Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

294-боб. Ўзи ё боласида ёки молида ёхуд бошқа нарсаларида бирор ажабланарли ҳолатни кўрганида, унга кўз тегиб зарарланишидан қўрққанида айтиладиган зикрлар

828/1. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегиши ҳақиқатдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

829/2. Умму Саламадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида хизматкор қизни кўрдилар. Унинг юзида доғи бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга дам солиб қўйинглар, чунки кўз тегибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

830/3. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегиши ҳақиқатдир. Бирор нарса қадардан олдин бўлса, кўз тегиши ундан ҳам олдин бўлади. Агар ювинсаларингиз, кўз теккан кишини у сув билан ювинглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Уламолар: «Кўзи билан урган кишига «Кийим остидаги баданингни ювиб, унинг сувини кўз теккан кишига қуйгин», дейилади», деб айтишади.

Оишадан (р.а.) собит бўлган ривоятда келтирилишича, кўзи билан урган киши таҳорат қилиб, сўнгра кўз теккан киши ўша таҳорат сувида ювинишга буюрилган. Абу Довуд ривоятлари.

Бу ҳадис Имом Бухорий ва Муслим шартларига биноан саҳиҳдир.

 

831/4. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиндан ва кишиларнинг кўзи тегишидан паноҳ тилаб юрардилар. Қачонки, икки «Қул аъузу» суралари нозил бўлганида у зот икковини ўқиб, қолганини тарк қилдилар. Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривояти.

 

832/5. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнларга паноҳ тилаб,

 «Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ», дуосини ўқиб паноҳ тилар ва: «Бу дуо отангиз Исмоил ва Исҳоқ алайҳимассаломларнинг паноҳ тилайдиган дуолари эди», деб айтар эдилар. (Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўздан сизларга паноҳ тилайман.) Имом Бухорий ривоятлари.

833/6. Саид ибн Ҳакимдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бирор нарсада кўз тегишидан қўрқсалар,

 «Аллоҳумма борик фийҳи вала тазурраҳу», деб айтардилар. (Маъноси: «Аллоҳим, унда барака бериб, зарар бермагин».) Ибн Сунний ривоятлари.

 

834/7. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бирор нарса кўриб ажабланса,

 «Ма шааллоҳу ла қуввата илла биллаҳи», деса унга зарар етмайди», дедилар. (Маъноси: «Аллоҳ хоҳлагани бўлади. Аллоҳдан бошқа қувват йўқ».) Ибн Сунний ривоятлари.

 

835/8. Саҳл ибн Ҳунайфдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз нафсида ва молида бирор нарса кўриб, уни ажаблантирса, барака тилаб дуо қилсин, чунки кўз тегиши ҳақиқатдир», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари.

 

836/9. Омир ибн Робийъадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларнинг бирингизни нафси ва молида бирор нарса ажаблантирса, барака тилаб дуо қилсин», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари.

Абу Муҳаммад қози Ҳусайн «Ат-Таълиқ фил мазҳаб» номли китобларида зикр қилишларича, набийлардан бири кунларнинг бирида ўз қавмига назар солди. Уларнинг кўплиги набийни ажаблантирди. Шунда улардан етмиш мингтаси вафот этди. Аллоҳ таоло: «Сенинг кўзинг тегди. Агар кўз тегишидан уларни ҳимоя қилганингда ҳалок бўлишмас эди», деб ваҳий қилди. Набий: «Қайси нарса ила уларни кўз тегишидан ҳимоя қиламан?» деганида, Аллоҳ таоло

 «Ҳассантукум билҳаййил қоййум аллазий ла ямуту абадан, ва дафаъту ъанкум сув‘а била ҳавла вала қуввата илла биллаҳил алиййил азийм», деб айтишни ваҳий қилди. (Маъноси: «Абадий ўлмайдиган Ҳайй ва Қоййум сифатли зот ила сизларни ҳимоя қиламан. Улуғ ва олий ҳамда куч-қувватда тенгги йўқ зот Аллоҳ билан сизлардан ёмонликни даф қиламан».)

Қози Ҳусайн одатларига кўра агар дўстларига назар солсалар, уларнинг қиёфаси ва ҳолати ажаблантирса, мана шу дуо билан уларни ҳимоя қилардилар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио