1112. Уқба ибн Омир Жаҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У кўриниши мусулмонга ўхшаган бир кишининг олдидан ўтди. У салом берди. «Ва алайка ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деб алик олди. Шунда хизматчи бола унга:
«У киши насроний эди», деди.
Уқба туриб, унинг ортидан етиб борди ва:
«Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти мўминларгадир. Лекин Аллоҳ сенинг умрингни узоқ, давлатингни мўл, фарзандларингни кўп қилсин», деди».
1113. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Агар Фиръавн менга «Барокаллоҳ» деса мен ҳам унга «Барокаллоҳ» дер эдиму, у ўлиб кетган-да».
1114. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яҳудийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёлғондан акса уриб, У зотнинг «Ярҳамукумуллоҳ (Аллоҳ сизларга раҳм қилсин)» дейишларини умид қилар эдилар. Бироқ У зот:
«Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишингизни ислоҳ қилсин)» дер эдилар».
|