893. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги уйларининг олдида ўтирган эдилар. Усмон ибн Мазъун ўтиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тишини кўрсатиб табассум қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўтирмайсанми?» дедилар.
«Хўп», деб ўтирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўпарасига ўтирдилар. Икковлари гаплашиб турганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирдан осмонга қарадилар ва:
«Ҳузуримга ҳозир Аллоҳнинг элчиси келди. Сен ўтирганингда», дедилар.
«У сизга нима айтди?» деди.
«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда бағйидан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», дедилар».
Усмон айтди: Ўшанда иймон қалбимда қарор топди ва Муҳаммадга муҳаббат қўйдим».
|