Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Ўн иккинчи ҳадис - Фойдали нарсалар билан машғул бўлиш

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ". (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).

 

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи чиройли эканлигидандир”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамроҳлари, У зотдан набавий ахлоқ-одоб тарбиясини олган Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилаяптилар. Мазкур ҳадисда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мухтасар бир жумла ичида дунё ва Охират яхшиликларини баён қилиб берганлар. Дарҳақиқат, қисқа сўзларда улуғ маъноларни ифодалаш борасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беназирдирлар. Юқоридаги кичкина ҳадис диннинг ярмини ўзида мужассам этган. Зеро, дин бажармоқ ва тарк этмоқдир. Мазкур ҳадис тарк қилишга асос бўлаяпти.
Айримлар ушбу ҳадис динни тўлалигича ўзида жамлаган, чунки у бир вақтнинг ўзида ҳам тарк қилишга, ҳам феъл-бажаришга далолат қилаяпти, дейишган.
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Мазкур ҳадис одоб-ахлоқнинг улкан асосларидан бири саналади”.
Абу Довуд барча соҳа-фан доирасида Суннат аслларини тўрт ҳадис ташкил қилади деганларида, улар ичига юқоридаги ҳадисни ҳам киритганлар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Соғлом муҳит яратиш
Ислом ҳамиша соғлом жамият қуришга ва инсонларнинг уруш-жанжалсиз, ўзаро тинч-тотув бўлиб, дўстона ҳаёт кечиришларига интилади. Ҳақ дин жамиятдаги ҳар бир шахснинг озор чекмасдан бахтли яшаб ўтишини, унинг Охирати ҳам хайрли бўлишини истайди. Маълумки, бировлар ишига - хусусан ўзига алоқаси бўлмаган нуқтада - аралашиш кўпинча жамият ўртасида фасод тарқатади. Одамлар орасида кўзга кўринмас жарликлар пайдо қилади. Инсонларни ҳалокатга бошлайди. Шу боис, ахлоқли ва комил иймонли мусулмон ўзига тааллуқли бўлмаган ишларга аралашиб юрмайди.

2. Беҳуда нарсалар билан машғул бўлиш умрни зое кетказиш ва иймон заифлиги аломатидир
Инсон ҳаёти давомида жуда кўп нарсаларга гувоҳ бўлади. Минглаб одамлар, уларнинг ўзаро муносабатлари, турли соҳалардаги алоқа-келишувлар... Биз қилган ҳар бир амалимиз, ўтказган дақиқаю сонияларимиз ва гапирган сўзларимизнинг барчаси учун жавоб берамиз. Агар атрофдаги биз учун кераксиз бўлган нарсаларга ўралашиб қолсак, зиммамиздаги вожибот ва масъулиятларга вақт топа олмаймиз. Ўз вожиботларини адо этмаган киши эса дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади. Бу эса ушбу енгилтак кишининг Пайғамбар хулқ-атворидан ҳеч нарса ўрганмаганидан, идроки заиф ва иймони деярли фақат тилда қолиб кетганидан далолат беради.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳобалардан бир киши вафот этганида кимдир:
- Жаннат хушхабари билан хушҳол бўл, - деб сўзлади.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги кишига дедилар:
- Сен қаердан биласан, эҳтимол у ўзи учун кераксиз нарсаларни гапиргандир ёки мол-давлатини камайтириб қўймайдиган нарсада бахиллик қилгандир?! (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳуга дедилар: “Одамнинг ўз нафсида мавжуд бир нолойиқ хислатни англамаслиги ва беҳуда нарсаларга аралашиши унинг ёмонлигига кифоя қилади”. (Ибн Ҳиббон ривоятлари).

3. Беҳуда нарсалардан юз ўгирмоқ саломатлик ва нажот йўлидир
Зиммасида нақадар оғир масъулият ва вазифалар борлигини ҳис этган киши фақат ўзи билан машғул бўлиб, дунё ва Охиратда фойдаси тегадиган амалларга уринади. Беҳуда-бемаъни нарсалардан юз ўгириб, ўзи учун муҳим машғулотларга берилади.
Бу дунёда инсон учун муҳим амалларга қараганда кераксиз-беҳуда нарсалар анча кўп. Демак, фақат фойдали ҳатти-ҳаракатлар билан машғул бўлган киши саноқсиз ёмонлик ва маъсиятлардан саломат қолар экан. Охират озиғини ғамлаш умидида турли бекорчи нарсалардан четда юриш кишининг тақвосини, иймонининг мустаҳкамлигини, Исломининг комиллигини, ҳавои хоҳишларга берилмаслигини ва иншоаллоҳ, Парвардигор ҳузурида нажот топгувчилардан бўлишини билдиради.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сизлардан бир киши ўз Исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан тортиб етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шунча ёзиб қўйилади”. (Бухорий ривоятлари).
Молик бундай ёзадилар: “Луқмондан сўрашди:
- Сизни бу даражага нима олиб чиқди?
- Ростгуйлик, омонатни адо этмоқ ва беҳуда нарсаларни тарк этмоқ! - деб жавоб бердилар Луқмони Ҳаким”.

4. Аллоҳ таоло билан машғул қалб ўзи учун кераксиз бўлган ишларга эътибор бермайди
Аллоҳ таолони худди кўриб тургандек ибодат қиладиган ва ҳамиша Аллоҳнинг яқинлигини ҳис этиб турадиган солиҳ бандалар беҳуда ишларга эътибор бермайдилар. Уларнинг фақат Аллоҳ ибодати ва фойдали амаллар билан машғул бўлишлари иймонларининг собитлиги ва сўзларининг ростлигига далолат қилади. Фойдасиз-бемаъни нарсалар билан ўралашиб юриш эса кишининг Аллоҳ яқинлигини ҳис қилмаслигини, Аллоҳ ҳузурида ростгўй эмаслигини билдиради. Бундай кимсаларнинг амаллари ҳавога учиб, ўзлари ҳалокатга юз тутадилар. Ҳасан Басрий айтадилар: “Банданинг кераксиз нарсалар билан машғул қилиб қўйилиши Аллоҳ таолонинг ундан юз ўгирганига далолат қилади”.

5. Инсон учун нима муҳим ва нима кераксиз саналади?
Инсон учун муҳим нарсалар: ҳаёт учун зарурий емоқ, ичмоқ, кийим-бош, уй-жой каби эҳтиёжлар ва Охиратдаги нажот-саломатликка тааллуқли амаллар.
Кераксиз нарсалар: мол-дунё кетидан қувиш, хилма-хил таом ва ичимликларни кўпайтириш, мансаб тама қилиш ва бировлар мақтовини хуш кўриш... Ҳақиқий тақво эгалари бундай машғулотлардан ўзларини четга оладилар...
Дунё ва Охиратда инсон учун бирон нафи тегмайдиган ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул каби кўнгилочар одатлар мубоҳ саналади. Вақтни беҳуда зое этадиган бундай ишлардан мўмин киши йироқ тургани афзал. Зеро, биз ҳали ўтказган вақтларимизга ҳам жавоб берамиз.
Кўп гапириш охир-оқибат оғиздан ҳаром гапларнинг чиқишига олиб боради. Шунинг учун умматнинг яхшилари бекорчи ва ортиқча гаплардан йироқ юришни ўзларига одат қилганлар. Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят:
- Ё Расулуллоҳ! Биз ҳар битта гапирган гапимизга жавоб берамизми?
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?! (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласининг амри маъруф, наҳий мункар ва Аллоҳ таоло зикридан бошқа сўзлари унинг фойдасига эмасдир”. (Термизий ривоятлари).

6. Мусулмон киши хайрли ишлар билан машғул бўлмоғи лозим. У турли бемаъни сафсаталар ва беҳуда ишлардан ўзини покиза сақлаши зарур.

7. Инсон нафсини тарбиялаб бормоғи, уни тубан одатлардан нафратланишга ўргатмоғи керак. Ҳақиқий иймон эгалари беҳуда нарсаларга асло эътибор бермайдилар.



  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио