Ал-Вофий фий шарҳил арбаийн ан-нававийя

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Тўққизинчи ҳадис - Енгиллаштирингиз, оғирлаштирмангиз! Итоат ва ҳалимлик нажотга бошлайди

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ صَخْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ". (رواه البخاري ومسلم).

 

Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни халок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Уламолар мазкур ҳадиснинг аҳамияти ва чуқур маънолари ҳақида кўп гапиришган. Бинобарин, ушбу саҳиҳ ривоят ўрганиш ва ёд олишга жуда муносибдир. Имом Нававий ёзадилар: "Бу ҳадис Исломнинг муҳим асосларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилмиш “жавомеул калим” - қисқа сўзларда кўп маъноларни ифодалаш мўъжизаси ўз ифодасини топган мазкур ривоят ичига сон-саноқсиз шаръий ҳукмлар кириб кетади". Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: "Бу улуғ ҳадис дин асосларидан, Ислом арконларидан саналади. Уни ёд олиб, чуқур ўрганмоқ лозим". Ушбу ҳадис ҳақида яна бир қанча олимларнинг таърифларини келтириш мумкин. Аллоҳ таолонинг шариатига, Китобу Суннатда баён этилган буйруқ ва қайтариқларга ҳеч қандай қўшимча ва қисқартиришсиз тўла-тўкис амал қилиш лозимлиги биз ўқиётган саҳиҳ ривоятда жуда чиройли суратда ифодаланган.
Ҳадис маънолари устида тафаккур юритиш, уни чуқурроқ ўрганиш давомида уламоларнинг мазкур ривоят хусусида айтган гапларининг нақадар рост эканига яна бир бор амин бўласиз.

Ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, дедилар:
- Эй одамлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз этди. Ҳаж қилингиз!
Бир киши сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳар йилими? - Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бермадилар. Ҳалиги киши юқоридаги саволини уч маротаба берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
- Агар "Ҳа!" деганимда ҳар йили ҳаж қилиш фарз бўлиб қоларди. Сизларнинг эса бунга кучларингиз етмасди. Модомики, тўхтаган эканман, мени тинч қўйингиз. Сизлардан олдингилар кўп савол беришлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари сабабли ҳалок бўлганлар. Агар бир нарсага буюрсам, имкониятингиз даражасида уни бажаринглар. Нимадан қайтарсам, уни тарк этинглар". (Муслим ривоятлари).
Бошқа ривоятларда зикр этилишича, савол берувчи Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу бўлган. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: "Ақраъ ибн Ҳобис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Ҳаж қилиш ҳар йили фарзми ёки фақат бир марта?
- Бир маротаба, - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - қурби етган киши ихтиёрий равишда яна ҳаж қилиши мумкин". (Ибн Можа ривоятлари).
Абу Довуд ва Ҳоким ривоятида ҳам иккинчи марта ҳаж қилиш ихтиёрий эканлиги айтилган. Баъзи олимлар баҳсимиз мавзуи бўлган ҳадисни видолашув ҳажида айтилган дейишган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга Исломнинг фарз ва рукнларини ўргатиб хутба қилишлари асносида мазкур ҳадисни айтганлар. Валлоҳу аълам.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар"
Наҳий яъни қайтариқ Китобу Суннатда бир неча маъноларни ифодалайди. Ушбу ҳадисда наҳий калимаси ҳаром ёки макруҳ нарсани билдириб келмоқда. Зеро, уламолар наҳий калимасини ана шундай ўринларда қўллаганлар.
а) Бир иш ёки нарсанинг ҳаромлигини билдирадиган наҳий-қайтариқ
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали бандаларини баъзи хатти-ҳаракатлардан қайтарган ва бундай қайтариқлар ўша ишни ҳаром қилиш учун бўлганлигига далиллар мавжуд. Мукаллаф банда ҳаром ишларни қиладиган бўлса, дунё ва Охиратда қилмишига яраша жазо олади.
Зино, ароқ ичиш, рибо-судхўрлик, ўғрилик, бир жонни ноҳақ ўлдириш, аврат жойларни очиб юриш, аёлларнинг номаҳрамларга ўз зийнатларини кўрсатиши, ёлғон, ғийбат, туҳмат, порахўрлик ва одамлар орасида фисқу фасод тарқатиш каби ярамас амаллар Ислом шариатида ҳаром қилинган.
Киши ҳаром амалларга мутлақо яқин йўламаслиги лозим. Айрим ҳолларда шариат маълум қайдлар ва шартлар асосида баъзи ишларга рухсат беради. Зарурат тақозоси туфайли вужудга келадиган бундай истисно ҳолатлари фиқҳ китобларида батафсил баён қилинган.
б) Бир ишнинг макруҳлигини билдирувчи қайтариқ. (Баъзан "наҳйи танзиҳ" ҳам дейилади)
Шореъ қайтарган айрим амаллар ҳаром эмас, макруҳ бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бундай қайтарилган хатти-ҳаракатларни қилиш ҳаром дейилмайди ва киши унинг учун жавоб бермайди.
Масалан, жума ёки жамоат намозига борувчи кишининг пиёз, саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ейиши макруҳ. Бундай макруҳ амалларини ҳеч қандай заруратсиз ҳам қилиш мумкин. Яъни ҳаром эмас. Бироқ тақво эгаси бўлган чин мўминлар макруҳ амаллардан ўзларини йироқ тутганлар.

2. Зарурат туғилганда ҳаром амалларни қилишга ҳам рухсат этилиши
Шариатда қатъий ҳаром саналган ишларни қилиш мумкин эмаслигини биз юқорида айтиб ўтдик. Лекин инсон баъзида вазият тақозосига кўра ҳаром амалларни қилишга мажбур бўлиб қолади. Хўш, ана шундай ҳолатларда шариат бизни нимага буюради?
Аллоҳ таоло бандаларига тоқатларидан ташқари нарсани юкламайди. Имконсиз ҳолатда бирон ҳаром ишни қилишга мажбур бўлган киши ўша иши учун жазога тортилмайди. "Энди кимки зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда ночор вазиятда қолса (ва ҳаром нарсани еса, гуноҳкор бўлмайди). Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир". (Бақара сураси, 173-оят).
Уламолар мазкур ояти қаримага асосланиб қуйидаги фиқҳий фатвони чиқарганлар: “Заруратлар “маҳзурот”ларга, яъни ҳаром қилинган нарсаларга рухсат беради”.
Мисол учун очликдан қийналаётган киши бирор егулик топа олмаса, ўлимтик гўштини ейиши мумкин. Табиб олдида зарурат бўлса, аврат жойларни очишга ҳам рухсат берилади. Агар биров йўқчилик сабабли ўғрилик қилиб қўйса, гуноҳкор саналса ҳам қўли кесилмайди ва ҳоказо...
Бироқ шариат берган шаръий рухсатларни ҳеч қандай чекловсиз деб қабул қилмаслик керак. Рухсат берилган ўринлар маълум қайдлар билан чеклаб қўйилган ва уларнинг ўз ҳудуд-чегаралари мавжуд. Кўпчилик рухсат экан деб, дуч келган ўринда ҳаром амалларни қилишга киришмаслиги учун уламолар зарурат чегарасини белгилаб беришган.
Инсон ҳаёти учун ўлим ҳавфи туғилса, тана аъзоларидан бирига аниқ зиён етадиган ёки мавжуд касаллик зўрайиб кетадиган бўлса, шариат шу каби оғир машаққат юклайдиган ўринлардагина енгилликка рухсат берган.
Ноиложлик бартараф бўлиши ёки хатарнинг олди олиниши билан рухсат муддати ҳам тугайди. Фиқҳий қоидага биноан заруратнинг ўз чегараси-миқдори бўлади. Аллоҳ таоло: "Зулм ва тажовуз қилмаган ҳолда..." деб марҳамат қилди. Демак, инсон диндаги рухсатлардан фойдаланади. Бироқ у атайин шариатга хилоф юрмаслиги, маъсият қилишни кўзламаслиги ва мажбуриятни даф этадиган чегарадан тажовуз қилмаслиги лозим.
Ўлимтик гўштини ейишга мажбур бўлиб қолган киши ундан қорнини тўйдириб олиши ёки кейинроқ ейиш учун ҳам олиб қўйиши мумкин эмас. Оиласини боқиш учун ўғрилик қилишдан бошқа чора топа олмаган кимса бир кунга кифоя қиладиган егуликдан ортиқча нарса ўмариши ҳаром. Табиб ҳузурига борган муслима аёл фақат оғриётган аъзосинигина очиб кўрсатиши мумкин. Аммо даволаш ёки текшириш зарурати бўлмаган жойларни асло очмайди. Бундан ташқари, табиба аёллар бор бўла туриб, номаҳрам эркак шифокорга кўриниш ҳам юқоридаги рухсат доирасига кирмайди.
Маишат, замонавий қулайликлар ва ҳузур-ҳаловат каби "эҳтиёжлар" зарурат саналмайди. Озгина маблағи бор киши тижоратини ривожлантириш учун судхўрлик қилиши мумкин деган фатво йўқ. Ўзига яраша бошпанаси бор одам данғиллама ҳовли қуриш йўлида шаръий заруратлардан фойдалана олмайди. Эри ёки бошқа боқувчиси бўлган аёлнинг номаҳрамлар билан аралашиб турли ишхоналарда ишлаб юриши ҳам зарурат дейилмайди. Боқувчиси йўқ аёлнинг хотин-қизларга тўғри келадиган иш бўла туриб, шариатда аёлларга номаъқул саналган амалга ўтиши зарурат эмас. Номаҳрамлар билан аралашиб, ёхуд бегона эркаклар орасида ёлғиз қолиб ишлаш муслима учун ҳаром. Шариатда зарарнинг олдини олиш фойда келтирадиган ишни қилишдан муқаддам туради. Бинобарин, шаҳару қишлоқларга фасод олиб кирувчи бундай амаллар тарк қилинмоғи лозимдир. Биров билан муомала қилишда, яъни бирон иш қилаётган одам иши янада силлиқ кетиши учун пора бериши ҳам зарурат ҳисобланмайди. Иш юзасидан алоқа юритаётган одамларининг ичкилик базмларида қатнашиши ёки уларнинг турли мункар қилиқларига жим қараб туриши шаръий зарурат эмас.

3. Буйруқларга бўйсуниш
"Амр" (буйруқ) маъносини англатувчи калима Китобу Суннатда бир неча маънода ворид бўлган. Уламолар: "Амр-буйруқдаги асл маъно талабдир", дейишади. Амр асосан "ийжоб" (фарз қилиш) ва "надб" (суннат-мустаҳаб қилиш) учун ишлатилади.
а) Ийжоб амри. Аллоҳ таоло бандаларига Пайғамбари орқали баъзи ишларни амр қилган бўлиб, бу ишларнинг бандалар зиммасида фарз эканлигини ва уларни тарк қилган кимса азобга лойиқлиги, адо этган киши эса савобга ҳақли бўлишини билдирадиган далиллар ҳам келган. Шу тарзда буюрилган амални фарз дейилади.
Намоз, закот, рўза, ҳаж, амри маъруф-наҳий мункар, Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм юритиш, шаръий жазо-ҳадларни амалга ошириш, адолат билан ҳукм қилиш ва аҳли оилага ҳалол едириш каби амаллар фарз саналади. Негаки, бу ишларни қилишга буйруқ келган бўлиб, уларни бажаришни бандалардан қатъий равишда талаб этилган.
Бундай услубда буюрилган амалларни бажаришда сусткашлик қилиш ва уларнинг биронтасини ташлаб кетиш мумкин эмас. Фақат баъзи истисно ҳолатлардагина маълум рухсатлар берилади. Яъни вожиботларнинг[1] шарт ёки сабаблари топилмаса ёки уларни амалга ошириш йўлида муайян тўсиқлар пайдо бўлса ёхуд мазкур амалларни тўла-тўкис бажарувчи киши вазият тақозосига кўра маълум қийинчиликларга дуч келса... шариат берган енгилликлардан фойдаланиши лозим.
б) Надб амри. Аллоҳ таоло мусулмон бандага Пайғамбари орқали буюрган шундай ишлар ҳам борки, далиллар бу ишларнинг “мандуб” эканлигига, яъни уларни қилиш бандага фарз эмаслигига ишора қилади. Бундай амалларни тарк этгани учун киши жазога тортилмайди, аммо уларни бажаргани учун ажр-савоб олади. Бундай амалларга “мандуб” (мустаҳаб) амаллар дейилади.
Беш вақт намознинг суннатлари, азон айтиш, аҳли-оилага саховат билан едириб-ичириш, эҳсон қилиш, қарзни ёзиб қўйиш ва ўнг қўл билан овқатланиш каби бир қанча амаллар мандубга мисол бўла олади. Мазкур амаллар шариатда қатъий ва кескин суратда зиммага юклаб қўйилмаган. Мандуб мустаҳаб бўлгани боис, уларни қилиш-қилмаслик ихтиёрийдир.
Мандубларга тўлиқ амал қилиб юриш мусулмонни янада гўзал қилади. Ҳеч қандай қаршилик ёки қийинчилик бўлмаса ҳам уларни бажармаётган кишига нисбатан гуноҳ-жазо ёзилмайди. Аммо маълум суннатларга мутлақо амал қилмайдиган ёки барча мандубларга нисбатан эътиборсиз бўлган кимсалар танқид ва маломатга муносибдирлар.

4. Машаққат енгиллик сари бошлайди
Ислом шариати инсонни дунёю Охиратда саодатманд этиш учун жорий бўлгани ҳар бир ақл эгасига яхши маълум. Аллоҳ таоло ҳамиша бандаларига яхшиликни раво кўради. "Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди". (Бақара сураси, 185-оят); "Аллоҳ бу динда сизларга бирон танглик пайдо қилмади". (Ҳаж сураси, 78-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Дин енгилликдир. Енгил қилинглар, оғирлаштирманглар". (Бухорий ривоятлари).
Рамазон ойида мусофир ёки касал кишилар рўза тутмасликлари мумкин. Сафардаги одам намозни қаср ва жам қилиб ўқийди. Сув топилмаганда ёки сув ишлатиш саломатлик учун бирор хавф туғдирганда мўминлар таҳорат ўрнига таяммум қилишади. Уламолар диндаги бу каби аҳкомларни рухсатлар деб аташган.
Аллоҳ таолонинг шариати инсонлар учун торлик, танглик эмас, аксинча фақат хайрият ва енгиллик олиб келган. Уламолар енгиллик хусусидаги шаръий асосларга биноан қуйидаги умумий қоидани ишлаб чиқишган: “Машаққат енгилликни олиб келади”. Ислом фиқҳининг муҳим асосларидан бўлмиш ушбу қоида шарҳи билан танишинг:
Баъзи ҳолатларда маълум вожиботларни амалга ошириш анча қийинлашиб қолади. Ана шундай оғир вазиятлар енгилликка ўтишни тақозо қилади ва мукаллаф бемалол бажара оладиган, ҳараж-танглиги бўлмаган енгил амалларга ўтилади. Қуйида ушбу масалага доир бир қанча мисолларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Одатда сақланиш қийин бўлган айрим нопокликлар либос ёки баданга албатта тегади. Танадаги яра ва чипқон қони ҳамда катта кўчаларнинг лойи узрли саналади. Яъни улар тегиши билан либос нопок бўлиб қолмайди. Чунки сақланиш имкони бўлмаган бундай нажосатлар эътиборга олинадиган бўлса, инсон қийналиб қолади ва кўп ибодатларни адо этишдан маҳрум бўлади. Шу боис, шариат юқоридагидек ҳолатларда инсонларга енгиллик беради;
Аслида шартнома-битимларда мажҳуллик яъни ноаниқлик бўлмаслиги керак. Бироқ айрим маиший битимларда бунинг иложи йўқ. Масалан, ҳаммомга кирувчи киши у ерда қанча вақт бўлиши ва қанча сув ишлатишини аниқ билмайди. Кўп ҳолларда берилажак ҳақ миқдори ҳам тайин қилинмаган бўлади. Ҳаммомга кираётган ҳар бир кишини тўхтатиб, у ерда қанча вақт бўлиши, қанча сув ишлатиши ва неча пул бериши каби икир-чикирларни сўраб-суриштириш одамни қийнаб қўяди. Мусулмонлар эса ҳаммомга кирмасдан юра олмайдилар. Шунинг учун юқоридаги ҳолатда битимдаги ноаниқлик узрлидир. Сартарош билан бўладиган битимни ҳам шунга қиёслаш мумкин.
Бир қанча янги-янги масалалар ҳам мазкур қоидага биноан ўз ечимини топади. Масалан, транспорт воситаларига чиқиш. Аслида машинага чиқмасдан туриб, йўл ҳақи ва фойда хусусида келишиб олиш керак. Бундай янги масалалар юқоридаги умумий қоидага асосан ҳал қилинади.
Машаққат-қийинчиликни кўпчилик тўғри тасаввур қилмайди. Айрим кишилар арзимас тўсиқларни ҳам машаққат сифатида кўриб, шаръий амалдан ўзларини четга тортишади. Енгилтак ёхуд лоқайд кимсалар учун озгина қийинчилик ҳам шариат аҳкомларини тарк этишга кифоя қилиши мумкин. Шу боис, уламолар узрга ўтадиган машаққат чегарасини фиқҳ китобларида баён қилиб берганлар.

1) Баъзи машаққатлар ҳамиша шаръий буйруқлар билан бирга бўлади. Яъни вожиботларни қилишга киришган ҳар бир киши бундай машаққатларга учрамасдан иложи йўқ. Чунки улар шаръий таклиф табиатидандир. Шу боис, бундай қийинчиликлар вожиботларни тарк қилишга ҳужжат бўлмайди:
Рамазон рўзасини тутаётган муслим оч қолганини баҳона қилиб, рўзасини очиб юбормайди;
Ҳаж қилишга ҳар томонлама қодир бўлган киши сафар машаққати ёки аҳли-оиласи ва юртидан йироқлигини рўкач қилиб, ҳажга бормаслиги мумкин эмас;
Амри маъруф ва наҳий мункар қилишга қодир бўлган одам сўзининг инобатга олинмаслигини баҳона қила олмайди.
Юқоридаги машаққатлар табиий қийинчиликлар бўлиб, ҳаётда бундай оғирликлар ҳар қадамда учрайди. Агар ана шундай қийинчиликларнинг амалга таъсири бўлганида, шариат мутлақо бекор бўларди. Ҳеч қандай вожиботсиз қолган бандаларнинг дунёю Охиратдаги насибаси эса фақат ношудлик бўларди.

2) Бироқ шаръий таклиф табиатидан саналмайдиган машаққатлар ҳам бор. Аксарият ҳолларда вожиботлар бундай қийинчиликлардан холи бўлади. Маълум вазиятлар ва ўткинчи ҳолатлар сабабли шаръий таклиф ёнига машаққат қўшилиб қолиши мумкин. Машаққатларнинг ушбу хили икки турга бўлинади:
Биринчи тур: Мукаллаф яъни шариат буйруқларини бажараётган киши арзимас қийинчиликка рўбарў келади. Яқин масофага қилинган сафар, енгил бетоблик ва моддий манфаатлардан қуруқ қолиш каби кичкина қийинчиликлар вожиботларни бажаришга таъсир қилмайди. Чунки шариат ҳукмларини адо этиш орқали банда қўлга киритаётган дунёвий ва ухровий хайр-оқибатлар чекилган арзимас машаққатлар ўрнини батамом тўлдириб юборади.
Иккинчи тур: Инсоннинг моли, жони ва номуси-обрўйига таҳдид солувчи ҳақиқий машаққат. Мисол учун бир киши ҳаж қилишга қодир. Лекин у йўлда пойлаб турган қароқчилардан ёки ўзи йўқлигида молини ўмармоқчи бўлган, аҳли-оиласига тажовуз қилишни кўзлаб турган душманлардан хавфсирайди. Оқиллар наздида ҳақиқий танглик саналувчи бундай машаққат шариатда эътиборга олинади. Юқоридаги ҳолатга тушган кишига енгилликдан фойдаланиш муносибдир. Чунки мавжуд машаққатларга нисбатан лоқайд бўлиш киши зиммасидаги бир қанча масъулиятларга путур етказиши мумкин.

5. Енгиллатилаётган ҳукм қийинчилик сабабли буткул тарк қилинмайди
Ушбу умумий қоидани ҳам уламолар биз ўрганаётган ҳадис асосида ишлаб чиққанлар.
Ибн Субкий айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:  "Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар" - деган сўзларидан олинган машҳур қоидалардан бири ана шудир!
Инсон баъзида шундай ҳолатларга тушадики, вожиботларни тўлиқ бажара олмай қолади. Бироқ вожибнинг баъзи қисмини бажаришга унинг қурби етади. Айни ҳолатда мукаллаф имкони доирасидаги амални бажармоғи лозим. Фарзнинг бир қисмини адо эта олмаслиги уни бутунлай ташлаб қўйишга сабаб бўлмайди.

Мисоллар:
Таҳорат олиши ёки ювиниши шарт бўлган киши топган сув нопокликни тўла кетказишга етмаса ҳам, мавжуд сув етганича аъзоларини ювади. Сўнг етмай қолганининг ўрнига таяммум қилади. Ёнидаги сувни ишлатмасдан туриб таяммум қила олмайди;
Яланғоч одам баданининг фақат баъзи жойларини ёпишга етадиган бир парча мато топса, ана шу мато билан авратининг маълум қисмини бўлса ҳам яширади;
Рамазон ойида касаллиги сабабли рўза тутмаётган киши кун ўртасида касалидан тузалса, кечгача рўза тутиши шартдир;
Ҳайз кўрган аёл покланиши билан ибодатини давом эттиради;
Камбағал қариндошига озгина нарса беришга қодир киши инфоқ-эҳсонни тўхтатмайди;
Мункарнинг бир қисмини ўзгартиришга ёки енгиллатишга қурби етган мусулмон имконияти даражасида мункарни кетказишга ҳаракат қилади.
Имрон ибн Хусайн разияллоҳу анҳудан ривоят: "Баданимда шишлар пайдо бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ҳақида сўрадим:
- Тик туриб ўқигин! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Ўтиришга ҳам қурбинг етмаса, ёнбошлаб ўқигин!" (Бухорий ривоятлари).
Шариатда ворид бўлган ҳар бир буйруқ ёки қайтариқ: фарз, мандуб, ҳаром ва макруҳ инсон тоқати доирасидадир. Чунки мазкур амаллар Аллоҳ таоло шариатида собит этилган. Пок Парвардигор бандаларини тоқатларидан ташқари нарсага буюрмайди. "Аллоҳ хеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди". (Бақара сураси, 286-оят).
Инсон шариатдаги барча буйруқ ва қайтариқларга амал қилишга астойдил интилмас экан, Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатларига тўлиқ эргашган бўлмайди. "Пайғамбар сизларга олиб келган нарсани олинглар ва у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар!" (Ҳашр сураси, 7-оят).
Шариат аҳкомларига чала-ярим риоя қилиб юрадиганлар гуноҳкор ёки қарши чиқувчи бўлиб қолади. Мўмин киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлиқ иқтидо қилмоққа буюрилгандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақат ўзларигагина хос бўлган хусусиятлар бундан мустасно, албатта.
"Сизлар учун - Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир". (Аҳзоб сураси, 21-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Сизларни нимага буюрган бўлсам, имкон қадар уни бажаринглар!" деган сўзлари юқоридаги оят-ҳадисларга биноан тушунилади. Қуйидаги оят ва ҳадис ҳам шу масалани баён этади: "Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, қулоқ тутинглар ва итоат этинглар!" (Тағобун сураси, 16-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлар ҳамма буюрилган нарсаларни бажаришга тоқатингиз етмайди ва ҳеч вақт уларнинг барчасини қилолмайсизлар. Бироқ ўрта йўлни тутинглар ва суюнинглар!". (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

6. Қайтарилган ишлардан йироқ юринг ва фасодни таг-томири билан йўқотинг
Ислом шариати ёмонликнинг олдини олишга ва фасоднинг томир отишига тўсиқлар қўйишга интилади. Динимизнинг қайтарилган нарсаларга қаттиқ эътибор бериши ҳам шундандир. Буни бошқа фарзларга нисбатан юзаки қараш деб тушунмаслик лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ҳар бир нарса шубҳасиз катта зарарларни ўз ичига олган бўлади. Шу боис, ҳеч қандай заруратсиз ҳаромга қўл урган кимса маъзур саналмайди.
Кўпчилик мусулмонлар айнан мана шу нуқтада хато қиладилар. Ҳар битта фарзу суннатга қаттиқ эътибор берадиган айрим биродарларимиз негадир мункар амаллар масаласида лоқайд туришади. Баъзида рўзадорнинг судхўрликка қўл ургани ёки ҳаж зиёратига чиққан муслиманинг ясан-тусан қилиб олганини кўриб қоласиз. Улар замон зайлини ўзларига ҳужжат қилиб олганлар. Ўйлайдиларки, қилаётган ибодатлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида нажот топишлари ва тақводорлар жумласидан бўлишлари учун кифоя.
Бироқ уларнинг бундай йўл тутишлари Китобу Суннат таъкидлаётган моҳиятга мувофиқ эмас. Хақиқий тақво эгалари бўлмиш улуғ саҳобийлар, имомлар ва тобеинларнинг тушунчаси уларникидан кескин фарқ қилган. Зеро, ибодатдаги асллик Аллоҳ таоло ҳаром этган нарсалардан четланишдир. Нажот йўли нафсга қарши курашиш ва уни ҳаром-ҳаришдан тийишда кўринади. Бунинг савоби ҳам вожиботларни бажариш орқали эришилажак ажру мукофотдан кўпроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳаром нарсалардан тийилинг - энг ибодатли киши бўласиз!" (Термизий ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Кимки тинимсиз ибодатда бўлган кишидан ўзиб кетмоқчи бўлса, гуноҳлардан тийилсин”. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан сўрадилар: “Маъсиятга кўнгли чопса-да, уни ҳеч қилмайдиган кишилар ҳақида нима дейсиз?” Умар разияллоҳу анҳу жавоб бердилар: “Улар диллари Аллоҳнинг тақво имтиҳонидан ўтган зотлардир. Улар учун улуғ мағфират ва ажр-мукофот бордир”. Обид-тақводорлар пешқадами Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг сўзларига қулоқ тутинг: “Ҳаромдан келган бир дониқни рад этмоқ Аллоҳ йўлида юз мингни инфоқ-эҳсон қилмоқдан афзалдир!” Тобеинлар саййиди Ҳасан Басрий айтадилар: “Обид-тақводор зотлар Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк этишдан кўра афзалроқ ибодатни топмаганлар!” Умар ибн Абдулазиз дейдилар: “Тақво бу кечалари қоим, кундузлари рўзадор бўлиш билан чекланиб қолиш дегани эмас. Тақво Аллоҳ таолонинг фарзларини адо этиб, У Зот ҳаром қилган нарсаларни тарк этмоқдир. Агар буларга зиёда яна бирон амал қилса, нур устига нур бўлур!”
Демак, маъсиятлардан сақланиш тоат-ибодатларни бажо келтиришдан муқаддам турар экан. Бироқ бу сўзлардан вожиботларга эътиборсиз бўлиш мумкин деган хулоса келиб чиқмайди. Ҳозирда шариат ҳукмларига мутлақо бепарво бўлган айрим қалби касал кимсалар ўзларини намозхон, рўзадор мусулмонлардан афзал санашади: “Биз кўчада бузуқ-мункар ишларни қилиб юрганимиз йўқ. Ҳамма билан яхши муомалада бўлаяпмиз. Ахир дин чиройли муомала дегани-ку”, - каби ўринсиз баҳоналарни дастак қилиб олишади.
Бундай одамлар Исломни, мусулмонлар йўлини англамайдиган, ҳидоятдан тойилган тоифадир.

7. Ёмонликнинг олдини олиш яхшиликни жалб қилишдан муқаддам туради
Аллоҳ таоло бандаларига ҳаром амаллардан тийилишни қаттиқ буюрди. Фақиҳлар айнан мана шу таъкидга асосан юқоридаги муҳим фиқҳий қоидани ишлаб чиқдилар.
Агар бир ишда фойда келтириш билан зарарнинг олдини олиш муқобил келиб қолса, қандай йўл тутилади? Яъни фойда-яхшиликни қўлга киритаман десангиз, ёмонлик-зарарга йўл очилиб қолади. Зарарнинг олдини олишга киришсангиз, фойдадан қуруқ қоласиз. Бундай ҳолатда фойдани қўйиб, зарарнинг олди олинади. Чунки фасод-бузғунчилик жамият орасида жуда тез тарқалади. Шунинг учун аввало унга қарши чора кўриб, фойда-яхшиликдан ҳам воз кечилади.
Мисоллар:
Узумдан ароқ каби ҳаром ичимликлар тайёрловчи кимса кўп пул тўласа ҳам, унга узум сотилмайди. Мусулмонлар ҳеч қачон фойдаси яхши экан деб ароқ тайёрлаш ёки уни сотиш билан шуғулланмайдилар; Муслималар фойда-манфаат топиш учун эркаклар билан аралашиб юриладиган ишхонада ишламайдилар; Аёллар ўртасида ёлғиз қолинадиган ва улар билан аралашиб юриладиган ўринлар мусулмон эркаклар учун ҳам мумкин эмас. Буларнинг ортида қандай зарар-фасодлар тургани соғлом ақл эгаларига яхши маълум; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга маҳрамсиз сафарга чиқишни ман қилганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган аёл учун маҳрамсиз бир кунлик йўлга чиқиш ҳалол бўлмайди”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аёлнинг маҳрами - унга уйланиши мутлақо ҳаром бўлган киши.
Фойда ёки зарар маълум амалнинг одатда қандай натижа беришига қараб белгиланади. Яъни бир амал кўпинча зарарга олиб боради ёки аксинча. Хулоса эса, аксарият ҳолатга қараб чиқарилади. Камёб ҳодисалар фойда-зарарни белгилашда эътиборга олинмайди.
Арзимас зарарларга эса эътибор берилмайди. Баъзи амаллар ортидан кичкина зарарлар кўрилиши мумкин. Бироқ уларнинг фойда-хайрияти зараридан бир неча баробар кўплиги боис, зарари тўсиқ бўлолмайди.
Масалан, инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун касалга чалинган аъзони кесиб ташлаш мумкин. Ўзаро хусуматлашиб қолган икки мусулмон ўртасини яхшилаш ниятида ёлғон ишлатишга рухсат берилади. Ҳақиқатда бу масалалар улкан зарардан қочиб, кичкина зиённи танлаш бобига киради. Мусулмонлар ўртасидаги келишмовчиликлар бора-бора катта фитналарга сабаб бўлиши мумкин. Бинобарин, бундай вазиятда ҳеч кимнинг ҳақини зое этмасдан ва бировга зарар етказмай ёлғон ишлатиш арзимас зиён саналади.

8. Ўтган умматлар ҳалокати сабаблари
Аввалги қавмлар бошига бало ёғдирган, уларнинг шон-шавкатига путур етказиб, охир-оқибат аламли азоблар домида қолдирган сабаблар хусусида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кўп савол бериш ва Пайғамбарлар ҳукмига қарши чиқиш!”
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга оғирлик пайдо бўлиб қолмаслиги, уларнинг беҳуда ва бемаъни саволларга берилиб кетмасликлари учун саҳобаларни кўп савол сўрашдан қайтарганлар. Фойдасиз саволларга ёпишиб олишнинг мусулмонларни аввалги умматлар юрган ҳалокатли йўлга бошлаши эҳтимолдан холи эмас. Зеро, ҳалок бўлган умматлар ҳар нарсадан шубҳаланиб, талашиб-тортишар эдилар. Муғийра ибн Шўъба айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам беҳуда гап-сўздан, кўп савол беришдан ва молни зое қилишдан қайтарганлар”. (Бухорий ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбияларини олган муҳожир ва ансорлар ўзлари хоҳласалар-да, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига тўлиқ амал қилганларидан, савол беришга ботинмасдилар. Қалбларида иймон неъмати мустаҳкам ўрнашган улуғ саҳобийлар ўз истак-хоҳишларини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг розиликлари йўлида бўйсундирган эдилар.
Аслида, самодан келаётган ваҳий инсонлар дини учун муҳим бўлган ҳар бир воқеа-ҳодисани шарҳлаб турган саодатли кунларда ортиқча саволга ўрин ҳам йўқ эди: "Адашиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (Ўз ҳукмларини) баён қилур". (Нисо сураси, 176-оят).
Шу боис, бўлмаган нарса хусусида сўраб-суриштиришга мутлақо эҳтиёж туғилмасди. Саҳобалар учун муҳим нарса Китоб ва Суннатни идрок этиб, уларга тўла-тўкис амал қилмоқ бўлган.
"Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса, сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!" (Моида сураси, 101-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу мазкур оятни бундай шарҳлаганлар: "Бунинг маъноси: Кутиб туринглар! Қуръон нозил бўлганда сўраётган нарсаларингиз баёнини топасизлар".
Йироқ ерлардан Мадинага келиб-кетувчи мусулмонлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни саволга тутмоқ мумкин эди. Чунки уларда хоҳлаган вақтларида савол сўрашнинг иложи йўқ эди. Шу боис, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофир мусулмонлар сўраган диний таълим-тарбия борасидаги саволларга батафсил жавоб берардилар.
Айрим саҳобалар диний масалалар хусусида бемалол савол сўраш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаслик учун Мадинага кўчиб келмаганлар. Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадинада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир йил бирга бўлдим. Мени Мадинага ҳижрат қилишдан фақат бир нарса тўсиб турарди: ҳижрат қилиб Мадинага кўчиб келган киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол сўрамасди”. (Муслим ривоятлари).
Кўпинча мусофирлар саволига берилган жавоб муҳожир ва ансорлар учун айни муддао бўларди. Улар яхшилик-хайр хусусидаги башоратларни, жаннат сари бошловчи омиллар шарҳини тинглаб, ўзга юртлик биродарлари билан бирдек қувонишарди.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол беришдан қайтарилган эдик. Шу боис, саҳро аҳлидан бирор оқил кишининг Мадинага келиши бизни қувонтирар эди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол сўрарди, биз эшитардик”. (Муслим ривоятлари).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳро аҳлидан бир киши келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол берди:
- Ё Расулуллоҳ! Қачон Қиёмат бўлади?
- Ҳолингга вой сенинг! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Қиёмат учун нималар ғамлаб қўйдинг, ўзи?
- Ҳеч нарса тайёрлаганим йўқ! Фақат Аллоҳ ва Расулини яхши кўришим бор, холос.
- Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан!
- Биз ҳам шундайми? - деб савол ташладик.
- Ҳа! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Ўша куни биз роса севиндик. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

9. Савол ва унинг ҳукмлари
Саволлар бир неча турга бўлинади. Саволнинг боиси ва таъсирига қараб унинг ҳукмлари ҳам турлича бўлади.
1. Берилиши шаръан талаб қилинадиган саволлар
У бир қанча даражаларда кўринади:
Биринчи даража: фарзи айн бўлган саволлар.
Бундай саволни сўрамай юриш, унинг жавобини билиб олмаслик ножоиздир. Ҳар бир мусулмон ўзи қилиши лозим бўлган шаръий ҳукмларни ва билмайдиган диний масалаларини сўраб-суриштирмоғи шарт:
Балоғатга етган мусулмон фарзанди таҳорат ва намоз ҳукмларини;
Рамазон ойига етган соғлом, муқим киши рўза аҳкомларини;
Мол-давлати ва имконияти етарли мусулмон ҳаж ва закот ҳукмларини;
Савдо билан шуғулланувчилар олди-сотди ва муомала аҳкомларини;
Уйланаётган йигит никоҳ ва оила масалаларини;
Ҳарбийлар жиҳод ҳукмларини
ва ҳоказо мукаллаф банда касби-кори ва ҳолига кўра жавобгар бўлган масалаларни ташлаб қўйиши мумкин эмас. "Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли илмлардан сўрангиз!" (Наҳл сураси, 43-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир!” (Байҳақий ривоятлари).

Иккинчи даража: фарзи кифоя.

Шариат аҳкомларини, фиқҳий масалаларни чуқур ўрганиш, бу ҳақда сўраб-суриштириш ҳар бир кишига фарз эмас. Маълум тоифанинг фатво бериш ва қозилик ишларини давом эттиришлари, даъват байроғини баланд кўтариб, биродарларига амри маъруф ва наҳий мункар ила зарур шаръий илмларни ўргатишлари билан юқоридаги фарз бошқалар устидан соқит бўлади.
Илм толиблари нафақат ўзлари учун, балки бутун уммат учун зарур саналган масалаларни ўрганадилар, илм эгаларидан сўраб-суриштирадилар. "Барча мўминлар (жангга) чиқишлари ўринли эмас. Ахир уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа одамлар жанг учун чиқмайдиларми?! Бошқалар эса динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми?!)" (Тавба сураси, 122-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳозир бўлганингиз ғоиб-эшитмаганингизга ўргатсин!" (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Абос разияллоҳу анҳудан бу қадар чуқур илмга қандай қилиб эга бўлганлари ҳақида сўрашди: “Менга сўровчи тил ва фаҳмловчи қалб берилди!” - деб жавоб бердилар улуғ саҳобий.

Учинчи даража: мандуб.

Яъни мусулмон кишининг сўраши мустаҳаб саналган саволлар. Мукаллафнинг Аллоҳга яқинлаштирувчи қўшимча хайрли амаллар ва қилаётган ишларининг тўғрилигини аниқ билиб олиш учун савол сўраши мустаҳабдир.

2. Сўрашдан қайтарилган саволлар
Улар ҳам бир неча даражага бўлинади:
Биринчи даража: сўраш ҳаром бўлган саволлар. Яъни банда уларни сўраш билан гуноҳга ботади.
Аллоҳ таоло махфий этган ва фақат Унинг Ўзигина биладиган нарсалар ҳақида савол қилиш. Масалан, Қиёмат вақти-соати, руҳ моҳияти, қазо-қадар сири ва ҳоказо саволлар;
Беҳуда ва бемаъни саволларни истеҳзо билан бериш;
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят: “Одамлар ўзларича истеҳзо билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол ташлашарди. Биров "Отам ким?" деса, туясини йўқотган кимса "Туям қаерда?" деб сўрарди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: "Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!" (Бухорий ривоятлари).
Чалғитиш ва беобрў қилиш ниятида ёхуд қайсарлик билан ғайриоддий мўъжизалар сўраш. Бундай ярамас амаллар мушрик ва аҳли китоблар одатидир;
Чигал, мавҳум нарсалар ҳақида атайлаб савол қўзғаш. Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "ғулутот"лардан қайтардилар”. (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
"Ниҳоя"да "ғулутот"га қуйидагича таъриф берилган: “Уламоларни чалкаштириб, боши берк кўчага олиб кирувчи масалаларга "ғулутот" дейилади. Бундай саволлар жамиятга фитна-ёмонлик уруғини сочади. Одатда воқе бўлмайдиган нарсаларга тааллуқли ва дин учун бефойда ҳисоблангани боис, улардан қайтарилди”.
Танглик келтириб чиқариш мақсадида атайлаб бериладиган бундай чигал, мавҳум саволлар шариат ҳукми билан ман қилингандир. "Ғулутот"ларни кўтариб юриш кишининг дини ва хулқида нуқсон борлигини билдиради. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматим ичида шундай қавмлар бўладики, уларнинг фақиҳлари қийин-чигал масалаларга ўзларини уришади. Ана ўшалар умматимнинг энг ёмонларидир”. (Табароний ривоятлари). Ҳасан Басрий айтадилар: “Одамларнинг энг ёмонлари оғир масалаларни ушлаб олиб, Аллоҳнинг қулларини кўр қилувчи кимсалардир!”
Иккинчи даража: макруҳ саволлар. Яъни сўраш билан киши гуноҳкор бўлмайдиган, бироқ тарк этиш афзал саналган саволлар.
Жавобидан маълум амалий фойда кўзланмаган, заруратсиз саволларни бериш кўпинча одамнинг ўзи учун ёмон натижа билан якунланади. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан у зот ёқтирмайдиган нарсалар хусусида сўрашди. Саволлар кўпайиб кетгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аччиқлари келди:
- Хоҳлаган нарсаларингиз ҳақида сўранглар! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга.
- Ё Расулуллоҳ! Менинг отам ким? - савол қилди бир киши.
- Ҳузофа, - деб жавоб қайтардилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ё Расулуллоҳ! Менинг отам-чи? - деди яна биров.
- Шайбанинг озод қилган қули Солим бўлади! - деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида ғазаб кўрган Умар разияллоҳу анҳу:
- Ё Расулуллоҳ! Биз Аллоҳга тавба қиламиз! – дедилар”. (Муслим ривоятлари).
Шариат сукут қилган, яъни ҳалол ёки ҳаром деб аниқ айтилмаган нарсалар ҳақида сўраш ҳам макруҳ. Бундай саволларни беравериш баъзида айрим нарсаларнинг вожиб ёки фарз бўлиб қолишига олиб боради. Натижада уммат яна ҳараж-машаққат остида қолади. Бунга эса савол берувчи сабабчи бўлади. Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмонлар олдида энг катта гуноҳ қилган киши мусулмонларга ҳаром бўлмаган бир нарса хусусида сўраб, сўнг унинг саволи боис ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилинган кимсадир”. (Муслим ривоятлари).
Нававий ёзадилар: “Қози Иёз ҳадисда зикр этилган "гуноҳ" калимасини жазога олиб борувчи гуноҳ эмас, балки мусулмонларга нисбатан танглик деб шарҳлаганлар. Бироқ бу борада жумҳур уламоларнинг фикри ҳақиқатга яқиндир. Уламолар ҳадисдаги гуноҳдан мурод ҳақиқий гуноҳдир, деганлар. Қози Иёз шарҳига кўра, юқоридаги савол макруҳ саналади. Жумҳур олимлар сўзига биноан эса ҳаром дейилади. Албатта юкоридаги масала фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларига хосдир. Чунки шариат қарор топиб, ҳеч қандай зиёда эҳтимоли қолмагач, наҳий сабаби ҳам ўз-ўзидан йўқолади. Яъни ҳозир бировнинг саволи туфайли бирон нарса мусулмонларга ҳаром бўлиб қолмайди. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари билан ваҳий тўхтаган”.
Бир киши зино ҳадди яъни шаръий жазоси ҳақида оятлар нозил қилинганида (маълумки, жазо берилиши учун тўртта гувоҳ бўлиши шарт) аёлининг тўшагида тутиб олган бегона эркакни ўлдирган одам ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай саволларни ёқтирмадилар ва уларни қораладилар! (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Учинчи даража: мубоҳ саволлар.

Ҳаром ва макруҳ саволлардан ташқари саволлар мубоҳ дейилади.
"Мусулмонларга нисбатан энг катта гуноҳ қилган киши..." ҳадиси шарҳида олимлар қуйидагича айтганлар: “Мазкур ҳадис такаббурлик ва қайсарлик билан беҳуда нарсаларни сўровчи кимсалар ҳақида айтилган. Бироқ зарурат сабабли савол берувчи кишилар бу тоифага кирмайдилар. Чунки Аллоҳ таоло "Аҳли илмдан сўрангиз", деган”.

10. Шариат буйруқларини англаб, уларга амал қилишга интилмоқ ва беҳуда саволлардан халос бўлмоқ лозим
Аллоҳ ва Расули амрига "лаббай" деб жавоб бериб, шариат аҳкомлари маъносини чуқур фаҳмлаш ва уларга тўлиқ бўйсуниш орқали мусулмон киши дунёю Охират саодатига эришади. Илмий масалаларни тасдиқлаб, уларга эътиқод қилади. Амалий ўринларда эса имкон қадар буюрилган ишларни адо этиб, қайтарилган нарсалардан ўзини покиза сақлайди.
Шариат йўриғига юрмасдан кўнгил майлларига қул бўлган кимсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ҳолатга - аҳли китобнинг аянчли аҳволига тушиб қоладилар. Ўтган умматлар Набийларига итоат этишдан бош тортиб, саркашлик билан уларга қарши чиқишлари ва беҳуда саволларни кўп беришлари сабабли ҳалок қилинганлар!
Саҳобалар ва улар йўлини тутган тобеинлар Китобу Суннатга нисбатан бундай муносабатда бўлмаганлар. Бир киши Ибн Умар разияллоҳу анҳудан Ҳажарул асвадни силаш ҳақида сўради.
- Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қора тошни силаганларини ва уни ўпганларини кўрганман, - деб жавоб бердилар улуғ саҳобий.
- Агар одамлар кўплигидан сиқилиб қолсам-чи? Агар мутлақо яқин бора олмасам-чи?
- Сен агар-пагарни Яманда қиласан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳажарул асвадни силаганларини ва ўпганларини кўрганман. (Бухорий ривоятлари).
Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, турли қийинчилик ва тўсиқларни ўйлаб топавериш ярамайди. Бўлмағур тахминлар натижасида киши сусайиб кетиши мумкин.

11. Мужтаҳид олимлар ва улуғ фақиҳлар тутган йўл
Хақиқий уламолар ҳамиша Китобу Суннат шарҳи, саҳобалар ва уларга чиройли суратда эргашган тобеинлар айтган сўзлар мазмун-моҳиятини ўрганиш билан банд бўлганлар. Саҳиҳ ва носаҳиҳ ҳадисларни жамлаш, улар маъноларини чуқур тушуниш ҳамда шариатнинг турли соҳаларига тааллуқли саҳобалар ва тобеинлар сўзларини англаш ва шарҳлаш фақиҳлар учун асосий вазифа эди. Мусулмонлар томонидан дини ва илмига юқори баҳо берилган барча уламолар шундай йўл тутганлар. Ўзга йўлларга бурилган кимса ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиради. Бундай кимсалар заруратсиз нарсалар билан ўралашиб, айнан шарт бўлган ўринларни беэътибор қолдирадилар.

12. Бўлмаган нарсалар ҳақида сўраш
Амал қилиш мақсадида илм талаб этиш мақтовли хислатдир. Шундай экан, саволларни талашиб-тортишиш учун ўртага ташламаслик лозим. Аксар саҳоба ва тобеинлар бўлмаган нарсалар ҳақидаги саволларини хуш кўрмас ва уларга жавоб қайтармасдилар. Амр ибн Муррадан ривоят: Умар разияллоҳу анҳу одамлар олдига чиқиб дедилар: “Биздан бўлмаган нарсалар ҳақида сўраб-суриштиришингиз сизларни тангликка солиб қўяди. Биз бўлиб ўтган нарсалар билан шуғулланайлик”. Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Бўлмаган нарсалар хусусида савол берманглар. Мен Умар разияллоҳу анҳунинг бўлмаган нарсалар ҳақида сўровчи кимсани лаънатлаганини эшитганман”. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан савол сўрасалар: "Шу нарса бўлдими?" деб сўрардилар. "Йўқ", десалар, "Бўлгунигача уни қўя туринглар!" деб жавоб берардилар. Масруқ айтадилар: Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан бир нарса ҳақида сўрадим.
- Бўлган ҳодисами? - сўрадилар Убай разияллоҳу анҳу.
- Йўқ!
- Унда содир бўлгунига қадар бизни тек қўйинг. Ўша воқеа бўлсин, кейин фикримизни айтамиз...
Шаъбий айтадилар: Аммор разияллоҳу анҳудан бир масалани сўрашди:
- Бу содир бўлган ҳодисами? - дедилар Аммор разияллоҳу анҳу.
- Йўқ! - дейишди сўровчилар.
- Ўша масала юзага чиққунига қадар бизни тинч қўйингиз. Қачон ҳаётда учраса, уни ўрганиб чиқиб, жавобимизни айтамиз.
Бу ҳақда яна кўплаб машҳур нақлларни келтириб ўтиш мумкин.

13. Саҳобалар амал қилиш ниятида савол беришган
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари[6] баъзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқда бўлган ҳолатларида дуч келиб қолиши кутилган вазиятлар ҳақида савол беришар эди. Улар барча ҳолатларда Аллоҳ таоло ҳукми билан иш юритишга интилганлар. Шу туфайли ўша ҳолатда нима қилиш кераклигини билишлари учун савол сўрашган. Рофе ибн Худайж разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим:
- Ё Расулуллоҳ! Эрта бир кун душманга рўбарў бўлишни кутаяпмиз. Ёхуд шундан ҳавфсираяпмиз. Ёнимизда пичоқ йўқ. Ўшанда бирон ҳайвонни сўйсак бўладими?
- Қони оқизилиб, Аллоҳ исми зикр қилинган жонлиқ гўштини енглар. Фақат тиш ва тирноқ билан ўлдирилмаган бўлсин. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ! Биз денгизга чиққанимизда ёнимизда сув кам бўлади. Агар у билан таҳорат олсак, кейин чанқаб қоламиз. Денгиз сувида таҳорат қилсак бўладими?
- Денгиз суви тоза ва унинг ўлимтиги ҳалолдир. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоятлари).

14. Шариат аҳкомларига бўйсуниб, уларни тўла-тўкис адо этмоқ нажот ва муваффақият йўлидир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларига бўйсунмаган ва мудом исён-маъсиятда юрган қавмлар ҳолига тушиб қолишдан бизни огоҳлантирдилар. Ўтган умматлар қилмишларига яраша жазо олганлар: Улар азобга дучор этилганлар ёхуд зиммаларига янги-янги вазифалар юкланган. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига фазлу марҳамат кўрсатиб, уларга қуйидаги сўзларни ўргатди: "Эшитдик ва итоат этдик! Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз. Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга бизлардан илгари ўтганларнинг бўйнига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага буюрма! Бизларни авф эт, бизларни мағфират қил, бизга раҳм айла! Ўзинг Хожамизсан! Бас, Ўзинг бизни кофир қавм устидан ғолиб қил!" (Бақара сураси, 285-286-оятлар).
Сўзида ва амалида содиқ бўлган мўминлар ушбу улкан фазл-марҳамат билан дунёю Охират саодатига эришадилар. "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва бўйсундик", демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчидирлар. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига бўйсунса, бас, ана ўшаларгина бахт-саодатга эришувчилардир". (Нур сураси, 51-52-оятлар).
Содиқ мўминлар Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга айтган сўзларини асло такрорламаслар. Мусо алайҳиссалом қавмига шаҳарга кириш буюрилганида улар бундай дедилар: "Эй Мусо! Модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кирмагаймиз. Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб турамиз". (Моида сураси, 24-оят).
Саркаш қавм қилмишига яраша жазоланди: "Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ер юзида адашиб-улоқиб юрурлар". (Моида сураси, 26-оят).
Улар исёнлари сабабли яна бир қанча лазиз неъматлардан маҳрум қилиндилар: "Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан тўсганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик". (Нисо сураси, 160-оят).

15. Ихтилоф ва келишмовчиликдан эҳтиёт бўлайлик. Дин бирдамликка ундайди
Аллоҳ таоло мўминларни битта уммат дея тавсифлади: "Албатта ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен Парвардигорингизман. Бас, Менга ибодат қилингиз". (Анбиё сураси, 92-оят).
Куфр, ширк, зулм ва ёмонлик кучлари қаршисида бир тану бир жон бўлиб туришлари учун мусулмонлар ўзаро бирлик-бирдамликка қаттиқ эътибор бермоқлари лозим.
Аллоҳ ва Унинг Расули бизни ихтилофдан жуда эҳтиёт бўлишга буюрди. Ўзаро келиша олмаган қавм ҳақиқий душманга қарши курашиш ўрнига бир-бирининг гўштини ейиш ва турли-туман гуруҳларга бўлиниб, ички уруш-жанжални авж олдириш билан банд бўлади. Бундай тубанлик куфр сари етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мендан кейин бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич соладиган кофир бўлиб кетмангиз!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Гуруҳбозлик ва ички низоларга берилиш куфр йўлини тутган аҳли китоблар одатидир: "Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улкан азоб бордир". (Оли Имрон сураси, 105-оят).

16. Жамоатни тарк қилган ва ихтилофга сабаб бўлган кимсанинг жазоси - ўлим!
Мусулмонлар бирлигига путур етказиб, улар орасига тарқоқлик ва ихтилоф уруғини сочган кимсани бу дунёда ўлим жазоси, Қиёматда эса жаҳаннам оташи кутиб турибди: "Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин Пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир, у!" (Нисо сураси, 115-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Итоатдан чиқиб, жамоатдан ажралган ҳолда вафот этган кимса жоҳилият ўлимини топибди". (Муслим ривоятлари).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар ўртасига ихтилоф ва тарқоқлик олиб кирувчи кимсани ўлдиришга буюрганлар.

17. Аллоҳ таолонинг шариатини маҳкам ушлаш мусулмонларни бирлаштиради
Башарият учун зарур саналган барча хайр-яхшилик асослари Аллоҳ таоло китобида битиб қўйилган. Қуръони каримдаги мужмал-умумий ўринлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида батафсил баён этилган. Шу боис, Ислом уммати ўз бирлик-бирдамлигини тўла маънода юзага чиқариши учун фақат Китобу Суннатга қайтмоғи шарт. "Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз ва бўлинмангиз". (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Аллоҳ таоло Ўзининг ана шу улуғ неъмати ила мусулмонларни бирлаштирди, уларни азизу мукаррам этди. "Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: Бир-бирингизга душман эдингиз, У Зот дилларингизни ошно қилиб қўйди ва сизлар Унинг неъмати сабабли дўст-биродарларга айландингиз". (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Фақат Аллоҳ таоло ҳидояти ила уммат нажот топиб, икки дунё саодатига эришади. "Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди". (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ақл сўзига қулоқ бериб, ҳаёт тажрибаларидан тўғри хулоса чиқарган миллат Аллоҳ ва Унинг Расули амрига тўлиқ итоат этса, ўша умидбахш ҳидоятга сазовор бўлади. "Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади". (Оли Имрон сураси, 103-оят); "Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўюр. Шояд тақво қилсангиз деб, сизларни мана шу нарсага буюрди". (Анъом сураси, 153-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизларга икки нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам ушласангиз, ҳаргиз адашмассиз: Улар Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатим". (Ҳоким ривоятлари).

18. Диндаги ихтилоф
Умматни парчалаб, унинг бирлигига путур етказувчи энг асосий сабаблардан бири талашиб-тортишиш ва диндаги шубҳа-гумонлардир. Ихтилоф ва турли тортишувлар натижасида бирдамликка путур етади, маслаклар ўртасида жарликлар пайдо бўлади. Шунинг учун Қуръони карим бизни фақат Аллоҳ таолонинг шариати асосида иш юритишга буюради. Бу илоҳий шариат Одам алайҳиссаломга туширилган ваҳийдан бошланиб, набийлар сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил этилиши билан камолига етди. Мусулмонлар Аллоҳ таоло шариатидаги барча ҳукмларга тўла бўйсунадилар ва уни ҳар қандай бидъат-қўшимчадан пок тутадилар. Зотан Исломнинг асл асосларига, қатъий ҳукмли ояту ҳадисларга қарама-қарши келган неки ижтиҳод бор, ҳаммаси рад этилур. "Аллоҳ сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга ваҳий қилган нарсани ҳамда Биз Иброҳим, Мусо, ва Ийсога буюрган нарсани шариат-қонун қилди: "Динни барпо этинглар ва унда фирқа-фирқа бўлманглар!" (Шўро сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ўрганишга ва унинг маъноларини чуқур тушунишга чақирдилар. Чунки мусулмонлар Аллоҳнинг китоби асосида ҳаёт кечирадилар. Бироқ Қуръонни тушунишда ихтилоф келиб чиқса-чи? Айни ихтилофлар баъзан катта-катта низоларга сабаб бўлади. Бундай ҳолатларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон баҳсини тўхтатишга буюрганлар. Эҳтирослар босилиб, фикрлар ва қалблар тиниқлашгач, мўминлар Аллоҳнинг китобини ўрганишга яна ўтирадилар. Жундуб ибн Абдуллоҳ Бажалий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Модомики, қалбларингиз Қуръон устида бирлашаётган экан, уни ўқингиз. Агар талашиб-тортишиб қолсанглар, Қуръон устидан туриб кетинглар!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётганларида асҳобларининг адашиб-улоқиб кетмасликлари учун уларга бир саҳифа ёзиб бермоқчи бўлдилар. Аммо саҳобалар: "Ёздирамизми ёки йўқ?!" деб ўзаро тортишиб қолишгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳифани йиртиб ташладилар ва уларни ҳузурларидан чиқариб юбордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан низонинг олдини олган эдилар. Зеро, барча ҳасрату йўқотишларга келишмовчиликлар сабаб бўлади. Саҳобалар тортишуви натижасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги кўрсатмалари ёзилмай қолганини Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу улкан бахтсизлик деб атадилар. (Бухорий ривоятлари).
Юқорида айтиб ўтилган ҳақиқатга яна бир бор қайтайлик: ўтган умматлар динда талашиб-тортишишлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари сабабли ҳалокатга юз тутганлар.

19. Ҳавою хоҳишга қул бўлишнинг хатари
Ҳавою хоҳиш, шахсий манфаат, қайсарлик ва зулм-зўравонлик диндаги ихтилофларга асосий сабабчи бўлиб қолса жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Динда ихтилоф қўзғаб, мусулмонларни бир қанча фирқаларга бўлиб юборишни кўзлаётган кимсаларни Аллоҳ таоло мусулмонлар сафига қўшмади ва пайғамбарини улардан мутлақо пок деб эълон қилди: "Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсаларга сизнинг ҳеч ҳам алоқангиз йўқ. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур". (Анъом сураси, 159-оят).
Ҳеч қандай далил-асосга суянмайдиган бундай ихтилофлар замирида улкан хатарлар яшириниб ётади. Ахир ўтган умматлар айнан мана шу асоссиз ихтилофлар сабабли ҳалокатга юз тутмаганмиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Сизлардан аввалгиларни кўп савол беришлари ва пайғамбарларига қарши чиқишлари ҳалок қилди".
Қуръони карим ҳам айни нуқтага бот-бот эътибор қаратади: "Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!" (Оли Имрон сураси, 105-оят); "Китоб ато этилган кимсалар фақат уларга очиқ ҳужжат келганидан кейингина бўлиниб кетдилар". (Баййина сураси, 4-оят).
Бироқ аниқ ва қатъий далилга асосланган баҳс-мунозара юқоридаги асоссиз мунозаралар қаторига қўшилмайди. Чунки асосли тортишувлар асл-асосларда эмас, тармоқ ҳисобланувчи масалаларда бўлади ва улар ҳеч вақт уммат бирлигига путур етказмайди. Аслида бу ҳурфикрлилик белгисики, унда шариат аҳкомлари ва асослари ўз кафолатини топади. Фақат ҳақ деб билган нарсасигагина эргашувчи умматнинг тўғри йўл тутаётгани – ҳақлиги ана шу ерда ўзининг рамзий ифодаси билан намоён бўлади. Мусулмонлар аниқ ва кучли асосга эга бўлган нарсанигина қабул қиладилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир кишининг оят ўқиётганини эшитдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айни оятни бошқача ўқиганларини эшитган эдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ҳалиги кишининг қўлидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келдилар. Бир ривоятда: «Мен Расулуллоҳга хабар бердим ва у зотнинг юзларида норозилик аломатларини кўрдим», дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Ҳар икковингиз тўғри ўқияпсиз. Ўқийверинглар! Ихтилоф қилманглар! Сизлардан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар!" (Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар иккала саҳобийнинг қироатини маъқулладилар. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам қатъий далилга асосан Қуръон ўқиётган эди. Маълумки, Қуръони карим араб лаҳжаларининг бир нечтасида нозил бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ-ойдин далил қоим бўлганидан кейин ҳам талашишда давом этишдан қайтардилар. Чунки қатъий ҳужжатни кўра-била туриб, яна баҳсга киришиш ҳавойилик белгисидир.

20. Ҳадисдан олинган ҳукм
Мол-давлати кифоя қиладиган, йўл юришга қодир ва ҳеч қандай асосли узри бўлмаган кишига умрида бир марта ҳаж қилиш фарз саналади.

 

 



  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио