: Унинг баҳоси ҳаёти дунёда бадбахтлик, Охиратда эса дўзах ўтида мангу ёнмоқликдир.
“Ҳамма тонг-саҳардан ҳаракат қилиб ўзини (Аллоҳга ёки шайтонга) сотади. Пировардида нафсини халос қилади ёки уни ҳалок қилади”.
Яъни ҳар бир инсон ўзининг саодати ёки ҳалокати сари ҳаракатланади. Аллоҳ тоати йўлида вақтини ўтказиб, ўзини Парвардигорига бағишлаган бандалар жонларини қаттиқ азобдан асраб қолурлар. Аллоҳга осийлик билан кунни кеч қилган ёки тонг оттирган кимсалар эса ўзларини арзимас чақага сотадилар. Улар Аллоҳ таоло ғазабини келтирувчи кирдикорлари боис, даҳшатли азобга гирифтор бўлурлар. “Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб қўйган Зотга қасамки, дарҳақиқат нафсини-жонини поклаган киши нажот топди. Ва уни кўмиб-хорлаган кимса ноумид бўлди”. (Шамс сураси, 7-10-оятлар).
Тоат-ибодат нафсни поклайди, уни олий мақомларга кўтаради. Гуноҳ-маъсиятлар эса уни тупроққа қориб, хорликка ташлайди. “Айтинг: “Албатта зиёнкорлар Қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилувчи кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир”. (Зумар сураси, 15-оят).
в) Мақбул ва нажотбахш шаҳодат
Мўмин ўзининг мустаҳкам иймони ва Парвардигор зикри билан Охиратда нажот топишга интилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким тонг ёки тун кириши пайтида “Парвардигоро, мен тонгга етдим, Сени, Аршингни кўтариб турувчи фаришталарни, малоикаларингни ва жами мавжудотингни гувоҳ қилиб айтаман: Сен Аллоҳдирсанки, Сендан ўзга илоҳ йўқ ва Сен Ёлғиз ҳамда шериксиздирсан. Албатта, Муҳаммад Сенинг банданг ва элчингдир!” деб айтса, Аллоҳ таоло унинг тўртдан бир қисмини дўзахдан халос қилади. Бу зикрни икки марта айтса, ярми, уч маротаба айтса, тўртдан уч қисмини дўзахдан халос қилади. Агарда уни тўрт марта айтса, Аллоҳ уни бутунлай дўзахдан халос қилади”. (Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу шаҳодат мўмин қалбида Аллоҳ таолодан қўрқувни кучайтиради ва уни тоат-ибодатларга муҳаббатли ҳамда гуноҳ-маъсиятлардан қочувчи бандага айлантиради. Юқоридаги шаҳодат шу тариқа банданинг дўзахдан йироқлашиб, Аллоҳ розилигига яқинлашишига сабаб бўлади.
г) Ўзингизни фақат Аллоҳга бағишланг
Мўмин азиз ва олийҳиммат инсондир. Аллоҳнинг ҳақиқий қули ўзини фақат Аллоҳгагина сотишга рози бўлади. Чунки Ундан ўзга ҳеч ким мўминга муносиб ҳақ тўлай олмайди. Аслида, Аллоҳ таоло билан мўмин ўртасидаги савдо азалдаёқ пишган эди: “Албатта Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарида сотиб олди”. (Тавба сураси, 111-оят).
Шу боис, чин мўминлар ҳамиша Аллоҳ розилиги томон ошиқадилар. Улар ўзларининг комил баҳоларини қўлга киритмоқ учун Аллоҳ ғазабини келтирадиган амаллардан юз ўгирадилар. Аллоҳ таолонинг ҳақиқий бандалари мол-дунё қаршисида алданиб қолмайдилар. Динсиз кимсаларнинг таҳдиди ёки ўлим билан юзма-юз келиш хавфи уларни дин йўлидаги фаолиятларидан тўхтатиб қўймайди. “Одамлар орасида Аллоҳ розилиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига Ғамхўр, Меҳрибондир”. (Бақара сураси, 207-оят).
“Мўминлар орасида ўзларини Аллоҳга берган (шаҳидлик ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан айрим кишилар ўз аҳдига вафо қилди, улардан баъзилари  кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (аҳд-паймонларини) ўзгартирганлари йўқ”. (Аҳзоб сураси, 23-оят).

8. Ҳадис яна қуйидагиларни таълим беради:

1. Иймон сўз ва амалдир.
У кўпайиб, камайиб туради. Солиҳ амаллар ва тоат-ибодатлар билан зиёда бўлса, маъсият-гуноҳлар уни камайтириб юборади.
2. Амаллар Қиёматда тортилади.
Улар оғир ёки енгил келиши мумкин. Ушбу ҳақиқат Қуръон, ҳадис ва ижмо билан тасдиқланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Иккита калима борки, улар Раҳмон учун суюкли, мезонда оғир ва тилга осон калималардир: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил-азийм”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мезонга қўйиладиган энг оғир нарса ҳусни хулқдир”.
3. Намоз шартларини тўлиқ бажариб, сўнгра унинг вақтлари, рукнлари, вожиблари, суннатлари ва одобларига риоя этган ҳолда ибодат қилмоқ лозим.
4. Хайрли ишларга ёрдам бермоқ, камбағал-муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилмоқ ва бева-бечоралар, етимлар ҳамда камтарин-камсуқум инсонлар ҳолидан хабар олмоқ қилинган садақа-эҳсоннинг холис Аллоҳ юзи учун бўлишини таъмин этади.

5. Мусибатларга, хусусан дин ва даъват йўлидаги машаққатларга сабр қилмоқ керак. “Сизга етган мусибатларга сабр қилинг!” (Луқмон сураси, 17-оят). “Бас, сиз ҳам Пайғамбарлар орасидаги сабр-матонат эгалари сабр қилганларидек сабр қилинг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят).
6. Қуръон мусулмоннинг дастуридир. Барчамиз унинг маъноларини англаб, буйруқларига амал қилишимиз шарт.
7. Мўмин бутун вақтини Аллоҳ таоло тоатида ўтказишга интилади. У фақат Парвардигори билан машғул бўлади
. Ҳамиша дунёю Охиратда ўзи учун фойдали бўлган амалларни бажаради.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио